Мурожаатнинг ҳар бири ортида кишиларни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар турибди. Кимнингдир дарду ташвиши, орзу-ўйлари мужассам уларда. Хўш, мурожаат қачон қаноатлантирилган ҳисобланади? Албатта, белгиланган муддатда кўриб чиқилса ва унда келтирилган ҳар бир важ асосли ечимини топса. Бироқ бунинг учун ҳар икки томон ўз ўрнини, масъулиятини билиши, англаши керак. Масъулиятки, хат йўллаган фуқародан ҳам, уни кўриб чиқаётган мансабдор шахсдан ҳам ўзига хос маданиятни талаб қилади.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, қўйилаётган масала қаерда, қайси давлат ёки хўжалик бошқаруви идораси, қайси мансабдор шахс билан ва қачон ҳал қилиниши борасида аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар кўп. Масалан, бир фуқаро ўз мурожаатида битта ҳовлида кўпчилик яшаши туфайли ер участкаси олиб берилишини сўраяпти. Ваҳоланки, уй-жой қуриш учун ер участкаси фақат электрон кимошди савдоси орқали олиниши ёки бузилишга тушган хонадон эгаларига тўғридан-тўғри берилиши мумкин. Ёки фуқароларимиз оилавий шароити қийинлигини айтиб, нафақа тайинланишини сўраб кўплаб юқори идораларга чиқишади. Аслида ушбу масала фақат маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилишлари ва ушбу ариза пенсия бўлими орқали “Ягона ижтимоий реестр” тизими орқали ҳал қилинади.
Жорий йил 5 ой давомида шаҳримиз аҳолисидан халқ қабулхонасига 1900 та (2024 йил 5 ойда 2247 та) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 347 тага камайган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 668 таси ижобий ечим топилган, 557 тасига ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал этилган, 374 тасига эса тушунтиришлар берилган.
Шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан ҳам маҳалла еттилиги иштирокида маҳаллаларда ўтказиладиган учрашувлар жадвалига асосан сайёр қабуллар ўтказилиб борилмоқда. Бундан ташқари аҳолининг мурожаат қилишига энг кўп мажбур қилаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни маҳалланинг ўзида бартараф этиш, мурожаатларни ҳал этиш чораларини кўриш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларнинг долзарб вазифаси этиб белгиланиши зарур.
Гулнора Балтаева,
Халқ қабулхонаси шаҳар бўлими
етакчи мутахассиси.