Image default
Жамият

МУСИҚА-МАЪНАВИЯТ МУЖДАСИ

Скрипка — юрак учун илоҳий бир эликсирдир… Ҳар гал 41 йилдан бери скрипка устози бўлиб фаолият юритиб келаёган Сим Лара Владимировна билан суҳбатлашганимда, унинг ижодий ишларидан баҳраманд бўлганимда скрипканинг беқиёс, такрори йўқ оламига шўнғийман-да юқоридаги ҳақиқатни тан оламан.

Мусиқасиз ҳаёт — хато бўлган бўларди.

(Фридрих Ницше)

Айтишларича, илк скрипкалар Италияда яратилган, аммо унинг илдизи қадимги Ҳиндистонга бориб тақалалиши тарихий маълумотларда ўз аксини топган. Лекин бугунги кўринишдаги скрипкаларнинг вужудга келишида италиялик Антонио Страдивари номи тилга олинади. Ушбу мусиқа асбобларининг яратилиши, созланиши кўпинча сир тутилган, маълум бир оилаларгина уни ярата олган ва бу борадаги сир бир авлоддан иккинчи авлодга ўтиб кетаверган экан. Мусиқа оламида “қиролича” деб номланадиган скрипка мусиқа асбобини юксак профессионализм ва маҳорат билан ёш авлодга ўргатиб келаётган Сим Лара Владимировна шаҳримиздаги 8-сонли мусиқа мактабининг фахрли устозларидандир.
Сим Лара Владимировна номини кўпчилик танийди. Айниқса, мусиқани севадиган, бу соҳада ўзининг аниқ мақсадларига эга ёшлар қаҳрамонимизнинг номини ҳурмат ва юксак шараф билан тилга олишади.


Ҳозирда “Музыкальный Микс” оркестр жамоасига раҳбарлик қилиб келаётган қаҳрамонимизнинг скрипкачи ўқувчилари бир қатор Республика ва халқаро танлов совриндорлари бўлиб келишмоқда. Бунга мисол қилиб “Санъат сеҳри” республика танлови ҳамда МДҲ мамлакатлари ўртасида мунтазам равишда ташкиллаштирилиб келинадиган “Кубок наций” халқаро даражадаги санъат чемпионатида биринчи даражали Диплом ортидаги муваффақиятларни тилга олишимиз мумкин. Лара Владимировна асос солган “Виола” ансамбли таркибида 25 та чолғучи фаолият юритиб, ўз навбатида ижодий гуруҳ кўплаб танловларда муваффақият қозониб келди, дейиш мумкин.

  • Биласизми, мусиқа билан шуғулланган болаларнинг тил ўрганишдаги қобилиятлари мусиқа билан шуғулланмайдиган тенгдошларига нисбатан икки баробар кўпроқ бўлиши тадқиқотларда исботланган. Шунингдек, ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинми, айнан скрипка билан мунтазам шуғулланиб юрган одамларда нутқий қобилият ҳам яхши даражада ривожланган бўлади,-дейди биз билан суҳбатда Лара Владимировна.

… “Агар от ўзининг қанчалик қувватга эга эканлигини билганида жиловлаб қўйишларига йўл қўймасди” дейишади тибетликлар. Дарвоқе, оптимизм, олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш, ўзининг қувваи ҳофизасини синаб кўриш каби фазилатларни яхши ўзлаштирган қаҳрамонимиз ҳаётсеварлиги билан киши эътиборини тортади. 60 ёшни қарши олаётган қаҳрамонимиз нафақат моҳир ва тажрибали педагог, нафақат устоз мақомидаги инсон, балки ўз фарзандларини ҳам тўғри тарбиялаб, уларни жамиятга керакли одамлар қилиб улғайтирган ОНАДИР! Зеро, фаранг файласуфи Жан Жак Руссо айтганидек, “СИЗ БИЗГА ЯХШИ ОНАЛАРНИ БЕРИНГ, БИЗ СИЗГА ЯХШИ ФАРЗАНДЛАРНИ БЕРАМИЗ”… Ҳаёт ҳам кўзгуга ўхшайди. Унга қандай қарасанг, у сенга шундай жавоб беради”! Бутун тийнатида қувноқ бир кайфият, оптимизм юқори бўлган қаҳрамонимиз Сим Лара Владимировна ҲАЁТ КИТОБИ бу фикрларимизни янада теранлаштирди, назаримизда…

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

УЙ-ЖОЙЛАР КИМЛАР УЧУН БЕРИЛДИ?

admin

“ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ” КОРХОНАСИ СИНОВЛАРГА ТАЙЁРМИ?

admin

СЕССИЯ ҚАРОРЛАРИ ШАҲРИМИЗДА ЯНА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?

admin

ШАҲАР КЕНГАШИ ДЕПУТАТЛИГИГА БЎШАБ ҚОЛГАН ЎРИНЛАР УЧУН
БЎЛИБ ЎТГАН САЙЛОВ НАТИЖАЛАРИ

admin