Image default
Жамият

БАҲОР ШИВИРИДАН УЙҒОНДИ ОЛАМ

   Табиат уйғонаётган шу кунларда она замин бағридан сизиб чиқаётган зилол сувлар, уйғонаётган боғлар, ризқ-рўзимиз унаётган далаларга боқиб, жаннатмонанд юртда яшаётганлигимиз, шу юрт фарзанди эканлигимиздан кўнглимиз фахр ва ғурурга тўлади. Куёш кўкка бош кўтариб, табиат уйғонаётган бир паллада дов-дарахтлар, балки одамлар қалбида ҳам эзгулик куртаклар кўз очади. Яратиш, яшнатиш завқи билан бободехқонлар ерга уруғ сепса, боғбонлар кўчат экишга шайланишади. Қизу жувонлар сочларига тол баргидан жамалак, қоқи ўтларидан тож тайёрлаш билан, ўғил болалар варрак учириш ва чиллик ўйнаш билан овора бўлишади.

Дархақиқат, уйғониш фаслининг дилларга ажиб бир илиқлик ва кўтаринкилик бахш этувчи шабадалари эса бошлайди. Дов-дарахтлар уйғониб, атрофга гўзаллик, таровват улашиши баҳорнинг келганидан дарак беради.  Ҳар бир қалб соҳиб ва соҳибаси баҳорни, баҳорий неъматларни, кўклам нафасини соғиниб яшайди. Кишиларни гўзаллик ва улуғворлик туйғуларини ҳис қилишга ундаб, ободлик сари бошлайдиган ҳам баҳордир. Янгиланиш ва яшариш айёми бўлган баҳорда завк нашидасини қалбимизда туямиз. Баҳор келиши билан ўт-ўлану майсалар бодроқдек униб чиқиб, борлиқни яшиллик либосига буркайди. Бу майсалар табиат ҳуснига ҳусн қўшиш билан бир қаторда инсон саломатлигини мустаҳкамлашда ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Қиш бўйи саломатлик учун зарур бўлган витаминларни сарфлаб, кўкламга толиқиб чиққанимизда у бизни қувватбахш неъматлари билан меҳмон қилади. Шу фаслда момоларимиз ва кайвони аёларимиз меҳр билан сумалак, ҳалим, ҳолва, ғилминди сингари миллий таомларимиз, дармондорига бой бўлган кўклам неъматлари бўлган ялпиз, исмалоқ, жағжағ ва турфа кўкатлардан  тайёрланадиган пишириқлар дастурхонимизни безайди.

Чор-атрофни яшил гилам қоплайдиган баҳор фаслида кўнглимиз кенгликлар сари ошиқади. Пурвиқор қир-адирлар бизни бағрига чорлайверади. Кўклам қалбимизга яратувчанлик, бунёдкорлик ҳисларини жўш урдиради. Қўлига токқайчи тутиб, боғдаги мевали ва манзарали дарахтларга шакл беришаётган боғбонларимиз ёнида белкурак ёрдамида ер ағдараётган ёшларни учратамиз. Кўтаринки кайфият ва ғайрат, шижоат билан кексаларимиз ниҳол ўтказишади. Табиат ҳам нафосат фасли – баҳорда бор таровватини намоён этади. Зеро, баҳор инсон умрининг энг яхши ва шифобахш фаслдир.

Кўркамликдан, гўзалликдан дарак берувчи гўзаллик, орзу умидлар фаслидир баҳор. Кайвони онахонларимиз бошлаган дошқозондаги сумалакни кавларканмиз, шундай кунларга етказганига шукроналар айтамиз. Сумалак солиш баҳонасида яқин қариндошлар, қўни-қўшниларни бир жойга жамланганини кўриб, янада яшарамиз.

Яшариш ва янгиланиш айёми диларга сурур, кўнгилларга қувону завқ улашмоққа шошади. Миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз баҳор билан кириб келади. Миллий либосда қир-адирлардан лола-қизғалдоқ терувчи шўх-шодон ўғил-қизларнинг шодон кулгуси қалбларни қувончга тўлдиради. Гулираъно қизлар боғда сайр қилсалар, баҳор шивирлари уйғотар экан оламни. Оналар қалбида қуёшдек балқиб, тараларкан меҳр нурлари. Шунда қуллардаги чечаклар изҳор этаркан ҳайратларини: — Кўклам келди, — дер экан, севгилари, қувончлари тошиб…

Ҳа, қалблари баҳорнинг мафтункор шавқи-суруридан яйраган одамлар бугун хонадонларининг фаровонлиги, юртларининг ободлиги йўлида ўзларини бунёдкорликнинг янги марраларига чоғлаб яшамоқдалар.

МАВЗУГА ОИД

«МЕНИНГ ЙЎЛИМ» ЛОЙИҲАСИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИНГ

admin

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КОМБИНАТ ИШЧИ-ХОДИМЛАРИ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ АКС ЭТАДИ?

admin

ҲАР БИР МУРОЖААТДА ИНСОН ТАҚДИРИ МУЖАССАМ

admin

МУРОЖААТ

admin