Image default
Жиноят ва жазо

ҲАЁТ КИНОМАСЁХУД МАШИНА ЎҒРИСИ 10 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

Жорий йилнинг 30 январь куни “Олмалиқ шаҳрида машина ўғрилари чиқибди” деган шум хабар кўпчилик ҳайдовчиларда ваҳима уйғотди. Чунки шу куни ОКМК АЖ МОФ-3(Мис бойитиш фабрикаси)нинг автомобиллар тураргоҳидаги ўндан ортиқ автотранспорт воситалари ойналари синдирилиб, ичидаги пуллар ўғирланган, шунингдек, “ВАЗ 2106” русумли автомашина ҳам ўғирлаб кетилган эди.

Қонунни ҳимоя қилувчи ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида пул ва машина ўғриларининг қилмиши фош этилди.
Оҳангарон туманининг Қуюн маҳалласида истиқомат қилувчи 19 ёшли Дилёрбек Тохиров Мис ва симни қайта ишлаб чиқариш фабрикасида 2022 йилнинг 20 декабрь кунидан оддий ишчи бўлиб ишлаб келар, ойлик иш хаққи 3.500.000 сўмни ташкил қиларди. Бир куни у телефони орқали машина ўғрилари ҳақидаги канофильмни томоша қилиб, миясида аллақандай ғоялар уйғонди. Тўғрироғи, шайтон йўлдан ургани шу бўлса керак.
Кино сюжетидан қаттиқ таъсирланган Дилёрбек 2023 йил 30 январь куни соат тахминан соат 16:00ларда транспорт воситасини олиб қочиб, сотиб юбориш мақсадида, Олмалиқ кон металургия комбинати МОФ-3 (мис бойитиш фабрикаси)нинг автомобиллар тураргоҳига бориб, Т.Худойқуловга тегишли “ВАЗ 2106” русумли автомашинанинг олд ўнг ойнасини синдириб очиб, автомашинани бошқариб кетаётган вақтда автомашина ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда юрмай қолганлиги сабабли, автомашинани тураргоҳда қолдириб, унинг бар қисмида бўлган 1.200.000 сўм пулларни ўғирлаб қочди.
Бундан ташқари, Д.Тохиров жиноий ҳаракатини давом эттириб, 2023 йил 22 февраль куни соат 01:00ларда, “МОФ-3”нинг автомобиллар тураргоҳидаги 5 та «Дамас», 1 та “Лада гранта”, 5 та “Кобалт”, 1 та “Nexia”, 3 та “Нексия-3”, 1 та “Несия-2” русумли автомашиналарнинг ойналарини синдириб, жами 15 нафар фуқаронинг машиналаридаги пулларни ўғирлаб, бир вақтнинг ўзида умумий ҳисобда 40.100.002 сўм моддий зарар етказган ва ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Бундан ташқари, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шу йилнинг 23 февраль куни соат тахминан 03:45ларда, “МОФ-3”нинг автомобиллар тураргоҳига бориб, “Спарк” русумли автомашинанинг орқа ўнг томондаги ойнасини синдириб очди ва автомашина ичида қолдириб кетилган калитни топиб, автомашинани ушбу калит ёрдамида ўт олдириб текшириб кўрди. Машина эҳтиёт қисмларини сотиб олувчи шахс аниқ бўлмаганлиги ва айнан қаерга олиб боришни режалаштирмаганлиги сабабли, автомашинанинг мазкур тураргоҳда қолдириб, машинадаги 10.000 сўм пулни ўғирлаб, машина эгаси Б.Жумагуловга 210.000 сўм моддий зарар етказган ҳамда машина калитини ўзи билан олиб воқеа жойидан қочган.
