Image default
Uncategorized

КАСБ МАСЪУЛИЯТИ

Бир куни Олмалиқ шаҳар халқ қабулхонасидан телефон қилишди, мерос масаласида бир йигит мурожаат қилаётган экан, нотариуслар қайтаришибди, суд ҳам ишини ҳал қилмабди, бир кўриб беринг хуқуқий ечими борми, дейишди, рози бўлдим. Мурожаатчи йигит келди, жуда асабий, ҳаммадан норози, бировни эшитишга тоқати йўқ.

Одат бўйича ҳол-аҳвол сўраб, вазиятни тушунтиришини сўрадим. Онаси 57 ёшда вафот этибди, отаси ҳам вафот этган, беш фарзанднинг каттаси экан, онасидан кейин мерос расмийлаштириш учун нотариусга борса, бобо-бувисининг ўлими тўғрисидаги гувоҳномаларини сўрашибди.
«Улар аллақачон ўтиб кетган одамлар бўлса, боз устига улар Тожикистонда қолган, Ўзбекистонга келишмаган, мен уларни яхши эслай олмайман, укаларим шу ерда туғилишган, уларни кўришмаган ҳам, бобом вафот этгандаям кичкина эдим, онам боролмаганлар, чегарадан ўтолмаганлар, уйда таъзия очишган. Мен нотариусга бордим, ота-онасининг ўлим гувоҳномасини топиб беролмайман, дедим, улар рад қарори беришди, “судга боринг” дейишди, судга борсам улар ҳам эшитмади, рад қилишди. Онамнинг уйига уларнинг нима алоқаси бор, неча йил олдин ўтиб кетган одам, ахир бу уйни ота-онам ўзлари қийналиб қуришган-ку, тириклигида шунча қийналгани етмагандай, ўлганидан кейин ҳам шунча қийинчиликми, мен ҳам ўқиганман, мен ҳам олий маълумотлиман, ишимни нега ҳал қилишмаётганини биламан сабабини, ҳаммаёқ коррупция, ҳамма бизга ўхшаганни аввал сарсон қилиб, кейин пулини олишни ўйлайди, адолат йўқ…. ва ҳоказо”, — деб роса ичини тўкди.
Мен жим ўтириб эшитдим. Шу орада ҳужжатлари билан ҳам таниша бордим. Марҳума Тожикистон Республикасида туғилган, биринчи навбатдаги меросхўри сифатида ота-онасининг ўлим гувоҳномаси тақдим қилинмагани сабабли нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган. Судга бобо-бувисининг ўлганлик фактини тасдиқлаш тўғрисида даъво аризаси киритилган, Ўзбекистон ҳудудига бирор марта келмаган, бошқа республика ҳудудида яшаб вафот этган, таклиф этилган гувоҳлар қабрини тугул ўзини ҳам кўрмаган, таъзиясида қатнашмаган бўлганлиги учун, бобо-бувининг ўлганлик фактини тасдиқлашни суд ҳам рад этган.
Йигит гапини тугатганидан сўнг унга:
-Тасаввур қилинг, сиз Олмалиқдан Бўкага бораман деб йўлга чиқдингизда, аммо Ангренга қараб юриб кетяпсиз, кимдан йўл сўрасангиз, улар сизга нотўғри тарафга кетаётганингизни, сиз бошқа тарафга юришингиз кераклигини айтяпти, сиз эса улардан жаҳлингиз чиқиб, уларни айблаб яна йўлингизда давом этяпсиз. Сиз битта ҳақиқатни тан олишингиз керак: сиз онажонингизга қанчалик яқин бўлсангиз, унинг ота-онаси ҳам шунчалик яқин қариндош ҳисобланади. Унинг меросига сиз қанчалик ҳақли бўлсангиз, уни туғиб катта қилганлар ҳам шунчалик ҳақли. Ўзбекистон ҳудудига бир мартаям оёқ босмаган одамни суд қандай қилиб “ўлган” деб топади, агар сиз судга бирор адвокат билан маслаҳатлашиб, саволни бошқачароқ қўйганингизда, масалан, меросни қабул қилганлик фактини тасдиқлаб беринг, деганингизда, балки суд даъвоингизни қаноатлантирган бўларди. Сиз билимли инженер ёки врач бўлишингиз мумкин, аммо юрист эмассиз, агар қулоғингиз оғриб қулоқ, томоқ шифокорига борсангиз, баҳслашмасдан уни маслаҳатига қулоқ соласиз-ку? Ҳозир ҳам шундай. Энди менинг гапимга кирасиз: Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада ота-онасининг исми-шарифи кўрсатилган, агар уларнинг вафот этган йилларини ва Тожикистоннинг қайси ҳудудида вафот этишгани ҳақида маълумот берсангиз, уларнинг вафот этганлиги ҳақида маълумотномани Адлия вазирлиги орқали Тожикистондан сўраб олишимиз мумкин. Жавоблар келса меросни бемалол расмийлаштирамиз, фақат сиздан озгина тинчланиб, сабр қилиб туришни сўраймиз, айнан шу хизмат учун сиздан бир сўм ҳам пул сўрамаймиз, — дедим.
Берилган маълумотлар асосида сўровномага жавоб келганида йигит анча сокинлашиб қолган, аммо, барибир томдан тушсаям нарвондан тушмаган ҳолатда эди. Меросни расмийлаштирганимиздан сўнг кечирим сўраб, чин дилдан раҳмат айтди.
Шундай дақиқаларда касбимнинг ўз соҳибига нақадар масъулият юклаши, нотариуснинг қўлига гербли муҳр шунчаки бериб қўйилмагани, керакли дақиқада у ўз давлатининг юзига айланиши ва буни эсдан чиқаришга ҳаққи йўқлиги, ҳар қандай вазиятда зукколик билан тўғри тадбир қила олиши кераклиги, негаки нотариус нафақат адолатга, балки давлатга, давлат органларига халқнинг ишончи рамзи ҳам эканлигини юрак юрагимдан ҳис қиламан.

Феруза Турғунова,
Олмалиқ шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

МАВЗУГА ОИД

КЕЧИККАН САТРЛАР

admin

КОНСТИТУЦИЯ- АДОЛАТ МЕЗОНИДИР

admin

4 ОЙДА 85 ТА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

admin

ОЛМАЛИҚ ТУҒРУҚ КОМПЛЕКСИ ТУМАНЛАРАРО ПЕРИНАТАЛ МАРКАЗГА АЙЛАНТИРИЛДИ

admin