Бугун кўзгу олдида узоқ қолишига тўғри келди. Ўзини анча олдириб қўйганини, уй, рўзғор, бола-чақа буларнинг бари унинг ҳуснини ҳам, юзидаги аввалги нурни ҳам ўғирлаб қўйгандек эди. Хаёл уни унча узоқ бўлмаган талабалик йилларига олиб қочди. Атига тўрт йил бўлибди ўқишни тугатганига, лекин бу йиллар орасида шундай кунлар ўтдики, ҳар бири йилларга тенг эди. Ҳа оила, фарзандлар уни анча толиқтирибди. Табиатан ўзини яхши кўрадиган инсонлар, ҳар қандай шароитда ҳам ўзига қулайлик яратиб олади, жонини кўп ҳам койитмайди бошқаларга нисбатан, лекин бугун Диля (Дилбар) ўз-ўзидан жуда хафа. Қачон бу қиёфага кириб қолди, уни шундай бўлишига шу оила, рўзғор сабабми, фарзандлар туфайли тонгга уланган кечалари-ю, инжиқликлари сабаб таранглашган асаблар… Буларнинг барчаси ҳозир унга шунчалар хунук ва совуқ кўриниб кетдики, ўз хаёлларидан ўзи қўрқиб кетди.
— Тавба қилдим, менга нима бўлаяпти, ақлдан озиб қоляпман шекилли, Аллоҳимга шукурлар бўлсинки, ойда бир марта бўлса ҳам, шу дугоналарим билан йиғиламиз, ва ниҳоят бугун, Собира ҳам келади. Турмушга чиққандан кейин кўрмадим шекилли.
Пардозларини гўзал қилиб, яна ойна олдига келди, аввалларику, онаси бақирмагунча ойна қаршисидан туриши қийин бўлган ва ҳар қандай учрашувга кеч қолиб, шу кўзгу қаршисида сеҳрлангандек қолиб кетадиган Дилбар бугун тезроқ уйдан чиқиб кетиш пайига тушди ахир унинг ихтиёрида атига икки соат вақт бор. Чақалоғи уйғонгунча қайтиб келиши керак. Бу гал ҳам одатини канда қилмапти, ҳамма йиғилиб уни кутиб ўтиришган экан.
— Бирам узоқда турасан-да, Диля, сал қолганда такси жўнатмоқчи эдик, — салом аликни шу билан бошлади Лобар.
- Инсофинг борми, қанча узоқдан Соби (Собира) етиб келди, шу ерда туриб кеч қолишингни қара, — гапни дарров илди Гўзал.
— Яхши келиб қолдингми, ҳеч ҳам ўзгармабсан, сизларни жуда соғиниб кетдим, келинглар ўтирайлик,- майин таббассум қилди Собира.
Бир-бирлари билан узоқ вақт кўришмаганликдан, кўзлари гоҳ намланиб, гоҳ қаҳ-қаҳ отиб яйраб гаплашишди. Салом-аликлардан кейин хасрат дастурхонлари ёйилди. Кимдир эридан, яна кимдир қайнонасидан нольиди. Фақат Собиранинг бу борада сўз бойлиги камлик қилди.
— Бугун ойнага қарасам, ўзимни танимадим, бир аҳвол бўлиб қолибман. Шунақанги ўзимни койидим. Эҳ, аввалги юрушларимиз қандай эди-я, ҳаммани кўзи бизда факультетга битта бўлиб юрардик. Не-не йигитларни юрагини мажруҳ қилиб қўйгандик, айниқса, сен Собира узун-узун сочинг кимларга дор бўлмади. Кимлар ҳасратингда ёнмади. Барибир ҳам шаҳарда қолмай, қишлоғингга кетиб қолдинг. Ортингдан юрганлар бармоғини тишлаб қолаверди,- деди кулиб Диля.
— Эҳ, қўйсангчи, бу гапларни, яхшиси ўзларингдан гапирийлар, фарзандлар, иш, оила қандай кетяпти, нималарни режа қиляпсизлар.
