Эй, азиз юртимнинг, азиз парчаси,
Қадрдон, жонга жон, менинг маҳаллам.
Сендадир беминнат меҳр чашмаси,
Маънавият маскани – менинг маҳаллам.
Шаҳримизнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли давлат дастури изчил амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг асосий мақсади – аҳоли учун қулай, хавфсиз ва экологик жиҳатдан соғлом яшаш муҳитини яратиш, ҳар бир маҳалланинг кўркини ошириш ҳамда шаҳарнинг умумий архитектура қиёфасини замонавий даражага кўтаришдан иборат.
Бугунги кунда “Кимёгар”, “Тошкент”, “Ойдин”, Ҳамза, Ғафур Ғулом ва “Камалак” каби қатор маҳаллаларда бир қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, замонавий болалар ўйин майдончаларини хавфсиз қопламалар билан барпо этиш; очиқ ҳавода машғулотлар учун “Workout” спорт майдонлари қуриш; кўп қаватли уйларнинг фасад қисмларини капитал таъмирлаш; пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш; икки километрдан зиёд тротуарлар барпо этиш; қуёш панеллари ўрнатилган чироқлар орқали кўча ёритишини яхшилаш; турли ёшдаги аҳоли учун махсус дам олиш ва ўйин масканлари ташкил этиш; декоратив ёғоч камарлар, гулзорлар ва яшил майдонлар яратиш; икки замонавий автотураргоҳ қуриш назарда тутилган.
Дастурга мувофиқ “Камалак” МФЙга қўшимча равишда тахминан 2 километр дренаж лотокларини ётқизиш; 2 километр бордюрлар ўрнатиш; биноларнинг 7 минг квадрат метрлик фасад қисмини янгилаш; 4 та замонавий болалар майдончасини қуриш; маҳалла номи туширилган декоратив арка ўрнатиш; 2 та автотураргоҳни ободонлаштириш; умумий майдони 10–11 минг квадрат метр бўлган суғориш тизимига эга яшил ҳудудларни яратиш; қуёш батареялари билан ишлайдиган 30 та кўча фонарини ўрнатиш ишлар режалаштирилган
Шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов бошчилигида мутасаддилар доимий равишда ҳудудларни кўздан кечириб, зарур ҳолларда лойиҳаларга ўзгартишлар киритиб боришмоқда.
“Кимёгар” маҳалласини безаб турган «Эҳтиром» кўчасидаги 8-уй деворига ишланган асарда икки қўл тасвири орқали табиатга эҳтиёткорона муносабат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ғояси ифода этилган. Бу сурат лойиҳанинг нафақат маданий, балки экологик йўналишини ҳам кўрсатиб туради. Лойиҳа доирасида ҳар бир маҳаллада инсоннинг табиатга яқинлиги ва она ерга фахр туйғусини акс эттирувчи шунга ўхшаш расмлар яратилади. Бадиий ишларни амалга ошириш учун пойтахтдан рассом Яна Карвносятся махсус таклиф этилган.
Шаҳарда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари натижасида шаҳримиз янада жозибадор ва яшаш учун қулай шаҳарга айланиши кутилмоқда. Янги ўйин ва спорт майдонлари болаларнинг соғлом ўсиши, аҳоли дам олиши ва маҳаллаларнинг янада чиройли кўринишини таъминлайди. Лойиҳалар давлат томонидан молиялаштирилиб, кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилмоқда. Шаҳар аҳолиси бу каби ўзгаришлар шаҳримизни нафақат саноат маркази, балки замонавий, яшаш учун қулай ва экологик соғлом шаҳарга айлантиришига ишонч билдиришмоқда.







Ўз мухбиримиз.