Image default
Таълим

ХИТОЙ: ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА ТААССУРОТЛАР

Халқаро ҳамкорлик ҳар бир олий таълимнинг мақсади ва бу орқали улар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга бир-бирларидан жуда кўп нарсаларни ўрганиш имконига эга бўлишади. Айни шу мақсад йўлида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда бир нечта олий таълим муассасалари раҳбар кадрларидан иборат делегация Хитой халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб қайтишди.

Делегация таркибида бўлган ТДТУ Олмалиқ филиали Илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Д.Б.Холиқулов ўзининг сафар таассуротлари, ҳамкорлик алоқалари ҳамда ривожланган давлатдаги таълим салоҳияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Chinese Bridge — “Хитой кўприги” қандай ташкилот?

  • Chinese Bridge — “Хитой кўприги” ташкилоти лойиҳаси доирасида ташкил этилган Хитой сафарида Ўзбекистондан 8 нафар, Непалдан 20 нафар, Беларусдан 2 нафар, Италиядан 10 нафар бўлган 40 кишилик делегация 10 кун давомида Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлишиб, уларнинг таълим ва маданиятини яқиндан ўрганиш имконига эга бўлишди.
    Хитой дунёдаги аҳолиси энг кўп давлат эканлиги ва ривожланиш борасида илдамлаб кетганини деярли ҳамма билади. Хитойга ташриф чоғида бу давлатнинг аҳолиси сонидан келиб чиқиб, бинолари ҳам шунга монанд тарзда катта ва кенг қилиб барпо этилгани гувоҳи бўлдим. Хитойнинг янги қурилган аэропорти, ҳатто биз жойлашган меҳмонхона ҳам ҳажм жиҳатдан катта бўлиб, деярли одамлар билан тўла.
    Пекин шаҳри 5 та ҳалқа йўлидан иборат бўлиб, делегация 5-ҳалқа йўлидаги шаҳар четидаги меҳмонхонага жойлаштирилди. Биз турган меҳмонхона 9 қаватли бўлиб, ҳар қаватнинг ўзида яшаш учун 150 та хонаси ва ресторан, кафе, конференция заллари мавжуд экан.
    Chinese Bridge — “Хитой кўприги” ташкилоти томонидан делегацияга турли тилни (рус, инглиз, хитой тили) биладиган таржимонлар бириктирилган. Бу ташкилот турли давлатлар билан шартнома асосида ўз давлатига ташриф уюштириб, бошқа давлат делегацияларини мактаб, коллеж, олийгоҳлар ҳамда тарихий жойларга олиб бориб, тили, таълими ва маданиятини дунёга кенг ёйишни мақсад қилган. Бу йўлда етарлича харажат қилишга тайёр.

Мактаб таълими
Пекин шаҳридаги ўрганишларда энг эътиборимни тортгани — мактаб таълими. Биргина мактаб кутубхонасида 36 минг хил китоб, мутолаа учун 20 та алоҳида хона, маданий ҳордиқ учун ҳам жой ажратилган. Китоб ўқиш учун барча шароит етарли. Оддий, ихтисослаштирилган ва ҳатто хусусий мактабларда бўлдик. Барчасида кутубхонага эътибор жуда кучли. Ўқитувчи бир ой давомида 15 та китоб, ўқувчи эса 2 та китоб ўқир экан. Китоб ўқиб бўлингач, албатта, дарс давомида китобнинг мазмун-моҳияти биргаликда муҳокама қилинади. Энг ёққани, мактабларда умуман телефон ишлатилмайди. Форма асосан, спорт кийими услубида. Ҳар бир мактабнинг ётоқхонаси бор, овқатланиш давлат ҳисобидан.
Мактаб тизимида эркинлик бор. Бир синфда 18-20 нафар бола, айрим хоналарда умуман парта-стул йўқ, гилам тўшаб қўйилган. Айримларида иккаласи ҳам бор. Ўқувчи истаса ерда, истаса стулда ўтириб дарсни тинглаши мумкин. Ҳар бир синф хонасида ойнали иккита эшик. Бу ичкаридаги дарс жараёнини кузатиш имконини беради.

Техник ходими йўқ мактаблар.
Мактабларда умуман техник ходимлар йўқ. Ўқувчилар ўзлари ҳамма жойни навбатчилик асосида тозалашади. Дарс вақтида йўқлама қилинмайди, сабаби бутун масканда камера, монитор орқали йўқлама қилиш имкони мавжуд. Мактаб таълими 3 босқичга бўлинади. Биринчиси, 1-6 синфда — бошланғич, бу вақтда бола баҳоланмайди. 6-синф якунида имтиҳон топширилиб, кейинги босқичга ўтилади. 7-синфдан 9-синфгача 2-босқич бўлиб, 3 йил ўқигач, охирги босқич, 10,11,12-синфлардаги таълимни олишади. Ўқувчи йилига икки марта имтиҳон топшириб, билимлари баҳоланади. 12-синф якунида ўқувчилар ягона имтиҳон маркази орқали имтиҳон топшириб, университетларга киришлари мумкин.

