OLMALIQ HAYOTI
Image default
Жамият

ОЛТИН ҚУЙМАЛАРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲАЁТ: САБОҚ ВА САБОТ

…Отам — Мусулмонқул Асқаровнинг ҳаёт фалсафаси, юксак нарсалар ҳақида ўйлаши, адабиётга, китобларга бўлган меҳри бизга илм олишнинг энг яхши муҳитини яратиб бера олди. Сўлим ёз кунлари тенгдошларим кўчаларда ўйнаркан, мен дераза олдида уларга ҳавасманд тикиламан, қалбимда исён: Шу тенгқурларим ичида нега мен йўқман? Нега истаганимча ўйнашга рухсат йўқ? Атрофимга қарайман: жавон тўла китоблар. Отам уларни катта-кичиклигига қараб авайлаб, кўзига суртиб жойлаган. Жек Лондоннинг “олтин васвасаси” акс этган асарлари, Мопассаннинг “Ҳаёт”и… Сал нарида Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон”и. Гўёки бутун дунё йиғилиб, шу китоблар ичига кириб олгандек… Лекин болаликнинг ғўр юраги яна консерва банкасини копток қилиб тепаётган болалар томон ошиқаверади… Дераза рахига суянганча шўх-шаън ўйнаб юрган ўртоқларимни кузатаман. Ортимда отамнинг нафасини илғайман. Юрагимдаги исён тилимга кўчади: Дўстларимнинг барчаси ана кўчада ўйнаб юришибди. Менчи, дарсдан, китоблардан бўшамайман…

Отам қўлига Жек Лондоннинг “Оқ сукунати” ни олди-да, секин, аммо қатъий қилиб “Сенинг дўстларинг мана шу китоблар, қара уларга, сенинг қанча дўстларинг бор” деди-да мени холи қолдирди…
Ҳозир ёшим 50дан ошиб билаяпманки, ҳаётдан неки сабоқ олган бўлсам уларнинг деярли барчасида отам яшайди…

ФАРАХЛИ НОЯБРЬ: КУЗГИ ОҚШОМ СУҲБАТЛАРИ
…ОКМКнинг шонли санаси — 75 йиллиги муносабати “Шуҳрат” медали билан тақдирланган қаҳрамонимиз — дарға металлурглардан бири Баҳром Мусурманович Асқаров ҳақидаги очерк ёзиш топшириғини олгач, у билан суҳбат вақтини келишаман. Рутубатли ноябрнинг хазонрезги оқшомларининг бирида 30 йиллик металлург — Баҳром Асқаров билан ҳамсуҳбат бўлдим. Касб коридан қатъий назар китобларга ошно инсонлар билан бўладиган мулоқотнинг завқи, жозибаси ўзгачадир. Айниқса, суҳбатдошингизнинг бадиий диди, умуман адабиётга ихлоси баланд бўлса, суҳбатнинг ройиши ҳам бўлакча бўлади. Қаҳрамонимиз Баҳром Асқаров билан бўлган суҳбатимиз отаси билан боғлиқ хотиралар (юқоридаги) билан бошланди…

  • Инсон ота-онасига қулоқ солишни бас қилганда эмас, улар ҳақ бўлганини тушунганидагина улғайган бўлар экан. Отам таниқли шоир, педагог ва энг яхши ота бўлган инсон Мусулмонқул Асқаров, онам Қаршигул Асқарованинг берган тарбияси, ҳаётий ибратлари билан юксалдим, ҳаётда ўз йўлимни топдим,- дейди қаҳрамонимиз.

УСТОЗЛАРИМ БАМИСОЛИ ЙЎЛЧИ ЮЛДУЗ БЎЛИШДИ

“Бир соатлик бахт учун бир оз мизғиб олинг. Бир кунлик бахт учун балиқ овига чиқинг. Бир йил бахтли бўлишни истасангиз, катта меросга эга бўлинг. Мадомики, бир умр бахтиёр яшашни истасангиз, бошқаларга ёрдам беринг”. Менга металлургия сир-асрорларини ўргатган устозларим мана шу хитой фалсафаси асосида яшашган деб ўйлайман. Уларда нафақат менга, балки соҳага қизиққан ҳаммага, металлург бўламан деган ёшларга ёрдам бериш ҳисси кучли бўлган. Мана шунинг учун ҳам мен уларни эслаганимда бахтиёр сиймолар гавдаланади. Булар металлургиянинг дарғалари бўлган Леонид Корников, Елена Коваленко, Владимир Погорелый, Олим Шодмоновнинг эъзозга муносиб номларидир.
Устоз, умуман ўргатувчи инсон касбнинг жозибасини топиб бера олмаса ҳаммаси бекор. Металлург сифатида иш бошлаганимга мана салкам 30 йил бўлибди. Шу йиллар давомида металларни тобларканмиз, ўзимиз ҳам тобландик, сайқалландик, деб ўйлайман,- дейди тажрибали металлург Баҳром Асқаров.

