Тошкент вилоятининг Паркент туманига ижодий гуруҳимиз билан сафарга чиққанимизда, бу гўзал масканнинг табиати, одамлари ва айниқса, уларнинг меҳнатсеварлиги бизда илиқ таассурот қолдирди. Паркентга олиб борадиган йўллар бўйлаб кетар эканмиз, икки томонда чўзилиб ётган узумзорлар, узоқ-узоқларда салобат тўкиб турган баланд тоғлар, тоғ ёнбағирларидаги дўланалар кўзни қувонтирар, гўё табиатнинг ўзи бу заминга меҳнаткаш инсонлар қўли билан чизилган бир гўзал суратдек туюларди.



Бу ерда одамлар табиат билан ҳамнафас яшайди. Деҳқонлар ўзлари учун дала-даштда кичик-кичик чайлалар қуриб, уларнинг атрофига райҳон экиб, оддий бир дам олиш жойини ҳам кўнгилга яқин, хушманзара гўшага айлантириб қўйишган. Йўл бўйидаги ана шундай чайлалардан бири эътиборимизни тортди. Катта дала бағрида ризамат узумлари пишиб, ҳар бир шингили қуёш нурида товланиб, тирсиллаб турибди. Токлар остида эса бир аёл ўз иши билан банд — узумларга ишлов бериб, ҳар бир новдани, ҳар бир шингилни меҳр билан кўздан кечирарди. Бу аёл — 50 дан ошган, юзлари қуёш нурида қизарган, қўллари меҳнатдан қотган Сожида опа Акбарова эди.
У киши билан суҳбатлашар эканмиз, унинг гапларида оддий бир деҳқоннинг кундалик ташвишларидан кўра каттароқ маъно борлигини ҳис қилдик. Чунки бу хонадон учун узумчилик шунчаки тирикчилик манбаи эмас, балки йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган меҳнат, сабр, тажриба ва ҳалол ризқ манбаи эканлигига гувоҳ бўлдик.
— Менинг ўғлим — Аҳаджон фермер. Мана, йигирма йилдан ошди, оилавий узумчилик билан шуғулланамиз, — дейди Сожида опа. — Икки гектардан ошиқ ерга узум экканмиз. “Тойипа”, “Ризамат”, “Қора кишмиш” каби навларни етиштирамиз. Узумчиликнинг меҳнати анча оғир. Биров токзорга қараб, «Узум пишибди, ҳосил тайёр экан», деб ўйлаши мумкин. Лекин унинг ортида қанча меҳнат, қанча ташвиш борлигини фақат шу ишнинг ичида юрган одам билади.
Дарҳақиқат, токзорнинг ҳар бир қарич ерида инсон меҳнатининг изи бор. Узумнинг ҳар бир шингили ортида эса фаслма-фасл давом этадиган машаққат яширин. Сожида опанинг айтишича, узумчиликда қишнинг совуғи ҳам, ёзнинг жазирама иссиғи ҳам деҳқон учун дам олишга имкон бермайди.
— Қишда, ҳатто чиллада ҳам токзорни суғорамиз. Ариқ сувини олиб келиб, ерга сингдирамиз. Қишда қор ёғса ҳам суғорамиз. Чунки чилланинг совуғида узум сув ичса, кейинги йил яхши ҳосил беради. Узумни йиғиштириб олганимиздан кейин ҳам иш тугамайди. Ерни табиий ўғитлар билан озиқлантирамиз. Кузда ўғитлаймиз, ёзнинг бошида токларни очамиз. Турмуш ўртоғим хомтак қилади. Ҳар бир ишнинг ўз вақти бор, — дейди Сожида опа.
Сожида опанинг айтишича, бир йилда узумзорга 70-80 миллион сўмга яқин маблағ сарфланади. Бунинг ичида ерни парваришлаш, токларни озиқлантириш, кўчатларни кўпайтириш, ишкомларни тиклаш, суғориш ва бошқа юмушлар бор.
— Узум кўчатларини ҳам ўзимиз етиштирамиз. Ҳар йили пайванд қилиб, қараймиз. Агар узумга занг касаллиги тушса, у ривожланмайди. Шунинг учун ҳар бир токни вақтида кўздан кечириш керак. Узум пишган пайтда эса унга ҳеч қачон сув бермаслик керак. Пишганда сув берилса, дони тўкилиб кетиши мумкин. Узум ер танлайди. Чуқурликда, қора тупроқда узум яхши мева беради. Биз эса ҳеч қандай химикатларсиз, асосан табиий ўғитлар билан озиқлантирамиз, — дейди Сожида опа.
Унинг гапларини эшитар эканмиз, биз учун оддийдек кўринган ҳар бир узум шингилининг ортида қанча билим, тажриба ва кузатув борлиги аён бўлди. Деҳқончиликда табиат билан тил топишиш, унинг қонуниятларини англаш, ернинг тилини билиш керак. Токзордаги ишкомларга қараб, бунинг ҳам ўзига яраша файзи борлигини англадик. Ишком токни асрайди, унинг шохларини тартибга солади, ҳосилнинг мўл ва сифатли бўлишига хизмат қилади. Сожида опа ўтган йили ер чирий бошлаганини, шунда турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан биргаликда ишком қилганини айтиб берди.
— Учта ўғлим, иккита қизим бор. Болаларимнинг барчаси узумчилик билан шуғулланади. Оиламиз билан бирга ишлаймиз. Кимдир токни қарайди, кимдир ерга ишлов беради, кимдир ҳосилни йиғиштиришга ёрдам беради. Ҳар ким ўз ишини билади. Шу меҳнатларимиз орқали уй-жой қилдик, машина олдик, фарзандларимизни уйли-жойли қилдик, мол-ҳолли бўлдик, — дейди у.
Ҳақиқатан ҳам, инсон ҳаётида ҳалол меҳнат билан топилган ризқнинг ўрни бўлакча. Унинг қадри ҳам, баракаси ҳам бошқача бўлади. Бу хонадоннинг бойлиги фақат ҳовлидаги уй, машина ёки мол-ҳол билан ўлчанмайди. Уларнинг энг катта бойлиги — меҳнатга ўрганган фарзандлари, бир мақсад йўлида елкадош бўлиб яшайдиган аҳил оиласи ва ердан ҳалол ризқ топишга бўлган ишончидир.
Паркентнинг тоғлари остидаги бу токзорга қараб, бир ҳақиқатни яна бир бор ҳис қилдик: Ерга меҳр берган инсон, албатта, ундан меҳр кўради. Сожида опанинг кичик чайласи, атрофида ҳид таратиб турган райҳонлари, узоқ-узоқларга чўзилган токзорлар ва салобат билан қад ростлаган тоғлар бағрида биз оддий бир деҳқон оиласининг ҳаётига гувоҳ бўлдик.
Мухлиса Раҳматуллаева,
суҳбатлашди.