Тарбиянинг асоси — эркин фикрли шахс тарбиялаш
Мактабларнинг энг катта ютуғи болага ҳеч қачон “уни қилма, буни қилма” деб чеклов қўйилмас, мустақил фикрлашлари учун имкон беришаркан. Синфларда электрон доскалар бўлсада, қўл меҳнати билан қилинган ишлар юқори баҳоланади. Шунинг учун бўлса керак, мактаб коридори ўқувчилар томонидан чизилган расмлар ва ясалган кўргазмалар билан лиқ тўла. Яна макетлар ҳам қўйилган, ўқувчиларнинг келажакни тасаввур қилишлари макетлар орқали ифодаланган. Улар орасида космос тасвирларини учратиш мумкин. Ёшларга космос хитойлик томонидан ўзлаштирилади деган ғоя сингдирилмоқда. Бу ғаройиб ғоялар йиғиндиси бўлган кўргазма эътиборингизни тортмасдан қолмайди.
Синфхоналарнинг ҳаммасида кубик-рубикнинг 100 хили териб қўйилган. Мактаб стадионида кубик-рубик машғулоти бўлаяпти. Ҳар бир бола қоғоздаги нақшни ясаши керак. Деярли билмайдиган бола йўқ. Аввалига кичик гуруҳларда расм чизилди, кейин барча болалар бирлашиб, майдонда шакл ҳосил қилинди. Хато қилган боланинг хатосини ёнидаги тенгдоши ҳеч бир гап-сўзсиз тўғирлаб, яна жойига териб қўяпти. Жамоавийликнинг энг юқори кўриниши. Яъни бу билан улар бирлашгани учун катта нарсалар ярата олишлари мумкинлигини англаб етаяптилар.
Пекиндаги ҳар бир мактабда биринчи соатдан кейин спорт машғулотлари ўтказилар экан. Мактаб ҳовлисида кимдир баскетбол, волейбол, теннис, арқон сакраши, кубик рубик ўйнаши ва копток тепиши мумкин. Энг асосийси мактаб уларда жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини шакллантириб беради.

Музей ташкил этиш анъанаси
Мактаблар меҳмон келади деб махсус тайёргарлик кўришмаган. Яъни исталган синфдаги одатий дарс жараёнларига гувоҳ бўлдик. Юқоридаги фикрлар айнан одатий жараёнлардан келиб чиқиб билдирилди. Яна бир эксклюзив ҳолат, Хитойдаги ҳамма таълим даргоҳларида музейлар ташкил этилишига катта аҳамият қаратиларкан. Бу анъанага айланган, деярли. Таълимдаги ҳар бир жараён музей тарихида қолдирилади.
Мактаб ким томонидан ташкил этилганлиги ва йиллар давомида кимлар ўқишган, қандай ўқитувчилар фаолият олиб борган, мактаб ҳаётида қанақа муҳим воқеалар содир бўлган, барча маълумотлар музейда сақланади. Ҳар бир ўтиш даврининг ўз тарихи бор. Мана шу тарихни асраб қолишнинг энг яхши варианти жойларда музей ташкил этиш. Бу ҳам маданиятнинг энг юқори кўриниши. Айниқса, ҳар бир таълимда ташкил этилган журнал орқали ҳам кўпроқ ўзлари ҳақида маълумот беришлари мумкин.
Яна бир жиҳат ҳар бир мактабда робототехника тўгараклари фаолият юритаяпди. Ўқувчилар доимий равишда роботлар ясаш, уларни такомиллаштириш бўйича изланишлар олиб боришмоқда…

Хато қилса ҳам, муҳими бажарсин
Ўрганиш давомида Пекин боғчаларида ҳам бўлдик. Биз кирган гуруҳда узум ҳақида мавзу ўтилиб, унинг рангини ҳосил қилиш тушунтирилди ва болаларга уни ясаш вазифаси айтилди. Болалар тушунганлари бўйича вазифани бажаришга киришдилар. Бу ерда ҳам болага сен хато бажараяпсан, дейилмас экан.
Шу вақтда шеригим узумни хато ясаётган болачага, хато бажараяпсан, деган маънода “no-no” деган ондаёқ, боланинг кайфияти тушиб кетди. Шунча узр сўраб, ёрдам бериб, узумини ясаб берса ҳамки, қовоғи очилмади. Ўқитувчи эса ўқувчига ҳеч нарса демади. Шунда билдикки, хато бажарса ҳам, муҳими вазифасини қилишга доим имкон бериларкан. Асосий эътибор боланинг дунёқарашини ўзгартиришга қаратилган.

