Жорий йилнинг 6 октябрь санасида Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ 20-сессияси бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят фаоллари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, барча бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, сиёсий партиялар, илм-фан намоёндалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессия видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилиб, маҳаллий кенгашларнинг 520 нафардан зиёд депутати, туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, қуйи тизим мутасаддилари, маҳалла еттилиги, таълим муассасалари директорлари қатнашишди.

Жами 6 минг нафардан ортиқ иштирокчи қамраб олинган сессияни Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Сайёра Файзиева бошқарди.
Кун тартибига мувофиқ, сессияда Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаевнинг 2023-2025 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан Мурожаати тингланди.
Вилоят ҳокими тақдим этган Мурожаат кўп қирра ва кенг қамровли бўлиб, Тошкент вилоятининг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегиясини ўзида мужассам этди. Хусусан, унинг моҳияти ҳудудни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда «Тошкент тажрибаси»ни яратишдан иборатдир.
Вилоят ҳокими ўз маърузасида кейинги йилларда вилоятнинг макроиқтисодий кўрсаткичларидан тортиб, камбағалликни қисқартириш, бандлик, миграция масалалари, аҳоли фаровонлигини ошириш, уй-жой билан таъминлаш, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ерлардан самарали фойдаланиш, ижтимоий соҳалар ва туризм масалалари, вилоятда тадбиркорлик муҳити ва сармоявий жозибадорликни ошириш, хизматлар кўрсатиш, йўл-транспорт ва коммуникация, экспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати каби қатор муҳим жабҳаларида амалга оширилган ишлар, шу билан бирга, мавжуд имконият ва салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш борасида йўл қўйилган камчиликлар таҳлилий ва танқидий руҳда баён этилди.
Сўнгги уч йилда вилоятда 6 млрд. долларлик экспорт амалга оширилиб, 70 дан ортиқ давлатларга маҳсулот етказилганлиги, 108 та янги корхона экспортга жалб қилиниб, 7 та янги бозор ўзлаштирилганлиги, экспортчиларга молиявий ёрдам, сертификатлаш ва ташқи бозордаги фаолият учун шарт-шароитлар яратилганлиги вилоятнинг ташқи иқтисодий салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги уч йилда 10 трлн. сўмлик 8 мингга яқин объектлар қурилди, инфратузилмалар яхшиланди. 11 минг 254 та квартирали 240 та уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Бу 2022 йилга нисбатан 2 баробар кўп, дегани.
Вилоятдаги 85 та оғир тоифадаги маҳаллада суғориш тизимини яхшилаш самарали якунланиб, 25 мингга яқин хонадонга 3 минг гектар томорқа ерларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш имкони яратилди.
Йил якунигача 412 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушиши, 10 та ҳудуд — Ангрен, Нурафшон, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ шаҳарлари ва Бўстонлиқ, Қибрай, Паркент, Тошкент туманлари камбағалликдан ҳоли бўлиши, 86 та маҳалланинг ички йўллари таъмирланиши мақсад қилинган.
Боғчаларда 3-7 ёш болалар қамрови 2023 йилда 58 фоиз бўлган, бугун эса 78 фоизга кўтарилди. Бунинг учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг 76 таси таъмирланди, хусусий 96 та, хусусий шерикчилик асосида 27 та, оилавий мақомдаги 796 та боғчалар очилди.
Тиббиёт соҳасида 18 млрд. сўмлик маблағ ажратилиши ҳисобига бугун вилоятда 695 та мураккаб жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди.
Энг асосийси, вилоятда 876 та хусусий тиббиёт муассасалари пайдо бўлди.
Ўтган даврда 2496 км ички йўллар асфальтланди, 1707 км автомобил йўллари таъмирланди, 68 та кўприк қурилди ва реконструкция қилинди.
Асосий масалалардан бири, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш борасида ўтган 3 йилда 15 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 58 мингтага етди. Ёки ЯХМда кичик бизнес субъектларининг улуши 49 фоиздан, 54 фоизга кўтарилди.
Ўзбекистон иқтисодиётидаги барқарор ўсиш ва очиқлик сиёсатига ишонган 65 та хорижий давлатнинг капитали иштирокидаги 2 132 та корхоналар вилоятда рўйхатдан ўтган.
Улар томонидан киритилган инвестиция миқдори 5 млрд. доллардан ошди ва 71 мингта янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда туризм соҳаси ҳудуд иқтисодиётининг драйвер йўналиши сифатида ривожланаётир. Ўнлаб туризм кўчалари, сайлгоҳ ва истироҳат манзиллари ташкил этилмоқда, машҳур халқаро брендлар кириб келмоқда.

Президентимизнинг топшириқларига асосан вилоятда «Ислоҳотлар штаби» ташкил этилди. Штабга тажрибали мутахассис ва салоҳиятли тадбиркорлар киритилди.
Ютуқлар билан бирга, афсуски, вилоятнинг юқори салоҳияти, куч ва имкониятлари барча соҳаларда бирдек намоён бўлмаяпти, айрим жабҳаларда жиддий камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилмоқда.
Вилоят раҳбари ўз Мурожаатида ана шу нуқсонларни келтириб чиқараётган омилларга бирма-бир тўхталиб, уларни танқидий таҳлил этар экан, барча куч ва имкониятларни бирлаштириб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар, вилоятни жадал ривожлантириш бўйича Президент қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича галдаги муҳим вазифалардан иборат «Йўл хариталари»ни тақдим этди.
Зойир Мирзаев Мурожаат сўнггида депутатлар, фаоллар тимсолида вилоят аҳлига юзланди.
«Барчангизни жонажон вилоятимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни мажбурият эмас, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадрият сифатида қабул қилишга чақирамиз, — деди вилоят етакчиси. — Қолаверса, юртимизда улкан янгиланишлар ва бунёдкорликлар шиддатли кечаётган ушбу дамларда ҳар биримиз ўз хонадонимизни, маҳалламизни обод қилишимиз нафақат қут-барака, балки фарзандларимиз ва невараларининг дунёқараши, маънавияти ва маърифатига ижобий таъсир қилишини унутмайлик! Ҳар биримиз муқаддас масканда истиқомат қилиш масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда, «Тошкент вилояти тажрибаси — садоқат намунаси» тамойилини эзгу мақсад сифатида амалда намоён этайлик! Шундагина кўзланган олий мақсадга – Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс, Янги Тошкент вилоятимизнинг тараққий топиши ва гуллаб яшнашига эришамиз, деб қайд этди вилоят раҳбари.
Сессияда депутатлар вилоят ҳокими тақдим этган Мурожаатнома юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.