Image default
Таълим

Таътил ва китоб

Фурсатни бой бермай, китоб ол қўлга,
Дўстлашсанг кам бўлмай чиқасан йўлга.
Дунё сенга ишониб турибди ахир,
Ўқисанг боғ барпо этасан чўлга.
Имкон бор болажон сенинг қўлингда,
Минглаб кўзлар умидвор равон йўлингда.
Ўқи, излан, ҳаракатда бўл,
Олқишласин ҳамма ўнгу-сўлингда.

Мактаб болалари ҳаётида ёзги таътил алоҳида аҳамиятга эга давр ҳисобланади. Кимдир дам олиш оромгоҳларига, яна кимлардир қишлоқдаги бувиси ва қариндошлариникида вақт ўтказади. Халқимиз меҳмондўстлик билан бирга болажон ҳам. Ҳар бир оилада болалар тарбияси, унинг келажаги, қизиқишлари алоҳида аҳамият касб этадиган жараён.
Мактабда ўқиб юрган вақтларим юқорида айтилган таътил кунлари, ота-онамнинг қизиқишларимга эътибори, бувимларникида ҳамда оромгоҳларда ўтказган вақтларим келажак учун муҳим бурилишлар ясаган, воқеаликларга тўла бўлган. Мактабда дарслар тугаб, июнь ойи бошлангач, қўни-қўшниларимизникига, маҳалладаги деярли барча хонадонларга шаҳардан биз тенги болалар меҳмон бўлиб келишар эди. Чанг ва шағал кўчалар беғубор болалар кулгуси-ю шовқинига тўларди.
Мен ҳам ёзги таътилни яхши кўрардим ва унинг бошланишини интизор кутардим. Жазирама кунлар бошланиши билан бошқа болалардан фарқли ўлароқ, шаҳарга бувимларникига отланардим. Бувим нафақадаги ўқитувчи бўлиб, уйларида жуда катта кутубхона ташкил қилган эди. Каттагина хонани тўлдирган бу китоблар орасида қадимги юнон мифларидан тортиб, Габриел Гарсия Маркеснинг мўъжизавий реализмларига йўғрилган романларигача, Рус адабиёти намоёндаларидан то йигирманчи аср ўзбек адибларининг ҳар бир китобини учратиш мумкин эди. Хона доим салқин бўлибгина қолмасдан, то ойнадаги пардалар ва чироқни ёқмаганимча кундузи ҳам қоронғу бўлиб тураверарди. Кутубхонада қандайдир сеҳрли сукунат ҳукмронлик қилиб, мўъжизавий хаёлот дунёси онгингиз ва руҳингизни бошқарарди.
Бувимнинг бошқа юмушлари чиқиб қолган вақт ўзим учун қизиқарли бўлган жаҳон адабиёти китобларини ўқиб вақт ўтказардим. Бувимнинг уйидаги кичкинагина кутубхонада мен Чеховни танидим, Маркес билан Буендиалар сулоласини йўқ бўлиб кетишини жимгина кузатдим, Эрнест Хеменгуей яратган чолни денгизда улкан балиқ билан аёвсиз курашганига гувоҳ бўлдим. Фёдор Достоевскийни китобларини ўқиб телба бўлдим, Ўткир Ҳошимовни китобларидан ота-онага муҳаббатим ортди, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ёд олиб илк севгимни учратдим, Қодирий ва Навоий билан танишганимдан сўнг эса нақадар буюк миллат фарзанди эканлигимни ҳис қилдим. Мутоала жараёнида бувимнинг сабр билан мавзу моҳиятини аниқ англашга ундашлари, ҳар бир китобда туганмас битмас хазина яширилганлигини тушунтира олгани, адабиётга ошно қилишга ундади.
Менимча, вақти келиб барча инсонлар хаёлидан, дунёда китоблар ва илмдан бошқа барча дўстлар сохта экан, қабилида гаплар ўтса керак. Зеро, донишмандлар бекорга айтишмаган «Ёшликда олинган билим — тошга ўйилган нақш кабидир», деб.

Жавоҳир Мусурмонов,
Журналистика ва Оммавий
коммуникациялар университетининг
4-босқич талабаси.

МАВЗУГА ОИД

SHAHARLARARO OLIMPIADA

admin

ПРЕЗИДЕНТ СТИПЕНДИЯСИГА МУНОСИБЛАР

admin

ЖАРАНГЛАСИН ҚЎНҒИРОҚ, ИЛМ ЙЎЛИДА УЗОҚ

admin

ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

admin