ОМАДЛИ ИНСОН БЎЛИШГА ЭМАС, ОДАМЛАР УЧУН БЕБАҲО ИНСОН БЎЛИШГА ИНТИЛИНГ
95 йилнинг ёзида Тошкент Кимё-технология институтини муваффақиятли тамомлаб, комбинат Мис эритиш заводига иш йўлланмасини олган қаҳрамонимиз заводнинг Олтин ва кумуш, яъни қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш аппаратчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик, Олтин ва кумушни аффинажлаш цехида цех устаси, цех смена катта устаси, ишлаб чиқариш участка устаси, шунингдек, Олтин ва кумушни аффинажлаш бўлинмаси бошлиғи каби лавозимларда фаолият юритар экан, бу йилларни металлургия соҳасини кўпроқ ва яхшироқ билишга, умуман тажриба орттиришга имкон бўлган йиллар бўлди, дейиш мумкин. 2006 йилдан олтин ва кумушни аффинажлаш цехи раҳбари ўринбосари, кейинчалик мазкур цех бошлиғи сифатида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз ўз иши ҳақида шундай дейди:

  • Севимли касб одамни икки нарсадан сақлайди. Биринчиси, зерикиш, иккинчиси ёмон кексаликдан. Олтин 12 килограмлик ёмби ҳолатига келгунича жуда кўплаб технологик жараёнлардан ўтади. Бу минглаб одамларнинг меҳнати, заҳмати демакдир. Цехимизда ана шу меҳнатлар маҳсули бўлган олтин ва кумуш ёмбилар тайёрланади. Бу охирги жараён.
    Очиғи, бу жараёнларни кўриш нафақат металлург учун, балки бошқа соҳа одамлари учун ҳам бениҳоя қизиқ, деб ўйлайман. Жамоангиз, атрофдаги одамлар учун бебаҳо инсон бўлиш катта бахтнинг бир бўлаги. Бундай бўлиши учун эса сиз ҳам бебаҳо тажрибангизни изингиздан келаётган ёшларга улашишингиз керак бўлади.
    Кейинги 5 йиллик биз ишлаётган соҳада ҳам анчайин самарали палла бўлди, дея оламан. Хусусан, 2019 йилдан бошлаб заргарлик саноатининг ривожланиши учун ишлаб чиқарилган ўлчамли олтин қуймалар, шунингдек, 2024 йилдан бошлаб 100 граммлик олтин гранулалар бунга мисолдир.

ЯХШИ ОТАЛАРСИЗ ЯХШИ МАКТАБЛАР БЎЛМАЙДИ
Дарҳақиқат, “Яхши фарзандларни яхши оталаргина улғайтирадилар” дейиш мумкин. Бугун нафақат касбий фаолиятда, балки фарзандларининг етук инсонлар бўлиб шаклланишида ўзига хос ибрат мактабини ярата олган қаҳрамонимиз фарзандларининг камолидан мамнундир. Турмуш ўртоғи — Наргиза опа билан ОИЛА аталмиш шоҳ асарнинг сарлавҳаларини вафо ва садоқат, меҳр ва муҳаббатдан бунёд қилишга ҳаракат қилдилар. Оила бекаси — Наргиза опа “Тошкент Темир йўллари” АЖ да ходимлар бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритса, тўнғич фарзанд — Моҳина Тошкент Медицина институтининг Ортопедия йўналишида таҳсил олди. Одина эса дипломатия соҳасини танлади. Асқаровлар оиласининг муносиб давомчиларидан бири бўлган Равшан эса ҳозирда Лойиҳалаштириш фирмасида ўз иш фаолиятини юритиб келмоқда.

  • Отам бизга берган тарбия ва ибрат мактаби, ҳаётимизда андоза, намунадир. Улар бизни қайси қоидалар бўйича улғайтирган бўлсалар, бизлар ҳам шу анъаналарни қадрият даражасида кўриб, фарзандларимизни тарбиялашга ҳаракат қилдик, — дейди қаҳрамонимиз.
    СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
    Дарҳақиқат,“Умид билан суқилган таёқ бир кун берар мева-ю япроқ” деган ҳикмат 30 йиллик металлург Баҳром Асқаровнинг ҳаётий ақидаси, шиори бўлди. Йиллар силсиласида тобланган бу ҳақиқат бугун ҳамкасб ва шогирдлари учун УСТОЗ, фарзандлари учун яхши ОТА мақомидаги қаҳрамонимизнинг бир умрлик МАЁҒИ бўлди, дейиш мумкин.Бу МАЁҚ ҳамиша баланд ва порлоқ бўлсин, деб қоламиз!

МАВЗУГА ОИД

1 МАЙ САНАСИДАН ЭЪТИБОРАНЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ТАБИИЙ ГАЗ УЧУНБИР ОЙЛИК ИСТЕЪМОЛНИНГБАЗАВИЙ МЕЪЁРЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

admin

47 МИЛЛИАРД СЎМ КАЕРЛАРГА САРФЛАНАДИ?

admin

СЕМИНАР: ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИЛДИ

admin

1 МАЙДАН МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ САЙЛОВИ БОШЛАНДИ

admin