Бундан ташқари, у 25 февраль куни соат 01:00да ўзининг жиноий шериги Фарруҳ Абдумўминов билан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлиб, “МОФ-3”нинг автомобиллар тураргоҳига борган ва Б.Жумагуловга тегишли “Спарк” автомашинасини дастлаб жиноий йўл билан қўлга киритган калит орқали очиб, ушбу автомашинани олиб қочган. Шундан сўнг, улар биргаликда мўмайгина даромад кўриш мақсадида, автомашинани қисмларга бўлиб сотиб юбориш учун қулай шароит ёки харидор топа олмагандан сўнг, уларнинг ёнига келиб қўшилган Афзалбек Умуркулов билан жиноий тил бириктириб, Оҳангарон тумани “Шавқия” МФЙда яшовчи Жаҳонгир Мелхозиевнинг хонадонида ўғирлик содир этиш мақсадида, у ерга борган. Аммо хонадонда Ж.Мелхозиевнинг борлигини билиб, жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, бошқарувидаги “Спарк”ни “МОФ-3”нинг автомобиллар тураргоҳига қайтадан олиб бориб қўйган.
Бундан ташқари, Дилёрбек 27 февраль куни соат 16:30ларда, такроран, “МОФ-3”нинг автомобиллар тураргоҳига бориб, “Спарк”ни дастлаб жиноий йўл билан қўлга киритган калит ёрдамида очиб, автомашинани олиб қочган ва Олмалиқ шаҳар ДСК ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, шаҳар ИИБ ЖҚБ ва Тошкент вилояти ИИББ 2-Минтақавий ҳудуд ППХ отряди ходимлари томонидан тўсиб ушланган.
Афзалбек Умурқулов ва Дониёр Шокиров танишлари Д.Тохиров ва Ф.Абдумўминовлар томонидан 25 февраль куни соат 01:00ларда “МОФ-3”нинг автомобиллар тураргоҳидан Ботир Жумагуловга тегишли “Спарк”ни олиб қочганликларидан хабари бўла туриб, бу ҳақда тегишли органларга хабар бермасдан, содир этилган оғир жиноятни қасддан яширишган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460, 462-463, 465-468, 471-473-моддаларига асосан, суд Дилёрбек Тохировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “а,б,г” бандлари, 169-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “а,б,г” бандлари билан 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
ЖКнинг 59-моддаларига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 10 (ўн) йил (олти) ой муддатга озодликдан маҳкум этиш жазоси тайинланди.
Жиноятни била туриб қасддан яширган Дилёрбекнинг ҳамтовоқлари ҳам жазодан бенасиб қолмади. Суд уларга ҳам қуйидагича жазоларни қўллади.
Фарруҳ Абдумўминов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари, 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 5 (беш) йил (олти) ой муддатга озодликдан маҳкум этиш жазоси тайинланди.
Афзалбек Умурқулов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 241-моддаси 2-қисми, 25,169-моддаси 2-қисми “в,г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 2 (икки) йил 1 (бир) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Дониёр Шокиров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 241-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Жабрланувчи Б.Жумагулов, Н.Ҳолиқов, Х.Ботиров, И.Рустамов, Р.Хамраев, А.Хабибуллаев, Т.Норсоатов, Ш.Тойбоев, Д.Эркинов, Х.Турдиев, Б.Қўзиев, М.Файзуллаев, Ж.Мелхозиев, А.Махаммадиев, Ф.Фармонов, Т.Худойқулов, З.Адизов, Н.Пулатов, Ф.Ахмедов, М.Тангмуродов, С.Шухратовларга етказилган зарар судланувчи Дилёрбек Тохировдан ундирилиши белгиланди.

Авазбек Туйчиев,
шаҳар прокурори ёрдамчиси.

МАВЗУГА ОИД

АРЗИМАС ЖАНЖАЛ — ЧАҚИРГАН АЖАЛ

admin

ВАЛЮТАФУРУШ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

admin

ЖЎРАЛАРНИНГ КАЙФУ-САФОСИ ҚОТИЛЛИК БИЛАН ТУГАДИ

admin

Ишсизлик – ўғриликка қадам(ми?)

admin