Image default
Жамият

СИНАЛГАН САБРИМНИНГ ҲИМОЯСИ

Жамиятимизда аёл киши учун энг яхши касб қайси дейишса, ё ўқитувчи, ё шифокорлик дейишади. Ҳеч бир касб осонликча эгалланмайди. Айниқса, илм йўлидан юриб, йиллар давомида ўқиш-изланишда бўлган, илмий ишлар қилаётган аёлларимиз оддий ўқитувчидан кўра кўпроқ машаққатли йўлни босиб ўтади. Бу йўлдан нафақат метин иродаси кучлилар, шу билан бирга атрофида ўша аёлни тушуна оладиган, қўллаб-қувватлайдиган инсонлари бор аёлларгина ўта олишади. Бугунги кунда олий таълим даргоҳларида ўз йўлини топаётган, илм йўлида ютуқларга эришиб, дарс берадиган аёллар сони ортиб бораётгани албатта, қувонарлидир. Мана шундай аёллардан бири Гўзал Юсуповадир.

Оддий ҳамшираликка ўқиб, шу соҳада ишлаб юрган Гўзал Юсупова шунчаки ҳамшира бўлиб қолишни истамади. Аксинча, билимга бўлган иштиёқи, олий таълим талабаси бўлиш орзуси унга куч берди. Ундаги билимга ташналик ва эртанги кунига бўлган ишонч илдам қадам ташлашга чорлади.
Оҳангарон туманидан бўлган содда, самимий оила фарзанди Гўзал акаси, кардиолог Кабир Юсуповнинг маслаҳати билан олий таълимга ҳужжат топширди. Келинг, яхшиси Гўзал Юсупова тилидан қолган воқеа тафсилотларини ўқинг.

