Мамлакат сиёсий майдонида ўзини сўл марказ позициясида намоён этиб келаётган “Адолат” социал-демократик партияси социал-демократия мафкурасига содиқ қолган ҳолда иқтисодий эркинликни тан олишда давлат иштирокини сақлаб қолиш, ижтимоий тенглик, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти каби ғояларни илгари суриб келади.
Партиямиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловга қизғин тайёргарлик кўрган ҳолда ўзининг яқинда бўлиб ўтган XII қурултойида 2025-2029 йилларга мўлжалланган, “Тенг имкон иятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган янги сайловолди дастурини эълон қилди.
Сайловолди дастуримизга, бир томондан, илғор миллий ва хорижий тажриба, иккинчи томондан эса замонавий социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик каби халқчил ғоялари, мақсад ва вазифалари миллий қадриятларимизга уйғун ҳолда сингдирилди. Сайловолди дастуримиз мумтоз социал-демократиянинг жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга қаратилган ғояларига тўлиқ мос келади. бу борада партия ҳуқуқий давлат барпо этиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш каби 9 та йўналишда қатор вазифаларни белгилаб олгани ҳам дастурнинг номланиши ва унинг мазмуни ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.
ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ БАРПО ЭТИШ — ОЛИЙ МАҚСАДИМИЗ
“Адолат” социал-демократик партияси дастурида Конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланган ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояланган ҳуқуқий давлат қуриш бош мақсад сифатида белгиланган. Шу боис, сайловолди дастуримизнинг биринчи — “Ҳуқуқий давлат барпо этиш — олий мақсадимиз” деб номланган йўналишида барча фуқаролар ва мансабдор шахслар ўз ҳаёт тарзини қонун асосида йўлга қўйиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси сифатида қайд этилган бўлиб, бунинг учун, энг аввало, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш лозимлиги таъкидланган.
Сайловолди дастурнинг мазкур йўналишида ҳуқуқий давлатни барпо этиш йўлидаги устувор вазифаларга эътибор қаратадиган бўлсак, энг аввало, суд-ҳуқуқ тизимига катта аҳамият берилганини кўрамиз. Дарҳақиқат, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳозирги кунда энг муҳим вазифалардан бири. Сабаби, фуқароларимиз судни одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган деб эмас, аксинча, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган орган, деб қарашига эришиш муҳим саналади. Бунинг учун, аввало, судьялар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, асосланганлиги ва адолатлилиги, судьянинг эса холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирувчи омиллар мавжуд бўлмаслиги лозим. Сайловолди дастуримизда бу борада фуқароларга енгиллик яратиш ҳамда судлар фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилиш, давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланишини назарда тутувчи “Давлат компенсацияси тўғрисида” қонун қабул қилиш ҳамда жиноятдан жабрланганларга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш каби муҳим таклифларни илгари сурганмиз. Шунингдек, сайловолди дастурда судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириб бориш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу пировардида одил судлов сифати ни яхшилашга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоялашга хизмат қилади.
Сайловолди дастурнинг мазкур йўналишида, шунингдек, жамиятни ўйлантириб келаётган яна бир муаммо — пиёдалар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган кескин чоралар кўриш бўйича ҳам ташаббусларни илгари сурганмиз. Хусусан, ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолатларда умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифи ниҳоятда долзарб ташаббус саналади.
Ўзбекистонда ҳар бешта ўлимнинг биттаси йўл-транспорт ҳодисалари ҳиссасига тўғри келади. Ҳисоб-китобларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ иқтисодий харажатлар Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 2,8 фоизига тенг. Бундан ташқари, йўлларда пиёдалар ва автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун етарли даражада инфратузилма яратилмагани, йўллар пиёдаларга мослаштирилмагани ҳам асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Партиямиз мазкур муаммога ечим сифатида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдалар ҳуқуқлари нинг устуворлигини сўзсиз таъминлашни таклиф этмоқда. Шу билан бирга, пиёдалар йўлларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг шароитлар яратиш, светофор ларда махсус товуш чиқарувчи қурил малар ўрнатишни ҳам таклиф қилганмиз. Ушбу таклифларимиз сайловчиларга манзур бўлиши шубҳасиздир.
АДОЛАТЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВА ДЕМОКРАТИК ИНСТИТУТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Ушбу йўналишда Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатларини янада кенгайтириш таклиф қилинган бўлиб, парламентаризм ва парламент демократиясини ривожлантириш йўлидаги вазифалар бирма-бир санаб ўтилган. Жумладан, “Рақамли парламент” тизимини такомиллаштириш, ҳудудий кенгашлар депутатларининг ваколатини кучайтириш, уларнинг ҳокимлар билан ҳуқуқий муносабатларида ўзаро тийиб туриш механизмини такомиллаштириш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатларига тегишли ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқини бериш каби янги механизмлар таклиф қилинган. Сайловолди дастурнинг ушбу йўналишида, шунингдек, сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ мустақиллигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб бориш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланган. Айниқса, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар да ёлғон маълумотлар тарқалиши ва фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган механизмни жорий этиш, хусусан, огоҳликка чорловчи контентларни янада кўпайтириш, ёлғон хабарлар ва фирибгарликнинг янги турлари ҳақида доимий, ўзига хос шаклда огоҳлантириб турувчи “стопфейк” (STOP FAKE) платформасини яратиш каби таклифлар ҳақиқатан долзарб аҳамиятга эга.
ИҚТИСОДИЁТНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖИНИ ТАЪМИНЛАШ
Сайловолди дастуримизнинг миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ўз ичига олган учинчи йўналишида энг устувор вазифа давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадларни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган иқтисодий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш экани алоҳида қайд этилган. Бу борада, айниқса, солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ҳаётга жорий этиш ва шу орқали даромадлар тенгсизлигини камайтиришга эришиш таклиф қилингани айни муддаодир. Прогрессив солиқ тизимини жорий қилиш дунё мамлакатларида социал-демократик йўналишдаги сиёсий партияларнинг анъанавий ғояларидан бири бўлиб, даромад миқдорининг ортиб бориши билан солиқ ставкасининг ҳам ошиб боришига асосланади. Партиямизнинг божхона ва солиқ имтиёзларини соҳавий тақдим этилишига оид таклифи ҳам эътиборга моликдир.
Мазкур таклиф саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларининг ошишига, янги технология ва инновацияларни жорий этиш кўламининг кенгайишига, пировардида янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ислом ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси
ўринбосарлари.