Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича халқаро тавсиялар ва хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари уч босқични ўз ичига олиб, уларнинг доирасида тадбирлар ҳам босқичма-босқич, ҳам бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин.
Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади.
Бунда қуйидагилар амалга оширилади:
► аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
► аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш;
► синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва унинг асосида методологик ҳужжатларни такомиллаштириш;
► аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режаларини тузиш;
► аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш;
► ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш; моддий-техника таъминоти воситаларини харид қилиш, шунингдек, уларни рўйхатга олиш участкаларига етказиш;
► рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш; рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш;
► аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар.
Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Бу 1-2 ой муддатни ташкил этади.
Учинчиси, сўнгги босқич бўлиб, 2-3 йил давом этади.
Бунда йиғилган бирламчи маълумотлар қайта ишланади, умумлаштирилади, таҳлил қилинади ва натижалар эълон қилинади.
Шухрат Исахўжаев,
шаҳар Статистика
бўлими бошлиғи.