Бугунги кунда ёшларнинг халқаро таълим стандартлари асосида билим олиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, мактаб ёшидаёқ IELTS ва SAT каби халқаро имтиҳонларда юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчилар сони ортиб бормоқда.
Ёш бўлишига қарамай, катта ютуқларга эришиш мумкинлигини исботлаётган иқтидорли ўқувчиларимиз сафида яна бир ёрқин ном пайдо бўлди. “Бухоро мактаби”нинг 6-синф ўқувчиси Абдусатторова Шодия Музаффар қизи халқаро IELTS имтиҳонидан 6,5 балл ва SAT имтиҳонидан 1260 балл натижа қайд этиб муваффақиятга эришди. Эътиборли жиҳати шундаки, у IELTS сертификатини 5-синфда, SAT сертификатини эса орадан бир йил ўтиб қўлга киритган. Унинг билим олишга бўлган интилиши, меҳнатсеварлиги ва қатъияти кўплаб ёшлар учун ибрат бўла олади.
Бошланғич қизиқиш ва тайёргарлик
Шодия дастлаб шаҳримиздаги 16-умумтаълим мактабининг рус синфида 1-синфдан бошлаб инглиз тилини ўрганиб келган. Ота-онаси уни 3-синфда Президент мактабига тайёрлаш мақсадида хусусий мактабга ўтказган.
“3-синфдан бошлаб уйимдагилар мени Президент мактабига тайёрлаш мақсадида ўзбек тилида дарс бериладиган хусусий мактаб — Бухоро мактабига ўтказди. Бу мактабда инглиз тили ва математика чуқурлаштириб ўқитиларди. Мактабда Гулрухсор Худойқулова ва Ойиша устозларим инглиз тилига бўлган қизиқишим ва билимимга мустаҳкам пойдевор қўйишди. Математика фанидан эса Ёрқин Рисбоев ва Зарифа Оққулова устозларимнинг меҳнатлари беқиёс бўлди. 3-синфда ҳатто ёзги таътилда ҳам дам олмасдан тайёргарлик кўрганмиз”, — деб эслайди Шодия.
2024 йил 4-синфни тугатгач, Шодия Президент мактаби имтиҳонларида иштирок этган. Математика босқичида 3829 нафар талабгор орасида 95,3 балл билан 41-ўринни эгаллаган.
“2024 йил Президент мактаби имтиҳонларида иштирок этдим. 3829 нафар талабгор орасидан математика босқичида 95,3 балл билан 41-ўринни эгалладим. Биринчи босқичдан 480 нафар ўқувчи саралаб олинган эди. Иккинчи босқичда эса 31-ўринни олдим, аммо қабул қилинадиган 24 нафарлик рўйхатга киришим учун атиги 2 балл етмади”, — дейди.
Шу билан бир вақтда Оҳангарондаги ихтисослаштирилган мактабга ҳам ҳужжат топширганлиги сабабли, у йиғган баллар билан ўша мактабга қабул қилинган. Аммо қатнов қийинлиги сабабли бир чоракдан кейин яна Бухоро мактабига қайтган.
“Президент мактабига тайёргарлик жараёнида мен аллақачон 6–7-синф даражасидаги инглиз тили ва математика китобларини ўқиб чиққан эдим. Шу сабабли 5-синф дарслари менга такрордек ва зерикарли туюла бошлади. Онам буни сезиб, мактаб раҳбари Азизбек Ибрагимов билан маслаҳатлашди. Бир синф “сакраш” имконияти ҳақида сўради, аммо бундай тартиб йўқ экан. Шунда мактаб раҳбари Азизбек Исроилович шундай таклиф берди:
“Унда Шодия IELTS ва SAT’га тайёрлансин. Биз унга мактабда барча шароитни яратиб берамиз”.
“Кунига 8 соатлаб ўқирдим..”
Ўқувчининг айтишича, бу таклиф унинг ҳаётидаги энг муҳим турткилардан бири бўлган. 5-синфни тугатгач эса IELTS имтиҳони учун тайёргарликни бошлаб юборган.
