OLMALIQ HAYOTI
Image default
Жамият

КОНЧИЛИКДАН ҚАҲРАМОНЛИККАЧА

Ҳаёт – ёзилмаган китоб. Уни қандай тўлдириш инсоннинг ўзига боғлиқ. Баъзилар гўзалликдан ҳам бир иллат излайди, баъзилар эса оддий тошни йўниб олтинга айлантиради. Бугунги суҳбатдошимиз нафақат шаҳримизнинг, балким республикамизнинг фахри, “Ўзбекистон қаҳрамони” Саидали ота Раҳмонов ҳам улкан мақсадлар билан ёшлигидан меҳнат қилган. Мана бугун 64 ёшни қаршилаб, пиру-бадавлат бўлиб, ҳар давранинг тўрида савлат тўкиб ўтирибди.
Отахон билан суҳбатлашиш учун жамоамиз билан биргаликда улар истиқомат қилаётган хонадонда бўлдик. Фарзандларининг хушхулқлиги, келинларининг ибо-ҳаёси, невараларининг кулгуси билан ҳамоҳанг бўлган хонадон ҳар бир оила учун ибрат намунаси бўлса ажаб эмас.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидойилик билан меҳнат қилган инсонларга муносиб эътибор қаратила бошланди. Ана шундай улуғвор сиймолардан бири – Ўзбекистон Қаҳрамони Саидали ота Раҳмоновдир. Унинг ҳаёти ва фаолияти бугунги ёш авлод учун ҳақиқий ибрат мактабидир.

Саидали Раҳмонов 1961 йил Олмалиқ шаҳрида таваллуд топди. У болалик чоғиданоқ тиришқоқлиги, хушмуомалалиги ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турарди. Пискент туманига қарашли 33-мактабда таҳсил олди, айниқса, аниқ фанларга қизиқиши билан устозлари эътиборини қозонди. 1979 йил коллежни тамомлагач, орадан кўп ўтмай, 1980 йилда ҳарбий хизматга сафарбар этилди. Икки йиллик хизмат давомида қаҳрамонимиз янада чиниқди, ҳаётий тажриба орттирди. Бу давр Саидали отанинг кейинги меҳнат фаолияти учун катта мактаб бўлди.
2018 йилда нафақага чиққан бўлишига қарамай, бугунги кунда ҳам фаол ҳаётдан четда эмас, шогирдлари билан алоқада бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Саидали ота бугун бахтиёр ота ва меҳрибон бободир. Уч нафар ўғил, икки нафар қиз ҳамда 11 нафар неваранинг суянчиғи бўлиб яшамоқда.

МЕҲНАТ ЙЎЛИ

Меҳнат фаолиятимни 1976 йил бошлаганман. Шу йили менга меҳнат дафтарчаси очилган. Ёш мутахассис бўлсам-да кончилик соҳаси каби машаққатли йўналишни танладим ва “Қалмоққир” конида ишлай бошладим. Йиллар давомида экскаватор машинисти сифатида фаолият юритиб, ўзимнинг ҳалол меҳнатим, сабот-матонатим ва фидойилигим билан нафақат раҳбарларнинг, балки ҳамкасбларимнинг ҳам ҳурматига сазовор бўлдим. Ўз соҳамда кўплаб шогирдлар етиштирдим. Улардан айримлари бугун етук мутахассис даражасига эришган бўлса, учинчи ўғлим ҳам ота касбни давом эттириб, экскаватор ҳайдовчиси бўлиб ишламоқда. Энг катта бахтим – шогирдларимнинг ютуқларини кўриб туришим. Ўзимнинг ўғлим ҳам шогирдим бўлгани менга икки ҳисса фахр бағишлайди.

  • УЛУҒ УНВОНГА ЭЛТГАН МЕҲНАТ
    2007 йил 24 август – оиламизда энг ёдда қолар саналардан бири бўлган, десам адашмайман. Ўша куни Президент қарорига биноан менга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. Бу шарафли унвонга Республикамиз бўйича атиги тўрт киши сазовор бўлган эди. Бу хабарни дастлаб эшитганимда очиғи ишонмаганман. 46 ёшда юксак унвон эгаси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайдиган бахт ахир!
    2007 йил 8 декабрь куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қўлидан мукофот олиш ҳаётимнинг энг ҳаяжонли онларидан бири бўлган. Ислом Каримовнинг олдида сўзлаш, у кишининг қўлидан мукофот олиш – бу мен учун умрбоқий фахр бўлган.
  • УЧ РАҲБАР ДАВРИНИНГ ГУВОҲИ
    Мен ҳеч иккиланмай энг бахтли Ўзбекистон фуқаросиман дея оламан. Мамлакатимизда уч шахс сиёсатини кўрган инсон сифатида, ҳар даврнинг ўзига хос қонун-қоидалари, сиёсий ва иқтисодий шароитларини кўрдим. Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қувонч билан кузатаман. Айниқса, “Ёшлик-3” конининг атиги тўрт йил ичида ишга туширилиши ва маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаши ақлга сиғмас жараён, меҳнатсевар халқимизнинг куч-қудрати рамзи дея оламан. Юрт отаси Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, шаҳдидан яшаш учун куч оламан. Зеро, миллат отаси юрт учун, ватан учун ёниб яшар экан, биз нечун у инсонга камарбаста бўлмайлик?
  • P/S. Ўзбекистон Қаҳрамони Саидали Раҳмоновнинг ҳаёти ва фаолияти – бу машаққатли меҳнат, фидойилик ва ҳалолликнинг ёрқин намунаси. У халқимиз учун, келажак авлод учун ибратдир. Бугунги ёшлар унинг ҳаётий йўлидан сабоқ олиб, ўз касбини севиб, юрт равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишлари шубҳасиздир.

Мухлиса Раҳматуллаева.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲРИМИЗДА ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ ҚАНДАЙ?

admin

МУРОЖААТЛАР СОНИ КАМАЙМОҚДА

admin

ОКМК СПОРТ МАЖМУАСИ — ШАҲРИМИЗГА САЙЁҲЛАРНИ ЖАЛБ ЭТУВЧИ МАНЗИЛ

admin

ГЕНДЕР ТЕНГЛИК БЎЙИЧА ҚАНЧА ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

admin