Image default
Жамият

МУРОЖААТДАН МУДДАОГАЧА

Ватани борнинг бахти бор,
Меҳнати борнинг — тахти

Ёшлигимиздан мана шу мақол онгимизга сингдирилган. Биз ўзбекларнинг асл бахти ҳам мана шундай тинч ва фаровон юртда яшаётганимиздир. Ҳозирги кунда инсон яхши шароитда яшаши асосан ўзига боғлиқлиги атрофимизда бўлаётган жараёнларда яққол кўзга ташланмоқда. Бу дегани ҳаракат қилган одам, изланган, интилган ҳар бир фуқаро бу юртда қадр топиб, ўз ўрнига эга бўлмоқда. Лекин афсуски, орамизда шундай фуқаролар ҳам борки, улар ҳалигача жамиятда бирорта ўрин эгаллай олишмаган. Тўғрироғи, ношукурлиги, мақсадни тўғри қўймаганлиги, ҳаракатнинг сустлиги, ўқиш ва касб танлашдаги хатоликлар ёхуд ота-оналарнинг фарзандлар учун қарор қабул қилишлари каби бир қатор омиллар сабаб бугун ишсизлик, шароитидан нолийдиганлар ва қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак “боқимандалар” сони ортиб бормоқда.
Бугунги кунда фуқаро мурожаатлари билан ҳар бир давлат ташкилотлари шуғулланмоқда, ҳаттоки секторлар, Халқ қабулхоналари ташкил этилган бўлиб, улар ҳам ҳар куни фуқароларнинг барча масалалар бўйича мурожаатларини ўрганишиб, тегишли тартибда чоралар кўришмоқда.

Қайси маҳаллада мурожаат кўп бўлса, демак…

Хусусан, шаҳримизда ҳам 4 та сектор фаолият олиб бориб, ҳар бирига 10 дан ортиқ маҳаллалар бириктирилган. Жумладан, 11 та маҳаллани қамраб олган 1-секторга январь ойида 200 дан ортиқ фуқаро турли масалалар бўйича мурожаат қилишиб, шулардан “Олмалиқсой”, “Қалмоққир” ва М.Улуғбек МФЙларда ишсизлик ва уй-жой масаласи энг кўп ўрганилган мурожаатлардандир.
2-секторда 13 та МФЙ мавжуд бўлиб, секторга январь ойи ҳолатига 90 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Маҳаллалар кесимида Увайсий ва Сўфи Оллоёр МФЙдан ишсизлик ва моддий кўмак масалалари кўриб чиқилган.
Январь ойи ҳолатига 13 та маҳаллани қамраб олган 3-секторда ҳам 128 та мурожаат қайд этилган. Муса Жалил ва Ибн Сино маҳаллаларидан кўпроқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улар ишсизлик ва коммуникация масалаларида бўлган.
4-секторда жорий йилнинг январь ҳолатига қамраб олинган 14 та маҳалладан 97 та мурожаат кўриб чиқилиб, шундан энг кўпи Бобур МФЙ фуқаролари томонидан иссиқлик манбаи ва коммуникация соҳалари билан боғлиқ муаммолардир.
Биз секторларга қилинаётган мурожаатларни маҳаллалар, рақамлар ва йўналишлар кесимида ўргандик. Лекин асосий эътиборни мурожаатлар мазмунига қаратмоқчимиз.

Давлат контаркт пулини тўлаб беришга мажбурми?

