Image default
Жамият

“ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ” КОРХОНАСИ СИНОВЛАРГА ТАЙЁРМИ?

Сўнги йилларда электр қувватига нисбатан ошиб бораётган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, истеъмолчиларга электр етказиб беришни сифатли таъминлаш, режадан ташқари ўчиришларнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда ёки қилинади? Шаҳар “Электр таъминоти” корхонаси билан бирга истеъмолчилар куз-қиш мавсумининг синовларига тайёрми?

Бу каби саволларга шаҳар “Электр таъминоти” корхонаси бошлиғи Муродилла Юсупов жавоб берди.

– Авваломбор ўқувчиларимиз, истеъмолчиларга тушунурли бўлиши учун шаҳримиз иқтисодий, ижтимоий тармоқлари ва аҳолини электр энергетикаси билан таъминлаш тизими ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
– Олмалиқ шаҳар электр таъминоти тасарруфида 4 дона нимстанция мавжуд бўлиб, булар 110/6 “Н.Терасса”, 35/6 “Гўзал», 35/6 “Кончи” ва 35/6 “Теракли” нимстанцияларидир. Истеъмолчиларга 32 дона 6 кВ ли ҳаво ва кабел тармоқлари ҳамда ушбу тармоқлардан уланган ва корхонамиз томонидан тасарруф қилиб келинадиган 192 дона 6/0,4 трансформатор пунктлари орқали электр энергияси таъминоти амалга ошириб келинади. Бундан ташқари шаҳар электр таъминоти тасарруфида 398,2 км ли 0,4 кВ ҳаво тармоғи, 119,7 км ли 0,4 кВ кабел тармоғи, 76,3 км узунликдаги 6 кВ ҳаво тармоғи, 93,4 км.га тенг 0,4 кВ кабел тармоғи, узунлиги 151,161 кмдан иборат 110 кВ ҳаво тармоғи ва 33,56 км масофага тортилган 35 кВли ҳаво тармоқлари мавжуд. Кўриб турганингдек ҳидсиз, рангсиз, лекин ниҳоятда зарур бўлган электр токи таъминоти йўлида ниҳоятда катта энергетика қурилмалари ва кабел тармоқларига хизмат кўрсатиб келмоқдамиз.
– Электр энергияси истеъмолчилари билан ишлар қандай йўлга қўйилган? Саноат, коммунал, бюджет ташкилотлари ва аҳоли билан шартномалар тузиш, уларда белгиланган шартларнинг бажарилишини таъминлаш, дебитор ва кредитор қарзларни камайтириш борасида қандай амалий ишлар қилинди?
– Электр таъминоти корхонасининг 39 692 та истеъмолчилари мавжуд бўлиб, шундан 1 819 таси улгуржи ва 37 873 таси аҳоли истеъмолчилари ҳисобланади. Бугунги кунга келиб шаҳримиз истеъмолчилари томонидан ўрта ҳисобда бир ойда жами 170,0 млн кВт энергия сарф қилинмоқда. 2023 йил 28 октябрь ҳолатига келиб жами истеъмолчиларда 251,330 млрд. сўмлик электр энергия учун маблағ ундирилган. Айни шу сана ҳолатида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси учун қарздорлик 4275,6 млрд.сўмни, шундан муддати ўтгани 2043,2 млрд.сўмни ташкил қилмоқда.
– Энергетик локаутга йилдан-йилга дуч келаяпмиз. Глобал танқислик энергетика инқирозига яна таъсир ўтказиши табиий. Куз-қиш мавсумида яна ўтган йилдаги каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўрилди?
– 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан 2023 йил режасига шаҳримиздаги аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини мустаҳкам электр энергия билан таъминлаш мақсадида, 32 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш, 160 дона трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш, 4 та нимстанцияни жорий тамирлаш, 63 км 0,4-6 кВ ҳаво тармоқларида мукаммал таъмирлаш, 329,86 км 0,4-6 кВ ҳаво тармоқларида жорий таъмирлаш вазифалари киритилган. Айни кунга келиб 32 дона трансформатор пунктлари, 63 км 0,4-6 кВ ҳаво тармоқларида кўзда тутилган мукаммал таъмир ишлари якунига етказилди, 160 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди. 329,86 км.дан зиёд 0,4-6 кВ ҳаво тармоқлари жорий таъмирланиб, салқи симлар тортилди, симларга талофат етказиши мумкин бўлган дарахт шохларидан тозаланди. Бундан ташқари 4 та нимстанцияда жорий таъмир ишлари олиб борилиб, эстетик ҳолати яхшиланишига эришилди. Олмалиқ шаҳар электр таъминоти тасарруфидаги 110/6 “Н. Терасса” нимстанциясининг Т-2 трансформатори жорий йилнинг мукаммал таъмир режасига тушган. 110/6 “Н. Терасса” нимстанциясининг Т-1,2 трансформаторга қўшимча равишда трансформатор ёғи қуйилди, Т-2 траснформатор дифференциал ҳимояси янгиланди, реле ҳимоялари ва контактлари текширилиб, мукаммал таъмирланди. КРУН 6 кВ ташқи томони бўялди. 110/6 “Н. Терасса” нимстанциясининг 6 кВли мойли ўчиргичларнинг мойлари алмаштирилиб, реле ҳимоялари ва контактлари текширилди. 