Биламизки, 25 май мактаб битирувчилари учун катта ҳаётга қадам қўйиш, қўнғироқ жаранглашининг сўнгги куни.
Олмалиқ шаҳрида 25 май куни “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари “Юксак маънавиятли авлод — учинчи ренессанс пойдевори” шиори остида ўтказилди. Шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 23 та умумтаълим мактабларида жами 1 895 нафар битирувчи катта ҳаёт остонасига қадам қўйди.
Хусусан, шаҳримизнинг 21-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам катта шодиёна ва кўтаринки кайфиятда нишонланди. Тадбирда шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Хусниддин Турғунбоев, шаҳар нуронийлари, маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда ота-оналар иштирок этишди. Тадбир давомида шаҳар ҳокими томонидан Президент табриги ўқиб эшиттирилди. Ўқувчилар томонидан куй-қўшиқлар куйланиб, рақслар ижро этилди. Мактаб раҳбарияти томонидан иштирокчилар табрикланиб, юртимизда кейинги йилларда ўқувчилар учун яратилаётган шароитлар ҳамда улар томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар катта ғурур билан тилга олинди ва ёшларнинг келажакдаги зафарларига ишонч билдирилди.
Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътилни мароқли, интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама мазмунли ўтказиши учун шаҳар ҳокимлиги томонидан мактаб кутубхонасига 100 та китоб жамланмаси ва ёш спортсевар ёшлар учун футбол тўплари топширилди. Шунингдек, намунали хулқи ва аъло баҳолари билан ажралиб турган иқтидорли ўқувчилар рағбатлантирилди, уларнинг ота-оналарига “Миннатдорчилик хатлари” тантанали топширилди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва унутилмас лаҳзалари эса унинг якунида бўлиб ўтди. Битирувчилар ўзларининг пок орзулари, келажакка бўлган ширин умидлари сифатида мусаффо осмонимизга оқ қушлар учиришди.
Барча битирувчиларга келгуси ўқиш ва ишларида муваффақият ва зафарлар тилаймиз!
Хушвақт Эшбоев,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети талабаси.