Image default
Жамият

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁХУД ҚАҲРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

«…Ҳаётим шоколад бўлакларидан ясалган мозаикадек, ҳар бир бўлакнинг ўзига хос таъми бор” — ҳикоясини шундай бошлаган инсонни сиз албатта, охиригача эшитасиз. Чунки у бошқача гапиради, бошқача ўйлайди, бошқача одам — кучли одам…
Бинафшаранг фиалкалар қуршаб олган шинамгина хона… Соҳир куз жилолари билан фиалка ранглари қоришиб, ТАБИАТ деган рассомнинг энг гўзал шоҳ асарига айланган бир паллада қаҳрамоним билан суҳбатга киришаман…

Ортиқча дабдабаларсиз… бегидир, самимий суҳбат…
Ҳаёт ва шоколадни бежизга олмадим тилга. Суҳбатдошимнинг тийнатидан сездимки, у ҳаётининг ҳар бир лаҳзасидан сабоқ олиб яшаган. У ютуқлар бўладими ёки муваффақиятсизликлар, уларнинг ҳар бирида унинг чун ҳаётнинг таъми бор эди…. Зарбалар қаршисида кўз ёшлар тўкмади демайман, улар уни янада саботли қила олди. Шу онда Румийни эслайман: “Гиламни қанчалиқ қоқсангиз у гардлардан холи бўлгани каби инсонни ҳам қийинчиликлар тоблайди аслида”…

Қаҳрамонимиз — Умида Жалилова хақидаги очеркимизни шундай бошлашни лозим топдик…
Олийгоҳни миллий истиқлол ғояси, ҳуқуқ ва маънавият асослари йўналишида тамомлагач, илк фаолиятини 1994-98 йиллари Олмалиқ шаҳар халқ таълими бўлими кадрлар бўйича назоратчиси сифатида бошлаган Умида Жалилова кейинчалик Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти қўмитаси ташкилий ишлар бўйича етакчи мутахассиси бўлиб ишлади. 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар у “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши аппарати ташкилий ишлар бўйича етакчи мутахассиси бўлиб соҳа равнақи учун камарбаста бўлиб келмоқда.
Ўзининг касбий садоқати, фидойи ва жонкуярлиги туфайли 2015 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “EHTIROM NISHONI” билан тақдирланган қаҳрамонимиз ўтган ҳафта Касаба уюшмалари куни муносабати билан “Олмалиқ КМК” АЖнинг “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонига муносиб кўрилгани қувонарли, албатта.
-Касаба уюшмаси Кенгашлари меҳнаткашлар ҳуқуқ ва қизиқишларининг ҳимоячиси ҳисобланади. Шу маънода комбинат корхоналарида турли жабҳаларда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг манфаатларини таъминлаш, уларни бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар замирида ишчи-ходимларнинг турмуш даражасини ошириш, инсонларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини ва фаровонлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам эканлигига ишонтириш айнан бизнинг зиммамиздаги улкан вазифа деб биламан. Ишимизнинг мағзи ҳам, моҳияти ҳам шунда кўринади. Завод ва фабрикаларда оғир меҳнат шароитларида ишлаётган ишчилар ўзларини руҳлантирадиган, завқлантирадиган нарсаларга интилиши табиий ҳол албатта. Биз мана шу йўлда янги ғоялар асосида турли тадбирларни ўтказишда ташаббус кўрсатишимиз собитқадам бўлишни, фаолликни талаб қилади -, деб ўйлайман дейди ҳамсуҳбат қаҳрамонимиз.

ОИЛА — МЕН УЧУН ИЛҲОМ МАНБАИ…
“Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”…. Ясная Полянада Толстой қоралаган бу ёзишмалар бугун ҳам ўз теранлигини йўқотмаган. Мен буни Умида Жалилова ҳаёти мисолида яна бир карра ҳис қила олдим. Ҳам каръерада, ҳам оилада максималликка интиладиган қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Зоҳиджон Жалолов билан икки қиз ва бир ўғилни улғайтириб келишмоқда. Тўнғич фарзанд — Жамила Олмалиқ шаҳар касб-ҳунар мактабида таҳсил олаётган бўлса, Беҳруз ва Жасмина 5-умумтаълим мактабининг илғор ўқувчиларидан.

  • Ишда муваффақият бўлиши учун одамга қувват керак, бу оддий ва ўзгармас ҳақиқат. Ана ўша қувват, ана ўша илҳом манбаи ОИЛА мен учун. Фарзандларим мендан қувват, мендан мотивация олганлари каби, мен ҳам уларнинг ўқишда эришаётган ютуқларидан ўсаман, руҳланаман.
    Оила — бизни бошқарадиган компасдир. У юксак чўққиларни забт этишимизда илҳом манбаи ва қоқилганимизда тасалли бергувчи манзилдир, — дейди Умида Абдуқодировна.

МУВАФФАҚИЯТ ЭВЕРЕСТИ
Бир пайтлар отаси – Абдуқодир ота, онаси — фахрий педагог Хосият опани кумир деб билган Умида опа бугун ўзи ҳам фарзандлари, шогирдларининг кумирига айлана олди, дейиш мумкин. Ҳаётий қарашлари онасиникига монанд бўлган Умида опа “Мен ортимга ҳам, олдимга ҳам қарамасликка ҳаракат қиламан, мен юқорига, юксакликка қараб интиламан” деган жумлаларни бот-бот тилга олади.
“Агар от ўзининг қанчалик қувватга эга эканлигини билганида жиловлаб қўйишларига йўл қўймасди” дейишади тибетликлар. Дарвоқе, оптимизм, олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш, ўзининг қувваи ҳофизасини синаб кўриш каби фазилатларни яхши ўзлаштирган қаҳрамонимиз ҳаётсеварлиги билан киши эътиборини тортади.

МЕН ЭРГАШГАН ИНСОНЛАР…
Бу йил биз юртимизда касб байрамимиз бўлган 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини учинчи йил нишонламоқдамиз. Бу байрам менинг меҳнат фаолиятимда алоҳида ўрин тутади, мен учун бу узоқ кутилган сана. Ушбу сана муносабати билан фаолиятимнинг илк кунлариданоқ менга Устоз бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг фахрийлари Мукаррам Ўринбосарова, Абдуғофур Акбердиев, Эътиборхон Раҳмонова, Муҳаммаджон Иноғомов, Равшанбек Самарбеков ва “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси фахрийси Собир Пўлатовларга ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, мен барча ҳамкасбларимни, барча касаба уюшма фаолларини, барча ходимларни 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан чин дилдан табриклайман. ОКМК касаба уюшмаси ҳаракатини ривожлантириш, касаба уюшманинг жамиятдаги роли ҳамда нуфузини ошириш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий адолат тамойилларини кенг татбиқ этиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳар бир инсонга узоқ умр, тан-сиҳатлик тилаган ҳолда уларнинг келгуси касаба уюшма фаолиятида улкан зафарлар ва янги-янги ютуқлар тилайман. Касаба уюшма фаоллари сафи тобора кўпайишини ва ёш касаба уюшма фаолларимизнинг чин маънода касаба уюшма лидерлари бўлиб етишишларини сўраб қоламан.

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ ЎТКАЗИШ КЕРАК.МИ?

admin

Хизматлар соҳаси ривожи бандликни таъминлаш омили

admin

КОНСТИТУЦИЯГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАР ЁШЛАР ЭЪТИБОРИДА

admin

8-САЙЛОВ ОКРУГИ ДЕПУТАТИ КИМ БЎЛДИ?

admin