Хола ва жиян худди шу мазмунда секторга мурожаат қилишмоқда. Яъни, жиянини хусусий университетга ўқишга бепул киритишга муваффақ бўлган хола тўлов-контракт пулини тўлашга қийналаётганини ва сектор орқали тегишли мутасаддилар билан боғланиб, давлат жамғармаси ҳисобидан жорий йил учун тўлов қилишга кўмак беришларини сўрашган.
Бу йил контракт пулини амаллаб тўларсиз, лекин йилдан-йилга ошиб борадиган тўловни келаси йиллар қандай қилиб тўлайсиз, дея сўралган вақтда ҳар йили секторга мурожаат қилиб, ярим пулини тўлаттириш учун кўмак сўрайман, дея жавоб берди аёл. Нодавлат олий таълим масканлари учун биринчидан, давлат ҳисобидан маблағ ўтказилиб берилмайди. Иккинчидан, давлатга ишониб контракт асосида ўқишга топшириш ҳам аслида мантиқсиз. Хуллас, бир неча тушунтиришларга қарамай аёл, жиянининг етим эканлиги, ўзи васийлик қилиб уни ўқишига ёрдам бераётгани, бу йилча тўлов қилишда ёрдам беришса, келаси йиллар бир гап бўлишини айтиб тушунтирмоқчи бўлди.
Сўнгги йилларда контракт пулини тўлашга қийналаётган ота-оналар секторга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳолатлари анча ортган. Шундай вақтлар бўлдики, ҳоким ўз ойлик маошидан ўша тўловни тўлаган ҳолатлар кузатилди. Шу ўринда савол туғилади, хўш, давлат ўқиш пулларини тўлаб берган талабалар эртага шу жамият учун қанчалик керакли кадр бўла олади? Битириб келгандан сўнг шу шаҳар учун ўз ҳиссасини қўша оладими ёки айрим ёшлар каби нотўғри танланган касб (ўша касбга ҳудудда эҳтиёж бўлмаса, демак касб нотўғри танланган) сабаб дипломи чанг босиб турадими?
Бир ёш йигит билан суҳбат чоғида уни олий маълумотли эканлиги, лекин ҳеч қаердан иш топа олмаётганини билдик. Кейин ундан курсдошларингиз ҳам сиз каби иш излаб юрибдими, деб сўраганимизда, йўқ улар амалиёт ўтаганларидаёқ ишли бўлишга муваффақ бўлган, деган жавобни олдик.

Пулни бошқага тўлаб, талабни бошқага қўйиш қанчалик тўғри?
Кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар томонидан доимий равишда бир хил мурожаат тушади. Яъни, ХУЖМШ ва БСКлар билан боғлиқ муаммолар ечим топай демайди. Бунинг ечими осон. Жавоб ўша уйда яшовчи фуқароларнинг ўзлари.
Қисман тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Секторларга бизни ХУЖМШ ёки БСК ишламайди, ертўлаларимиз сувга тўлган, уйларимизнинг кириш қисмлари ва йўлаклар таъмирга муҳтож, каби мурожаатлар бўлади. Буни соддароқ тушунтирадиган бўлсак, фуқаро пулни бошқа киссага солиб, бошқа жойга талаб қўймоқда.
Фуқаро мурожаат қилишга ҳақли. Лекин кўп қаватли уйда яшовчилар ўз қўшнилари билан аҳил-иноқ бўлмас экан, муаммолар барҳам топмайди. Буни қуйидаги бир неча мисоллар билан изоҳлашга ҳаракат қиламиз.

  • ХУЖМШ болалар майдончаси қуриб берди, лекин бу фарзанди улғайиб қолган қўшнига ёқмади ва олиб ташлашларини талаб қилди. Ёки икки ёш бола ўзаро ўша арғимчоқда учмоқчи бўлиб, уришиб қолади. Ота чиқиб, иккалангга ҳам йўқ деб, бузиб ташлайди.
  • Бир йўлак эшигидан кириб чиқувчи 8 та хонадон эгаси ҳар бир қаватни ўз уйидай кўриб авайласа, таъмири бир неча йилларга етиши мумкин (агар ўша жойлар таъмирланаётганда, ўзлари бош-қош бўлиб, таъмирни сифатли бўлаётганини назорат қилган бўлсалар). Уйингизни бир марта таъмирласангиз йилларга етганидек.
  • Уйларнинг ертўлаларидаги сув тошиш ҳолатлари кўп ҳолларда канализация билан боғлиқ. Айрим уй эгаларининг оқова тармоғидан нотўғри фойдаланишлари, чиқиндихонага ташланиши лозим бўлган нарсаларни оқова сув қувурларига ташлашлари оқибатида унда тиқин ҳосил бўлиб, қувурларда ёрилиш ҳолатлари юзага келади.
  • ХУЖМШ ва БСКлар ҳисобот йиғилишига ҳамма бирдек иштирок этмаслиги, тўловлар ҳамма томонидан бирдек амалга оширилмаслиги, умуман, битта жойда яшовчиларнинг биргаликда ҳаракат қилмасликлари муаммоларнинг каттариб боришига сабаб бўлади.
    Шунингдек, коммунал соҳалар, яъни, фуқаролар ўзлари ишлатаётган электр энергияси, газ, сув учун тўловларни вақтида амалга оширмасалар, коммунал соҳаларга оид муаммоларни бартараф қилиш бироз мушкул. Мен ишламайман ёхуд ойлик маошим кам, коммунал тўловларни тўлашга етмайди, шунинг учун ҳокимият ёрдам берсин, деган мурожаатларни эшитиб баъзан ҳайрон қоласан.