Оғир меҳнатдан ақлий меҳнат томон ташланган қадам
-Бакалаврга ўқишга топширганимни дадам билмаганлар. Улар ҳамшира бўлишимни хоҳлаганлари учун шу соҳа бўйича коллежни тамомладим. Бироқ олий таълимда ўқиш истаги юқори бўлгани боис, уйдагиларга айтмасдан ўқишга ҳужжат топширганман. Тасодиф туфайли ўқишга кирганимни мендан аввал дадам билганлар. Олий ўқув юртидан телефон қилиб, қизингиз ўқишга кирибди, дейишган. Дадам ўша вақтда хурсанд бўлиб, уйдаги битта молини сотиб, шартнома пулини тўлаб келганлар. Ўқишга киргандан кейин поликлиникадаги ишимдан бўшадим.
Оилада акам, мен ва укам ҳам шартнома асосида ўқиганлигимиз учун молиявий жиҳатдан қийинчиликлар бўлди. Дадам давлат ишида ишларди. Бўш вақтларида қўшимча пул топишга ҳаракат қилардилар. Онам доим менга қиз бола ўқиши керак, қизларни бутун ҳаёти давомида куч сарфлайдиган вазифалари жуда кўп. Шунинг учун аёллар дала меҳнатидан кўра, ақлий меҳнат билан шуғуллансалар, нафақат ўзлари, балки фарзандларини ҳам салоҳиятли инсон сифатида тарбия эта олади, дея таъкидларди.
Уйдагиларга ёрдам сифатида, ҳар ҳафта ўқишга кетишимиз учун йўл ҳаққига, қолаверса, бир ҳафталик яшашимиз учун ўзимиз ҳаракат қилиб, пул топар эдик. Баъзан кунлик ишга чиқардик, баъзан деҳқончиликдан олинган ҳосилларни сотиш орқали керакли пулни жамлар эдик.
Дадам жуда кўп китоб ўқиганлар. Оддий қишлоқ ҳаёти, электр токи кўп ҳолларда бўлмас, шундай бўлсада ишлари тугаб, ҳамма ширин уйқуга кетган вақтларда дадам ойнинг ёруғида мароқ билан китоб мутолаа қилар эдилар. Бу ҳам бизга бир мактаб бўлган. Ҳозир улар билан суҳбатлашсак, маънавий озуқа оламиз.
Алоҳида айтишим керак бўлган яна бир жиҳат, ота-онам доим билим эгаси бўлишимиз тарафдори бўлганликлари учун қўшимча дарсларга боришимизга шароит яратиб берганлар.
Машаққатнинг нони ширин
Оддий қишлоқ қизиман. Лекин орзуларим осмон эди. Ўша вақтда “вақти келиб ўқимишли аёл бўламан, ҳамманинг ҳаваси келадиган даражада юксакликка эришаман” дея ният қилганман. Одам қийинчилик бўлмаса, машаққат бўлмаса бир нарсага эришмайди. Машаққат билан эришилган нарсанинг нони ҳам ширин бўлади. Менда танлов бўлган ё қора меҳнатда кун кўриш, ё илм йўлидан кетиш ва камина илм йўлини танлаганман.
“Илм йўлида доим қайсарман”
Бакалаврни тамомлаб, магистуратурага ўқишга кираман деган ниятим бўлган, лекин онам қаршилик қилганлар. Чунки тўй тараддуди бошланган ва онам бировнинг уйига кетаётган қизининг ўқий олишини тасаввур қилолмай, қийналади, деган фикрда бўлган эканлар. Рухсат бермасалар ҳам, индамай бориб ҳужжат топшириб келдим. Унаштирилганман, тўй яқин. Тўйим бўлаётгани ҳам қизиқтирмасдан, фақат тайёрланганман. Қанақа оилага турмушга чиқаётганим, уларнинг ўқитиш-ўқитишмаслиги, булар ҳақида умуман ўйламаганман. Имтиҳон топширганимдан сўнг оз вақт ўтиб тўйим бўлди. Тўйдан кейин қайнонам билан имтиҳон жавобларини билгани борганимизда, грандга кирганимни кўрган қайнонам, мендан кўп суюндилар. Ўқишимга ҳеч бирлари қаршилик қилмадилар.
Магистратурани тамомлагандан сўнг доктарантурага ҳужжат топширмоқчи эканлигимни уйдагиларимга айтганимда, дадангга айтмай бакалаврга, онангга айтмай магистуратурага ҳужжат топширдинг, энди турмуш ўртоғингга айтмай доктарантурага топширасанми, деб ҳазиллашгандилар. Табиатан бир нарсага қатъий киришсам, ўша нарсани охирига етмагунга қадар доим ҳаракатда бўламан. Кимлардир буни қайсарлик деб баҳолашар. Лекин мен буни илм излаш йўлидаги ҳаракат дея баҳолаган бўлар эдим. Илм йўлидаги қайсарликни ёмон одат деб ҳисобламайман.
ТДТУ Олмалиқ филиалига ишга кирганимдани кейин филиал директори Алишер Самадовнинг қўллашлари ҳамда Ғулом Бектурдиев илмий раҳбарлигида илмий иш қилиш учун биринчи қадамни ташладим. Доим компьютерда ишлар, Тошкентга бориб катализатор-синтез қилардим, илмий ишим билан кўпроқ уйда эмас, кўчада юрардим. Шундай бўлсада, уйимдагилар мени тўғри тушунишар, қўллаб-қувватлашарди. Жуда кўп вақтимни илмга сарфлашга тўғри келди.
Кутилган онларнинг кутилмаган зарбалари
Қайнона-қайнотам, ота-онам ва турмуш ўртоғим ҳимоя қачон деб ҳар куни сўрардилар. Иккинчи фарзандимга ҳомиладорман, ҳимоя яқин, ҳамманинг сабри тугаган. 100 фоиз тайёрман, семинарга чиқаман деганимда, тақризчим илмий ишимни 80 фоиз ўзгаради, деганларида жуда қаттиқ таъсирландим, ўнгланишим қийин бўлди. Чунки бу бошидан бошлаш дегани эди.
Илмий ишим неча йиллик меҳнатим, уйқулар эвазига алишган билимим бўлгани учун боламдай азиз бўлиб қолган эди. Ҳаттоки, лабораторияда анализ-синтез ишларини олиб бораётганимда бутун танамга қандайдир тошмалар тошиб кетган, ўша вақтда билсам иккинчи фарзандимга ҳомиладор эканман. Жуда қаттиқ тушкунлик сабаб анча қийналдим, орада фарзандим туғилди. Бутун онгим нафратга тўлиб қолди. Лекин фарзандим учун ўзимни қўлга олишим керак эди. Лекин доим таслим бўлмасликка ҳаракат қилдим. Баъзан жуда қийналиб кетган вақтларим, ҳаммасига қўл силтамоқчи ҳам бўлганимда қайнонам ва турмуш ўртоғим менга далда бўлишди.
Синалган сабримнинг ҳимояси
Чақалоғим 20 кунлик бўлган куни акам ва умр йўлдошим мени икки қанотим бўлиб, қайта куч ва илҳом бериб, илмий ишимни қолган жойидан давом эттиришим учун Раҳмат Юнусовнинг ёнларига олиб боришди. Устозим жуда талабчан эдилар. Шунингдек, Шуҳратқодир Ғуломов ва Ҳикмат Насруллаев шунча йиллик меҳнатимни йўққа чиқармасдан, қайта ишлаб, ёрдам беришди. Бироқ қизим ёш бўлгани учун илмий ишимни ёқлаш осон кечмади. Ишдан сўнг ҳар куни илмий раҳбарим ёнига бориб, ёзмаларимни қайта кўриб чиқардик.
Бахтимга, атрофим мени тушунадиган инсонлар билан тўла. Шулардан энг яқини умр йўлдошим ҳимоягача доим ёнимда бўлдилар. Акам ҳам илмий ишимдаги ҳар бир жараёндан бохабар эдилар. Улар ҳам барча синовларларни мен билан тенгма-тенг ҳис қилиб, ёнимда юрдилар.
Шу ўринда илм йўлига кираётган аёлларга айтар гапим, илмий ишни сиз қилсангизда, лекин атрофдагилар сизни қўлламаса, ҳеч нарса қила олмайсиз. Юқорида таъкидлаганимдек, илмий ишим фарзандимдек азиз бўлиб қолган, сабаби битта болага қанча эътибор ва қаров керак бўлса, илм ҳам биринчи ўринда вақтни ажратиш, ўша вақтдан самарали фойдаланиш, бутун куч ва эътиборни унга қаратишни тақозо этади.

Суҳбатдош Дилдора Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ДАСТУРЛАР — КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

admin

«АХБОРОТ ВА ФИКР ЭРКИНЛИГИ БУ –МИЯГА КЕЛГАН НАРСАНИ ЁЗИШ ДЕГАНИ ЭМАС»

admin

НУРОНИЙЛАРНИ ЙЎҚЛАБ

admin

Режа бажарилди:63 минг туп дарахт экилди

admin