Янги Ўзбекистонимизда ҳар соҳада жадал ривожланишлар бўлаётгани каби маданият соҳамиз ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Ҳурматли Президентимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига катта эътибор қаратилаётгани ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 апрелдаги ПҚ-150-сон қарорида айнан болалар мусиқа ва санъат мактабларига тааллуқли масалалар ёритилган бўлиб, анча йиллардан бери ечими топилмаётган муаммолар ва масалалар мазкур қарорда ўз ечимини топди.
Бунга мисол тариқасида айтадиган бўлсак, анча йиллардан бери мусиқа мактабларида кадрлар, яъни мутахассис ўқитувчилар етишмас эди. Мазкур қарорда эса эндиликда Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг битирувчиларига болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди. Бу билан мусиқа мактабларида кадрларга бўлган эҳтиёжни бартараф этишга мустаҳкам замин яратилди. Шунингдек, молиялаштириш масалалари эндиликда тўғридан-тўғри Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, тизимда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, хусусий шерикларга маблағларни субсидия кўринишида ажратиб бориш каби долзарб масалалар кенг ёритилган.
Маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июнда маданият, санъат ва адабиёт ходимлари билан ўтказилган учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишга қаратилган янги Фармони ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур фармонга мувофиқ театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат ҳамда адабиёт йўналишларида ижодий бирлашмалар ташкил этилиб, уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Фармонда истеъдодли ижодкорларни рағбатлантириш, уларнинг халқаро танловлардаги иштирокини кенгайтириш, миллий адабиёт намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш, шунингдек, ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган. Бу эса болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти учун янада кенг имкониятлар эшигини очади.
Хусусан, Олмалиқ шаҳар 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда мактабимизда 579 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Иқтидорли ўқувчиларимиз турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 15–16 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “NEW UZBEKISTAN MUSIC AND ART FESTIVAL–2026” халқаро танлов-фестивалида мактабимизнинг халқ чолғулари, анъанавий хонандалик, хореография ва торли чолғулар синфининг иқтидорли ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Натижада бир қатор ўқувчилар фахрли ўринларни эгаллаб, мактабимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.
«Настарин» гуруҳи — I ўрин
Раҳмонова Назокат — I ўрин
Абдумуталова Лола — I ўрин
Дё Сергей — I ўрин
«Бойчечак» гуруҳи — II ўрин
Шералиева Кумуш — II ўрин
Абдумуталова Райҳона — II ўрин
Иномалиева Одинахон — II ўрин
Хамидуллаева Асалбону — II ўрин
Музаффарова Мадина — II ўрин
Раззоқова Нургул — III ўрин
Акбаралиева Дилноза — III ўрин
Абдумаликова Оминахон — III ўрин
Равшан Ниёзов,
шаҳар 8-сонли Болалар мусиқа
ва санъат мактаби директори.