Ҳаммада бу борада бир хил мавзу қайнади, фарзандларининг шўхлиги, ҳеч йиғган уйлари тоза турмаслиги, баъзисига қайнонасининг гаплари ҳам, ишлари ҳам малол келиб, каттароқ жанжал қилгани, бошқаси қайнопасидан нолиши, яна бирининг эри яхши топмаслиги, топгани рўзғорни қопламаслиги… Уларнинг сўзларини эшитиб, Собиранинг дили хира тортиб бораверди. Бу қизларнинг талабалик йилларидаги орзулари, юлдузни истаб қўл чўзганлари-ю, ҳозир жуда майдалашган мақсадлар ва истаклар билан ҳаётларини «безаб» олишганидан хафа бўлди. Булардан ҳеч бири ҳали ишламапти, яқин орада бу ҳақда ўйлашмаса ҳам керак, молиявий яхши шароитда экан барчаси, кийимларидан, гап-сўзларидан шуни англади. Ошхонадаги иссиқ сувнинг жўмраги бузилгани-ю, кечадан бери совуқ сувда идиш юваётгани, бирининг эри 7 килолик кир ювиш машинаси олиб келиб уни хафа қилгани, бошқаси эса, уй ичидаги ҳаммомни эрига қачондан бери айтиб, иккита қилдира олмаётгани қадар мавзулар майдалашди.
— Нега гапирмайсан, тилингни ютиб юбордингми, ёки сенга гал бермадикми, марҳамат микрофон сенга, энди сени эшитайлик, ўзинг нега йўқ бўлиб кетдинг? Нималар билан бандсан, битта ўғлинг бор эди-я, эшитгандик катта бўлиб қолгандир,- деди Лобар.
— Нима ҳам дейман, ўқишни битириб қишлоққа қайтдим, чунки бизнинг туманга инглиз тили устози керак эди. Мактабимга жойлашдим, маҳалламга келин бўлдим, оилам тинч, эрим, қайнонам, қайнотам борлар. Ёлғиз ўғилга турмушга чиқдим, устачилик қиладилар эрим. Барака топсинлар, шу ҳунарлари сабаб мактабимизни анча эпақага келтириб олдик. Сизлар каби кўп муаммоларим йўқ экан ўйлаб қарасам, ошхонамга сув тортилмаган, лекин маҳалламизга водопровод сувини олиб келдик. Ҳа, ҳайрон бўлманг ҳали сув тақчил ерлар бор бизда ҳам, кир машинам йўқ, қўлни кирда ювамиз, унга ҳали шароит ҳам йўқ биз томонларда, лекин мактабимизга тендерда ютиб, электрон доска ва баъзи жиҳозлар олиб келдик. Маҳалламиздаги сим ёғочларни янгиладик, турмуш ўртоғим билан бирга камтар лекин, бахтли ҳаёт кечирамиз. Ҳозир сизларга қараб туриб шуни тушуняпманки, инсон бахтга кўмилиб боргани сари, унинг учун авваллари орзу бўлган ишлар кўз ўнгида оддийлашиб борар экан. Ё ўзингиз билиб, ё билмасдан бахтдан нолиб қўяпсизлар. Фарзандларинг уйингни тўзитса, хурсанд бўл, ахир тирноққа зорлар озми, орамизда. Эринг кам пул топса ҳам, ёнингда-ку, етишмовчилик важидан четда юрган оталар камми, иссиқ сувни муаммо қилма, ичимлик суви ҳали уйига кирмаган инсонлар бор. Қизлар, неъматлар ичида бахтга кўмилиб, яна бахтдан нолиб қўймаяпмизми?
Йиғилиш кайфияти ўзгариб кетди, устларидан муздек сув қуйгандек, жимиб қолишди дугоналар. Усти бироз оддийроқ либослар билан безалган дугонасининг қалбидаги гавҳар қиймати ва унинг қилаётган ишлари олдида улар яшаётган шароит ҳақир кўринди.
Зиёда ФарҲод қизи,
19-ИДУМ она тили ва адабиёт ўқитувчиси.