Моддий ёрдам пулига аслида муҳтожмизми?

Давлатимиз томонидан миллионлаб моддий ёрдам пуллари ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар учун ажратилмоқда. Афсуски, шу ўринда ҳам кўнгилни хира қилувчи кўплаб ҳолатлар кузатиляптики, буни асло инкор қилиб бўлмайди. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ташкил этилган бўлиб, маълум бир кўрсаткичлар асосида ушбу дафтарлар рўйхати шакллантирилади. Моддий ёрдам пуллари биринчи галда ўша фуқароларга берилишини билганлар ва иш жойга муҳтожлиги бўлмасада маҳалладан ўша дафтарга киритишларини талаб қилишмоқда.
Оғриқлиси, бир неча бор давлатимиз томонидан моддий ёрдам ажратилган, муаммолари масъуллар назоратида бўлиб, ечим топишга ёрдам берилаётганига қарамай, вилоят ва республикадаги порталларга ва ижтимоий тармоқларга чиқиб, ўзларини жабрдийда кўрсатаётган ҳамшаҳарларимиз борлиги шаҳримизда чинданда муҳтож оилалар бўла туриб, “ёзғувчи” фуқаролар билан ўралашиб қолаётгандекмиз.

Дипломсиз яхши ишни орзу қилиш
Ишсизлик фақат бизнинг шаҳарда эмас, Ўзбекистон миқёсидаги оғриқли ҳолат бўлиб, бунинг ечимини топиш учун тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Яъни, тадбиркорлик орқали қўшимча иш ўринлари яратиш мақсад қилинган. Агар ҳар бир инсон ниятни тўғри қўйиб, ишчи эмас, аксинча, иш берувчи сифатида ўзини ўзи ислоҳ қила олса, қўлидан келадиган соҳада ўзини синаган ҳолда ўз тадбиркорлигини йўлга қўя билса, раҳбарлар эшиги тагида сарғаймайди.

Қабулларда гувоҳи бўлганимиз:

  • аёлларнинг ўзи, турмуш ўртоғи ва фарзандлари учун иш сўраб келиши, раҳбарларга мени ишга киртишига мажбурсан, дея талаб қўйиши;
  • Нафақа ёшидаман, уйда ўтиргим келмаяпти, иш жойимга тиклаб қўй;
  • Ҳеч қаерда ўқимаганман, лекин 4 нафар боламни боқишим учун ишлашим керак;
  • Хусусий корхоналар менга тўғри келмайди, фақат ОКМКга ишга киришим лозим;
  • Маоши 1 000 000-1 500 000 лик ишларда ишламайман, камида 3 000 000 бўлса ишга кираман;
  • ОКМКга квота беринг, лекин дипломим йўқ, оддий фаррош бўлиб ҳам ишлайвераман.
    Шу ва шунга ўхшаш мурожаатларни минглаб учратишимиз мумкин. Демоқчи бўлганимиз, ҳар бир фуқаро бу ҳаётда яхши яшашга, бахтли бўлишга ҳақли. Шаҳримиз масъуллари ҳам иложи борича фуқароларни рози қилиш, муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда.
    Хулоса эса ўзингиздан…

Дилдора Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ҲОКИМ ЁРДАМЧИЛАРИ ЙИЛ ДАВОМИДА НИМАЛАР БИЛАН БАНД?

admin

КАСБИДАН БАРАКА ТОПГАНЛАР

admin

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг VI чақириқ L сессияси

admin

ФУҚАРОЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ

admin