Инсонга ҳаёт дея аталмиш буюк неъмат фақат бир марта берилади ва инсон чиройли яшаши учун умри давомида ўзи учун қулай турмуш шароитини яратиш мақсадида барча ресурс ва имкониятлардан фойдаланади. Айниқса, ҳозирда турмушимизни табиий газсиз тасаввур эта олмаймиз. Аммо биз учун мўъжиза бўлган газдан фойдаланиш ўз навбатида биздан катта эътибор ва ҳушёрлик талаб этади. Бир сониялик лоқайдлигимиз бошимизга катта мусибатларни, ҳатто ҳаёт билан видолашишимизга олиб келишини унутмаслигимиз лозим.
Жойларда газ таъминоти бўлимининг масъул ходимлари томонидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиши жараёнида аҳоли томонидан табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари талаблари бузилишига йўл қўйилаётганлиги кўриб ўтилди. Куз-қиш мавсумига қадар иситиш газ жиҳозларидан фойдаланишимиз учун газ жиҳозларимизни техник ҳолати, уларнинг созлиги, газ ёндиргичларининг талабларга қай даражада жавоб беришига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Уй ичидаги маънан эскирган (ОП) иситиш печлари, контрамарка, ювиниш хоналарида жойлашган сув иситиш газ жиҳозлари — колонкадан бугунги кунда фойдаланиш таъқиқланган бўлиб, замонавий энерготежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш тавсия этилади. Амалдаги ШНК 2.04.06-13-банди талабларига асосан, бу каби газ жиҳозлари ташқарига алоҳида хонага жойлаштирилиши талаб этилади. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, хонадонингиздаги иситиш газ жиҳозларингиз иситиш печи (ОП) КЧМ ёки хонанинг бурчагига ўрнатилган КОНТРАМАРКА бўлса, уларни тежамкор замонавий иситиш қозонларига алмаштириш чорасини кўришингиз тўғрисида ОГОҲЛАНТИРИЛАСИЗ! Акс ҳолда 2026 йил 1 ноябрь кунидан хонадонингизга табиий газ етказиб бериш ТЎХТАТИЛИШИНИ маълум қиламиз!
Аҳоли орасида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида одамлар ухлайдиган ва дам олиш хоналарида очик оловда ишлайдиган газ жиҳозларидан фойдаланиш ҚАТЪИЯН ТАҚИҚЛАНАДИ! (ВМнинг №319-сонли қарори 2-боб, 4-банди)
Шунингдек, дудбурони носоз газ жиҳозларидан фойдаланиш вақтида, унинг ўтхонасида тортиш кучи йўқолиб, ҳаво кириши камайиб кетади ва газнинг чала ёниши содир бўлади. Оқибатда ис гази ажралиб чиқади. Бунда 1 м3 табиий газнинг тўлиқ ёниши учун 10 м3 ҳаво керак бўлади. Ис газининг хоналарда тўпланиб қолишининг олдини олиш учун, авваломбор, иситиш газ жиҳозларининг дудбуронлари махсус мутахассислар томонидан хавфсизлик қоидалари талаблари асосида монтаж қилинишига қатъий риоя қилиш, куз-қиш мавсуми олдидан ишламай турган иситиш приборларини ишга тушишдан олдин дудбуронларни ёнғинга қарши кураш жамияти мутахассислари кўригидан ўтказиш, дудбурони яроқсиз деб топилган иситиш газ жиҳозларидан фойдаланмаслик, овқат пишириш учун мўлжалланган газ плиталаридан исиниш мақсадида фойдаланмаслик ва ишлаб турган газ жиҳозларини қаровсиз қолдирмаслик зарур.
Хонада газ ҳидини сезсангиз, электр чироғини ёқманг, ёқилган бўлса ўчирманг.



Раъно НишОнова,
«Газ таъминоти» ОШБ етакчи муҳандиси.