ТОВУҚ — ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ
Сир эмаски, халқимизда “Товуқ — етти хазинанинг бири” деган гап бор. Дарҳақиқат, товуқлар рўзғоримизни гўшт ва тухумлар билан таъминлаб туради. Агарда бу уй ҳайвонига алоҳида эътибор бериб парваришласангиз, хонадонингиз бюджетига мўмайгина даромад олиб келади.

Бугунги қаҳрамонимиз шаҳримизнинг “Ҳилол” маҳалласида истиқомат қилувчи Жамшид Турсунбоев бўлиб, у томорқасидан унумли фойдаланган ҳолда аҳолига бедана ва товуқларнинг гўшт ҳамда тухумларини етказиб бермоқда.
Ёш тадбиркор 1991 йил Оҳангарон туманида туғилган. Шаҳримиздаги 18 — умумтаълим мактабини тамомлаб, Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олди. Ҳозирги кунда “O’zsanoatqurilishbank”да ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис бўлиб ишлаб келмоқда. Қуйида Жамшид билан бўлган суҳбатимиз билан батафсил танишишингиз мумкин.

ДАРОМАДГА ЭМАС, СОҲАГА ҚИЗИҚҚАНМАН
Болалигимдан буён бедана ва товуқларни етиштиришга қизиқардим. Шу соҳа билан шуғулланай десам, кўп қаватли уйларда турардим, имконим йўқ эди. Йиллар ўтиб, ҳовли уйга кўчиб ўтдик. Секин-секин, мақсадларимни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилдим. Давлат ишида ишлашимга қарамай, кўнглим ҳеч тўлмасди. Ичимдаги қизиқиш кундан-кун бўй чўзаверди. Тадбиркорликни бошлашимдан мақсад биринчи навбатда қизиқиш, кейинги ўринда эса даромад бўлган. Ҳозирда тенгдошларим ёки мендан кичик укаларим соҳага эмас даромадга қизиқишади. Ҳеч қайси тадбиркор ўзидан-ўзи юксалиб, бойиб қолмайди. Бу бизнес, унинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Товуқлар ҳам бир кун яхши бўлса, бир кун касал бўлади. Агар шу соҳани яхши кўрмаса фақатгина маблағ учун шуғуллнаётган бўлса, ҳеч қандай ютуққа эришмайди.

ҲАР СОҲАДА УСТОЗ КЕРАК
Халқимизда “Устоз кўрмаган шогирд, ҳар мақомга йўрғалар” деган нақл бор. Менимча, ҳар соҳада устоз бўлиши керак. Мен ҳам дастлаб фаолиятимни бошлаган кезларим устозларимнинг этагидан тутганман. Товуқ қачон тухумга киради, қачон болалайди, қайси фаслда уларни эмлаш керак, қайси шароитда яшай олади, бу сирларнинг барчасини устозларимдан ўрганганман. Бундан ташқари устозларимнинг билими билан чегараланиб қолмай, ўзим ҳам ижтимоий тармоқлар орқали товуқ боқиш бўйича йўриқномалар билан танишиб чиққанман.

ЧУМОЛИДЕК МЕҲНАТ ҚИЛГАН ИНСОННИНГ ЮТУҒИ ФИЛДЕК БЎЛАДИ
Деярли бир йил ўз ҳисобимдан бедана ва товуқларни боқдим. Улардан қўшимча даромад олмадим. Бугунги кунда асосан, наслчилик билан шуғулланаман. Ойига ўн мингтадан ошиқ наслдор тухумлар етиштирамиз. Инсон меҳнат қилса, албатта, ютуққа эришади. Бугунги кунда нафақат вилоятларимизга, балки қўшни давлатларга ҳам наслдор тухумларни экспорт қилмоқдамиз. Мен кўп жойларда, ёшларга келинглар, биргаликда товуқ етиштиришни йўлга қўямиз, деб таклиф билдираман. Аммо, аксарият ёшларимиз тайёр давлат ишини танлашади. Фақат ойликка яшашни истайди. Бу ҳолатдан очиғи хафа бўламан. Нега, одамлар шунчалар боқиманда, тайёр нарсани исташади, деган надомат ўтади.
Тадбиркор одам ҳар қандай вазиятга руҳан тайёр турмоғи лозим. Нега десангиз, бир кунда электр энергияси ўчиб минглаб тухумларим, кўплаб бедана ва товуқларим нобуд бўлган.

ТОВУҚЛАР ИККИ ХИЛ ЙЎНАЛИШДА БОҚИЛАДИ
Биз буюртмага қора шаҳзода, корея хан хяп, жайдари ва бошқа товуқ жўжаларини очириб берамиз. Товуқлар асосан гўшти ва тухуми учун боқилади. Гўшт учун мослашган товуқлар 3-4 кунда бир тухум қўяди. Тухум учун мослашганлари эса жуссаси кичкина ва енгилроқ бўлади. Тухумга мослашган товуқларни асосан майсаларда боққан яхши. Бугунги кунда томорқамдан фойдаланиб келяпман. Келажакда эса алоҳида ер олиб, корхонага айлантириш ниятим бор. Негаки, бедана ва товуқларга яхши парвариш берилмаса, тез нобуд бўлади ёки тухамдан қолади. Уларни доим ёруғ ва иссиқ жойда сақлаш лозим.


КУЧЛИ ЭРКАКНИНГ ОРТИДА АЁЛИ ТУРАДИ
Бу соҳага кириб келишимдан бошлаб, ёнимда аёлим турган. “Дадаси, фаолиятингизни бошланг, мен сиз биланман” деб, менга куч берган. Ишда бўлган пайтларимда бедана ва товуқларни аёлим парваришлайди. Ўз вақтида донини, сувини беради. Эркак кишининг бахти аёлининг эътибори ва ишончида бўлса керак. Ҳам оилага, ҳам қўшимча даромадимга камарбаста бўлади. Тадбиркор эркакнинг аёли ҳам тадбиркор бўлиши лозим экан.
Мухлиса ТОШПЎЛАТОВА.