110/6 “Н. Терасса” нимстансияси тўлиқ бўялди, ҳудудга шебен тўшамаси ёйилди. Шаҳар электр таъминоти тасарруфидаги 2023 йил жорий таъмир режасига тушган 35/6 “Гўзал” нимстанциясининг реле ҳимоялари ва контактлари текширилди. 35/6 “Гўзал” нимстанциясининг 6 кВли мойли ўчиргичларининг мойлари алмаштирилди, реле ҳимоялари, контактлари текширилди. Шунингдек,тасарруфимиздаги 2023 йилги жорий таъмир режасига тушган 35/6 “Кончи” нимстанциясининг реле ҳимоялари ва контактлари текширилиб чиқилишига муваффақ бўлинди. Мазкур нимстанциясининг 6 кВли мойли ўчиргичларнинг мойлари алмаштирилди, реле ҳимоялари, контактлари текширилди. Шу нимстанциянинг 35 кВли мойли ўчиргичларида ҳам юқоридаги каби ишлар бажарилди. 35/6 “Теракли” нимстанциясида ҳам 2023 йил жорий таъмир режасида кўзда тутилган барча тадбирлар амалга оширилди. Шаҳримизда давлатимиз раҳбарининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-408-сонли қарорига мувофиқ «Теракли», Сўфи Оллоёр, Темур Малик МФЙлари ҳудудларидаги электр энергияси таъминоти қурилмаларида реконструкция ҳамда модернизация ишлари амалга оширилди.
– Қатор йиллардан бери хусусий хонадонларда яшовчилар ва кўп қаватли уйлар эгалари билан ҳисоб-китобларни самарали йўлга қўйилмаётгани, абонент бўлимида ҳадсиз узун навбатлар юзага келиши ҳақида эътирозлар келиб тушмоқда. Бунга барҳам бериш учун нималар қилинди?
– Ҳозирги кунда истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўловларини ҳисоб-китоб қилиш жараёнини мукаммаллаштириш ва аниқлаштириш, истеъмолчи бўлимида истеъмолчиларни навбатда туриши ҳамда вақтини тежаш мақсадида аҳолига АСКУЭ (Электр энергияси ҳисоби назоратини автоматлаштирилган тарзда олиб бориш) тизимидаги электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Бунга кўра истеъмолчи электр энергияси учун олдиндан тўлов амалга оширган ҳолда электр энергиядан фойдаланади. Истеъмолчининг ҳисобидаги пул маблағи камайиши ҳисобдаги ҳолат бўйича истеъмолчи уяли алоқа ёрдамида уйда ўтирган ҳолда аниқлик кирита олади ҳамда ўз ҳисобига пул ўтказмаларни ўтказиш имкониятига эга.
– Муқобил энергия қурилмаларини жорий этишда қайси йўналишга истиқболли сифатида қаралмоқда ва бу борада қандай ишлар амалга оширилаяпти?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сонли қарорига асосан 11 та (режа 65 та) ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига 428 кВт/соат қуёш панеллари ўрнатилди (шаҳар ҳокимлиги – 20 кВт, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиалига — 50 кВт/соат, Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига — 15 кВт/соат, Давлат солиқ инспексияси — 10 кВт/соат, Саноатқурилишбанк – 15 кВт/соат, Электр тармоқлари корхонаси – 5 кВт/соат, Ободонлаштириш бошқармасига тегишли бўлган кўча ёритиш чироқларига – 298 кВт/соат, 10-умумий ўрта таълим мактаб биносига – 15 кВт/соат). Шаҳримиздаги 15 та йирик корхоналар ва 45 нафар аҳоли хонадонларига 48 кВт/соат кучланишли қуёш панеллари ўрнатилди. Шаҳарда жойлашган 15 та йирик истеъмолчилар (ойлик истеъмоли 1,0 кВт юқори бўлган) томонидан 20 % га электр энергиядан иқтисод қилишларининг ўзи 488,9 минг кВт электр энергияси тежамкорлигига олиб келди. Замонавий муқобил энергия қурилмаларини жорий этиш, электр энергияси таъминотида юзага келган масалалар ечими юзасидан ҳамшаҳарларимиз 70-6138974 ва 70-6138942 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари ва ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисларимиз дан зарур жавобларни олишлари мумкин.Куз-қиш мавсумининг синовли кунларида энергия манбаларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, электр қурилмаларини очиқ, қаровсиз қолдирмасликлари, аварияларга олиб келадиган ҳолатларда корхонамиз диспетчерлик хизмати ҳамда қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида шаҳар ҳокимлигида 7/24 соат иш режимида ишловчи “Шаҳар штаби”нинг телефон рақамларига мурожаат қилишларини сўраб қолган бўлардим.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Ҳасан Абдуллаев,
суҳбатлашди.

МАВЗУГА ОИД

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг VI чақириқ L сессияси

admin

ҲОКИМ ЁРДАМЧИЛАРИ ЙИЛ ДАВОМИДА НИМАЛАР БИЛАН БАНД?

admin

«ЧЕТРОҚ ТУРИНГ, РУЛДА АЁЛЛАР!»

admin

ОЛМАЛИҚДА «ЯНГИ ОЙ» ПАЙДО БЎЛДИ(МИ?)

admin