Image default
Таълим

ИЛМ-ФАНТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Ҳозирги глобал иқтисодий рақобатда фан-техника ривожига қулай шарт-шароитлар яратиб бераётган мамлакатларгина катта устунликка эга бўлиб бормоқда. Шу боис ҳам юртимизда иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида модернизациялаш, тизимлаштириш ва такомиллаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда. Яъни, илм-фан ва миллий инновацион тизим шаклланиши ҳамда самарали таъсири давлатимиз сиёсатининг асосий мақсадига айланди.

Шу ўринда табиий савол туғилади? Илм-фан ва инновациялар шаклланадиган даргоҳлар сифатида олий таълим муассасаларининг бу жараёндаги ўрни қандай, самарали натижага эришиш учун бугун нималар амалга оширилмокда? Маълумки, ХХ аср охирларига қадар олий таълим муассасаларимизда илм-фан аниқ бир мақомга эга кўрсаткич бўлмаган. Советлар даврида олий ўқув юртлари фақат таълим берувчи ва кадр чиқарувчи муассаса, академик илм-фан билан шуғулланиш эса Фанлар академиясининг вазифаси сифатида қаралиб келиниши оқибатида бу жараён 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида шундай талқин қилинган. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, илм-фан ривожланишида олий таълим муассасаси муҳим ўринга эга. Тараққий этган давлатларда илм-фан асосан, университетларда ривожланади ва катта даромад келтиради. Шунинг учун ҳам олий мактаб фанига бутун таълим тизими учун кучли инновацион ресурс сифатида қapaлади. Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан олий таълим муассасаларида академик фаннинг ўрни муҳимлигини аниқлашга имкон яратилди. Шундай бўлса ҳам, академик илм-фан фақат айрим, яъни илмий мактаблар ривожланган 40-50 фоиз ОТМдагина равнақ топди. Олий ўқув юртларида илм-фаннинг равнақида асосий қадам 2016 йилдан бошланди десак, муболаға бўлмайди. Президентимиз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ бундан буён илм-фан ривожлантирилмаса, тараққиётни сақлаб туриш мушкуллигини таъкидлаган ва соҳа олдига қатор муҳим вазифалар қўйилган эди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизни ривожлантириш дастурларида иқтисодиётнинг бошқа соҳалари қаторида таълим ва илм-фанга алоҳида урғу бериб келинмоқда. Илм-фан соҳасидаги бугунги ўзгаришларга Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрда мамлакатимизнинг бир гуруҳ илм-фан намояндалари, Фанлар академияси аъзолари билан учрашувида тамал тоши қўйилди. Алоҳида Фармон билан илмий салоҳиятини янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда илм-фаннинг аҳамиятини кучайтиришга, академикларнинг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, шунингдек, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қиладиган тадбирлар белгилангани бу соҳада туб бурилиш ясади.
Қиcқa даврда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, олий ўқув юртларидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий қилиниши мамлакатимизда илмий салоҳият ошишига олиб келди. Масалан, Олий аттестация комиссиясининг таҳлилларига кўра, бир поғонали тизимда бир ойда ўртача 9 та диссертация ёқланган бўлса, икки поғонали тизимда ойига юздан ортиқ диссертациялар ҳимоя қилинмоқда.
Соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими такомиллаштирилганини айтиш жоиз. Илм-фан ва таълим соҳасида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимлар, яъни, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга шахслар учун лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) даражасини қўлга киритганларга эса лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилди. Бу илм-фан самарадорлиги ошишига ва кадрлар қўнимсизлиги даражасининг пасайишига олиб келди. Муҳими, одамларда ўқитувчиликка бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. Қолаверса, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу ҳужжат ҳозирда илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш орқали миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишда дастури бўлиб хизмат қилмоқда. Шу тариқа мамлакатимизда илм-фан билан жиддий шуғулланиш учун катта имконият пайдо бўлди. Айни чоғда, албатта, савол туғиладики, хўш, илм-фанни ривожлантириш учун яна нималарга эътибор қаратиш лозим? Бу масала Президент фармонлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўз ифодасини топган. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бугунги кунга келиб инсон капиталига инвестиция киритиш ресурсларни жойлаштиришнинг энг самарали усули сифатида намоён бўлмоқда. Шу маънода, юртимизда ҳам инсон капиталини ривожлантиришга бош мақсад сифатида қаралмоқда. Президентнинг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори инновация фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларга инновацияларни янада самарали жорий этиш учун шарт-шароит яратди. Бугунги асосий вазифалардан бири сифатида энг замонавий, иқтисодиёт соҳаларининг кескин ривожланишига туртки берадиган устувор йўналишларни аниқлаш, илмий ғоя, тажриба-эксперимент, ишланма — интеллектуал маҳсулот тизимини шакллантирадиган илмий тадқиқотларни амалга ошириш керак бўлади. Айни чоғда бу борада ишлар бошлаб юборилди. Буни айнан боғча, мактаб, лицей, ихтисослаштирилган мактаблар, Президент мактаблари тимсолида ҳам кўрса бўлади. Бу билан юртимизнинг ёрқин истиқболи йўлида муҳим қадам ташланди. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион фаннинг ўчоғи бўлган олий таълим муассасалари фаолиятига катта эътибор қаратилмоқда, уларнинг халқаро ташкилотлар рейтингига кириши бўйича ҳаракатлар олиб борилаётир. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Олмалиқ шаҳар Ипак йўли инновациялар университетини айнан шу муддатгача Халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида нуфузли олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш вазифаси белгиланган бўлиб, бу борада амалий саъйи-ҳаракатлар ва натижалар кўзга ташланмоқда.
Хусусан, Ипак йўли инновациялар университети 2023 йилда янги очилган бўлиб ҳозирда ушбу олийгоҳ учта йўналиш бўйича мутахассислар тайёрламоқда. Ҳамда профессор-ўқитувчиларга ва талабаларга барча шароитлар яратилган. Хусусан, Ипак йўли инновациялар университетини Бекобод, Самарқанд вилоятларда хам филиаллари мавжуд бўлиб, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб 10 та йўналиш бакалавр, сиртқи ва магистратура бўйича мутахассислар тайёрланади.

Азиз Қутлимуратов,
Ипак йўли инновациялар университети
Бош директори бошқарув раиси.
Шуҳрат Атаев,
университет
ректори в.в.б.
Дилавруз Пўлатова, университет катта ўқитувчиси.

МАВЗУГА ОИД

КИТОБ МИЛЛАТНИНГ МАДАНИЙ ВА МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

admin

5-МАКТАБНИНГ 5 НАФАР ЎҚУВЧИСИБУЮК БРИТАНИЯДА ТАЪЛИМ САЁҲАТИДА

admin

«БОЛА БОШИДАН…»

admin

ГЕРМАНИЯ БИЛАН ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

admin