Image default
Жамият

МЕНИНГ КОНСТИТУЦИЯМ

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. Ушбу қомус ҳеч кимга қарам бўлмай, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашимизнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида ҳам асосий қомусимиз мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзига хослиги шундаки, у икки маротаба халқ муҳокамасида юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. 2023 йил 30 апрель куни референдум асосида, халқимиз иштирокида Ватанимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси тасдиқланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз муқаддима, 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат. Конституциямиз ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, инсон ва давлатнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, давлат ва фуқаронинг ўзаро сиёсий-ҳуқуқий масъуллигига таянган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди. Дунёда ватан, она каби тил ҳам ягонадир. Тил — кўнгилнинг олтин калити, нутқ воситаси бўлибгина қолмай давлатнинг тимсоли ва мулкидир. Маълумки, ўзбек тили дунёдаги энг қадимий ва бой тиллар сирасига киради.

1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий ғурурини, жаҳондаги мавқеини тиклади. Она тилимизнинг ҳуқуқий мақоми қомусимизда ҳам кафолатланган. Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, дея таъкидланган. Албатта, ҳар бир инсон ўз тилини танлаш ва муомала қилиш ҳуқуқига эга. Бу борада Конституциямиз адолатлилик ва бағрикенглик тамойилларини ўзида ифода этади.
Ота-она ўз фарзандига яхши хулқ, яхши тарбия беришдан ортиқ маънавий мерос қолдира олмагани каби аждодлар ҳам авлодларига шу юртга хос бўлган яратувчанлик, тафаккур маҳсули бўлмиш бебаҳо моддий ва маънавий ёдгорликлар, илм-у маърифат ёғдулари ила йўғрилган асарлар ва энг муҳими, она тилидан бўлак буюк мерос қолдира олмаса керак. Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганларидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон ойнайи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқатмак, миллатнинг руҳини йўқатмакдир.”

Шаҳноза Мамажонова,
шаҳар касб-ҳунар мактаби
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

МАВЗУГА ОИД

Келгуси 5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тасдиқланди

admin

«ЙИЛ АЁЛИ» ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

admin

1 МАЙ САНАСИДАН ЭЪТИБОРАНЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ТАБИИЙ ГАЗ УЧУНБИР ОЙЛИК ИСТЕЪМОЛНИНГБАЗАВИЙ МЕЪЁРЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

admin

“ОКМК” АЖДА БЕШ ОЙЛИК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

admin