Ўқитишмас, ўқиш ва уқиш муҳим
Ҳар бир таълим даргоҳида Хитой маданиятини акс эттирувчи бурчак бор. Биз борган хусусий Пекин технология университетининг Генгдан институтида ҳам 300 минг турдаги китоблар ва замонавий кутубхонасини кўрсатишди. Шунингдек, хусусий ОТМнинг асосий мақсади, битирувчиларни иш билан таъминлашдан ташқари, ишлаб чиқариш корхонасида ўз ўрнини топишга кўмаклашишдир.
Университетдаги дарслар вақтини профессор-ўқитувчининг ўзи белгилайди. Масалан, 1-жуфтлик эрталаб бўлган бўлса, 2-жуфтлик профессорнинг вақтига қараб тушликдан кейин, дейлик соат 17:00лар атрофида бўлиши мумкин. Бу вақт оралиғида талаба китоб ўқиши мумкин ёки уйга топшириқларини бажариб олади. Хитойда энг олий мавқели иш — давлат иши. Ойлиги кам бўлиши мумкин. Лекин имтиёзлари кўп. Агар ходим давлат ишидан бўшатилса, қайта давлат ишига кира олмайди. Хусусийда ишлаши мумкин. Ҳаттоки, хусусий университетлардан кўра, давлат университетида ўқиш бироз қийин. Уларда талабалар стипендия олишади, аъло баҳога ўзлаштирса фанларни, йилдан йилга уларнинг контракт суммалари камайтирилиб, контракдан бюджетга ўтиш имконияти ҳам яратилган.
Университет коридори деворида битирувчи талабалар ўзларининг турли жойда, турли шаклда тушган расмларини жойлашган. Одамларга мотивация. Кимнингдир фарзанди, кимнидир қариндоши ўша ерда бўлиши мумкин-ку!?

Маданиятига содиқ
Биз сафарда деярли нақд пулдан фойдаланмадик. Чунки Хитойда тўловлар асосан телефон орқали онлайн амалга оширилади. Бунинг учун шароит етарли. Метрога тушсангиз одамлар асосан телефон орқали тўлов қилаётганини кўрасиз. Фақат уларда метрога тўловни масофага қараб тўлашар экан. Пекиндаги барча харажатлар фақат ўзларининг миллий валютаси – юанда амалга оширилади. Доллар деярли муомалада йўқ. Мулоқотда ҳам қаерга борманг, фақат хитой тилида сўзлашади. Шунингдек, бу давлатда хитой тилини ўрганувчилар учун бир йиллик бепул курслар ташкил этилган бўлиб, агар Хитой тили ўқитувчиси бўлса, ўзлари ўқитувчини чақириб, малакасини оширади, хитой тилига ишқибозлар кўп бўлса, ўз ўқитувчиларини юборади. Муҳими, тилини ўрганмоқчи бўлганларни асло рад этишмайди.
Рекламага жуда катта урғу берилган. Кечаси ҳам кўчалари реклама баннерлари ҳисобига ёп-ёруғ. Баннерлар асосан хитой тилида. Тагидан кичкина қилиб, инглиз тилида ҳам ёзиб қўйишган. Хитойда энг кўп нарса савдо марказлари ва дўконлар, энг қулайи етказиб бериш (доставка) фаолияти аъло даражада. Ҳамма жойда бу хизмат тури бор. Ҳаттоки робот орқали етказиб берувчиларини ҳам учратдик.

Яшилликка интилиш
Пекин шаҳри ям-яшил дарахтлар билан бурканган. Оралари 3 метрдан стандарт шаклда, орасида очилиб қолган жой ёки қуриган дарахтни учратмадик. Бир қарашда деярли ҳаммаси бир хил. Хитойда дарахт қайси шаҳарда кўп бўлса, одамлар ўша шаҳарга интилишар экан.
Кейин бу халқ ҳам ўзбеклар каби меҳмондўст. Қаерга борманг, бир пиёла чойсиз, совғасиз юборишмас экан.
Императорнинг саройига ҳам саёҳатга олиб боришди. Одам тирбанд. Бу эшикдан кириб, нариги эшикдан чиқиб кетасиз. Одамларнинг ўзи сизни олиб чиқиб қўйишади. Ҳамма жойда видеокамера. Адашиб қолсангиз, камеранинг ўзи сизни топиб беради.
Сафарда мен ҳам филиалда ҳар бир факультетда музей ҳамда битирувчи талабалар учун расмлар стендини ташкил этиш мақсади билан қайтдим.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, юқорида келтирилган таассуротларнинг ўзиёқ Ўзбекистон таълими учун Хитойдан ўрганса бўладиган жиҳатлар кўплигини англаш мумкин.

Суҳбатни Дилдора
Абдураҳмонова
ёзиб олди.

МАВЗУГА ОИД

ЗУККОЛАР САРАЛАНДИ

admin

ФАН ОЛИМПИАДАСИНИНГ ШАҲАР БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ

admin

ҚИЗ БОЛАНИНГ ТАРБИЯСИ — МИЛЛАТ ТАРБИЯСИ

admin

«ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎҚИТИШ БЎЙИЧА ЭНГ ЯХШИ МАКТАБ” ТАНЛОВИ ҒОЛИБИГА 100 000 000 СЎМ

admin