“IELTS имтиҳонига тайёргарлик жараёнида Улуғбек Султонов устоздан сабоқ олдим. Бу жараёнда Cambridge 9–19 series китоблари, Engnovate платформаси, Destination B1 ва B2 грамматика китоблари, шунингдек New Scientist ва Inside Reading материалларидан фойдаландим. Кунига 8 соатлаб ўқирдим. Ёзнинг иссиқ кунлари, тинимсиз дарслар, вазифалар… Ростини айтсам, жуда чарчардим. 3-синфдан бери деярли ҳар куним ўқиш билан ўтаётган эди. Аммо онамга ва мактаб раҳбаримизга берган ваъдам мени олдинга ҳаракат қилишга мажбур қиларди. Чунки бу менинг ўз танловим эди ва орқага чекинишга ҳаққим йўқлигини ҳис қилардим”, таъкидлайди у.
“Елкамдан тоғ
ағдарилгандек бўлди..”
Шодия 3 ойлик катта тайёргарликдан кейин илк бор IELTS имтиҳонига кирган. У буни қуйидагича таърифлайди:
“Имтиҳон муҳити мен учун мутлақо янги эди. Жуда қаттиқ ҳаяжонланганман. Икки кундан кейин натижа чиқди. Ўша куни мактабда тадбир бўлаётган эди. Мени шошилинч чақиришди. Ҳамма бир ўқувчининг телефони атрофида тўпланган, мен эса орқароқда турибман. Бир пайт: ‘6,5!’ — деган овоз эшитилди. Ҳамма қарсак чалиб мени табриклай бошлади. Ўша пайт елкамдан катта тоғ ағдарилгандек бўлди. Ичимда фақат битта гап айланарди:
— Мен уддаладим!”
“Ҳар куни деярли 7 соат SAT билан шуғулланардим”
IELTS сертификатини қўлга киритган Шодия яна бошқа мақсади томон ҳаракатни бошлади.
“6-синфнинг октябрь ойидан SAT’га тайёргарликни бошладим ва Сарвар Нурмирзаев устоздан таълим олдим. App.lumist.ai, Whiz платформалари, College Panda Math ва SATashkent Math Book китоблари асосий манбаларим бўлди. Ҳар куни луғат ёдлардим, мақолалар ўқирдим ва деярли 7 соат SAT билан шуғулланардим. Ниҳоят, 2026 йил 2 май куни SAT имтиҳонини топширдим. 16 май куни натижалар эълон қилинди. Ўша куни уйда эдим. Соат тахминан 17:00 атрофида. Онам қувонч билан: “Шодия, табриклайман! 1260 чиқибди натижанг!’ дедилар. Ўша лаҳзада ўзимни осмонда учаётгандек ҳис қилдим. Елкамдаги яна бир катта юк тушиб кетгандек бўлди. — Мен уддаладим. Онамга берган ваъдамнинг устидан чиқдим, — деб ўйладим ичимда”.
Келажак орзулари ва тавсиялар
Шодиянинг айтишича, унинг энг катта мақсади — дунёдаги ТОП-100 университетлардан бирида таҳсил олиш.
“Менинг энг катта мақсадим — дунёдаги ТОП-100 таликка кирган нуфузли халқаро университетлардан бирида ўқиш. Масалан, Stanfordʼда таҳсил олишни орзу қиламан. Келажакда инсонларга ва яхшиликка хизмат қиладиган дастурлар яратишни хоҳлайман. Мен кўп нарсаларга қизиқаман: дастурчилик, расм чизиш, спорт, шахмат, мусиқа… Уйимизда пианино бор. Опам Консерваторияда ўқийди. Уни кузатиб, ҳозир мен ҳам куйлар чалишни ўрганяпман”.
Ёш бўлишига қарамай, катта натижаларга эришаётган Шодия сертификат олмоқчи бўлганларга қуйидагича тавсиялари билан бўлишди:
“Бошқаларнинг ‘сен уддалай олмайсан’ деган гапларига ҳеч қачон ишонманг. Орзуларингиз сари доим олға интилинг. Муваффақиятсизликлар руҳингизни туширмасин!”




Суҳбатни Одил БЕК ёзиб олди.