Image default
Таълим

МАТЕМАТИКА ВА ГЎЗАЛЛИК

Чин инсон ҳамиша яхшиликка, эзгуликка, гўзалликка интилиб яшайди, ҳаётнинг ҳар жабҳасидан гўзаллик ахтаради. "Агар математика гўзал бўлмаганида математиканинг ўзи бўлмас эди". Бу фикрни Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети Олмалиқ филиалининг "Энергетика ва машинасозлик" факультетида таҳсил олаётган бир гуруҳ  талабалар билдиришди.

Гап шундаки, айни пайтда юртимиз бўйлаб кезаётган мафтункор баҳор фаслига монанд тарзда яқинда факультетнинг "Математика ва информатика" кафедраси томонидан "Математика ва гўзаллик" деб номланган мавзуда ажойиб бир тадбир бўлиб ўтди. Иқтидорли талабалардан иборат учта гуруҳ мавзуга оид билим ва маҳоратларини намойиш этишди. Талабалар математикага шеъриятни ҳам боғлашди. Шу боисдан даставвал биринчи шартга асосан ўз жамоаларини шеърий усулда бир-бирларидан гўзал тарзда таништирдилар. 
Иккинчи шарт бўйича гуруҳлар сонлар иштирокида энг кўп мақол, ибора ва ҳикматли сўзлар айтишлари керак эди. Учинчи шарт мантиқий саволларга тўғри жавоб қайтариш. Тўртинчиси фақат олти дона гугурт доначаларидан биринчи бўлиб тўртта мунтазам учбурчак ясаб бериш бўлса, сўнгги шарт эркин мавзу бўлди. 
Ушбу кечанинг эътиборга лойиқ муҳим жиҳати шунда бўлдики, талабаларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишлари жуда қизиқарли тарзда кечди. Буни тадбирлар залини тўлдириб ўтирган ёшларнинг гуруҳлар чиқишларини қизғин олқишлаб туришлари ҳам кўрсатиб турарди. Жумладан, гуруҳлар аъзоларининг бирин-кетин сўзни сўзга улаб айтишлари уларнинг халқ мақоллари ва ҳикматлардан анча яхши хабардорликларини билдириб турарди: "Қарс икки қўлдан чиқади", "Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар", "Иш билганга минг танга",   "Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ", "Бир соат билим олмоқ қирқ кунлик ибодатга тенг"...
Кафедранинг катта  ўқитувчиси Одилжон Жабборов бошқариб борган мантиқий савол-жавоблар шартининг бажарилиши ҳам барчанинг эътиборини бутунлай жалб қилиб олди. Чунки саволлар жудаям қизиқарли ва мулоҳазага чорловчи эди. Масалан: "Икки ота ва икки ўғил йўлда кетаётиб учта олма топиб олишди. Уларнинг ҳар бирига биттадан олма тегди. Бу қандай содир бўлди?", "У савол эмас, лекин жавоб бериш керак",   "Бу нарса инсонга икки марта берилади. Учинчисини сотиб олади. Бу нима?"... 
Тўртинчи шартни ҳеч қайси гуруҳ белгиланган вақтда тўлиқ уддалай олмади. Аммо бешинчи шартни бир-бирларидан қизиқарли бажаришиб, талабалар фоалиятида ва ҳаётда учрайдиган муаммоли ҳолатларга ечим бўлиши мумкин бўлган йўлларни саҳна кўринишларида таъсирчан ифодалаб беришди. 

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний ҳисоб -китобларига кўра, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Райҳон Беруний номлари билан беллашган уч гуруҳ ичида энг кўп балл тўплаган Абу Райҳон Беруний номли гуруҳ танловда биринчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Кафедра мудири, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Дилдора Сулаймонова ва доцент, физика-математика фанлари номзоди Фарҳод Мўминов тадбир якуни бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирар эканлар, бу каби танловларнинг ташкил этилиши талабаларнинг дунёқарашларини кенгайишида, ҳаётда ўз ўринларини топишларида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Масалан, аввалроқ ўтказилган пазандачилик танлови талабаларга бу соҳани ҳам чуқурроқ ўрганиш фақат фойда келтиришини яхшироқ англатди. Ўша танловда талаба қизлардан Руҳшона Ўринбоева, Ҳикматой Очилова, Севинч Нуриллаевалар тотли егуликлар тайёрлашда тенгсиз эканликларини кўрсатишди. «Зулфия — тонг куйчиси» номи билан ўтказилган кечада эса талаба-ёшлар шоира Зулфия Исроилова асарлари ва умуман шеърият олами кишиларни фақат яхшилик ва гўзалликка чорлашига чуқурроқ амин бўлдилар.
Амалдаги 2023-2024 ўқув йилида факультетда 781 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар тажрибали ва билимдон устозлари раҳнамолигида эл-юртимиз корига яровчи мутахассислар бўлиш ниятида қалбларига билим билан бирга гўзалликни — маънавиятни, маърифатни, тарбияни ҳам жо қилиб бормоқдалар.

Қудрат ОДИНАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмасининг аъзоси.

МАВЗУГА ОИД

ТАФАККУР ХАЗИНАСИ

admin

КИТОБ МИЛЛАТНИНГ МАДАНИЙ ВА МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

admin

ИЛМУ УРФОН ЁШЛАРИ

admin

СИЗ ИЛА БОШЛАНУРБАҲОР НАФАСИ…

admin