Image default
Спорт

ОКМК ФКТОШКЕНТ ЖАМОАСИНИ МАҒЛУБИЯТГА УЧРАТДИ

29 март куни Суперлиганинг 4-турида ОКМК ФК ўз уйида пойтахтнинг «Бунёдкор» клубини қабул қилди ва муҳим ғалабага эришди.

Олмалиқда бўлиб ўтган учрашув стартини футболчиларимиз ҳужумкор руҳда бошлашди. Илк дақиқаларданоқ вакилларимиз кетма-кет зарбалари билан «Бунёдкор» дарвозабонини ва ҳимоя қўрғонини синовдан ўтказишни бошлаб юборишди. Айниқса, Ариҳиро Сентоку ва Аҳмадалиевларнинг тепган тўпи рақиб ҳимоячиларига тегиши оқибатида ўз йўналишини ўзгартирди ва ҳисоб очилмай қолди.
Учрашувнинг 16, 17 ва 20-дақиқаларида эса Миржалол Қосимов шогирдлари яна голли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо бу сафар Хуршид Ғиёсов, Дилшодбек Аҳмадалиев ва Милян Шкрбичлар томонидан йўлланган хавфли зарбаларни «Бунёдкор» посбони Сарвар Каримов ажойиб сейвлари билан жамоасининг жонига оро кирди.
38-дақиқадан бошлаб «қалдирғочлар» ўйинни 10 киши бўлиб давом эттиришга мажбур бўлишди. Яъни Фрайн Чиряк жамоамиз аъзоси Ойбек Рустамовга нисбатан ўта қўпол тарзда ҳаракат қилганлиги учун бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев томонидан иккинчи огоҳлантиришдан сўнг қизил карточкага лойиқ кўрилди ва майдондан четлатилди.
Ўйин ва сон жиҳатдан устунликка эга бўлган «кончилар» ҳужумга янада зўр беришни бошлашди. 51-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган Нодирбек Абдураззоқовнинг «қайчи» усулида берган зарбаси бироз ноаниқ кетган бўлса, 69-дақиқада Азиз Холмуродовнинг бош билан йўллаган тўпи дарвоза тўсинига тегиб ортга қайтди. Ўйинда яна бироз вақт ўтиб 82-дақиқада Нодирбек Абдураззоқов яна қулай вазиятга чиқиб бориб зарба йўллади, аммо «Бунёдкор» дарвозабони тўғри позиция танлаганлиги учун ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Ва ниҳоят 84-дақиқада олмалиқлик мухлислар бутун стадион бўйлаб жонланишди. Яъни, ОКМКнинг янги трансферларидан бири бўлган япониялик Ариҳиро Сентоку рақиб жарима майдони ичида Хуршид Ғиёсовдан келган узатмани қабул қилиб, дарвоза томон ажойиб зарба йўллади ва «Бунёдкор» посбони Сарвар Каримовни «имтиҳон»дан йиқитди — 1:0!
Шундан сўнг, учрашув тўлиқ жамоамизнинг назорати остида ўтди ва бошқа ҳисоб ўзгармади. Сентокунинг голи ягоналигича қолди ва «кончиларга» ғалаба келтирди.
Бу муҳим ғалабадан сўнг жамоамиз 3 очкога эга чиқиб, турнир жадвалида бешинчи ўринга кўтарилиб олди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Суперлигаси 5-турида ОКМК футбол клуби Термизнинг «Сурхон» жамоаси меҳмони бўлади. «Сурхон» клубининг уй стадиони таъмирланаётгани сабабли, ушбу ўйин 6 апрель куни «Пахтакор» стадионида соат 19:15да бўлиб ўтиши белгиланган.

Али Абдуахадов,
ОКМК ФК Ахборот
хизмати медиа муҳаррири.

МАВЗУГА ОИД

СПОРТЧИЛАР ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

admin

ДАВРАЛАРДА ЎЙНАСИН ОНАМ

admin

ҒАЛАБА УЧУН МУНОСИБ ҚАДАМ

admin

ЎЗБЕКИСТОН ЖАҲОНДА ТЕНГСИЗ

admin