Маълумки, буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ҳамда санъат ҳомийси — Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ОКМК АЖ да бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 14 апрель куни Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳамда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида “Амир Темурнинг Чоч ва Илоқдаги фаолияти даврида кончилик ва маъданчилик” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Отабек Ҳасанов, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистондаги биринчи академик мақомини олган олима аёл Дилором Юсупова, “Фан ва тараққиёт” ДУК директори Нодира Абед, Ўзбекистон тарихи музейи директори Жаннат Исмоилова, сиёсий фанлар доктори Назрулла Жўраев, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, таниқли олимлар, зиёлилар ҳамда олий ўқув юртлари ректорлари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ижодкорлари, ОКМК АЖ масъуллари иштирок этишди.
— Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ, яъни, 1993 йилда иқтисодий қийинчиликларга қарамай, Амир Темурнинг ҳайкали пойтахтимизга ўрнатилди. Сабаби, Амир Темур мустақилликнинг рамзи бўлган. 200 йилдан ортиқ ҳукм сурган мўғуллар империяси ҳукмронлигига барҳам бериб, мустақилликка эришди. Яна бир муҳим жиҳат — пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейи 1996 йилдан буён таъмирланмаган экан. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди. Замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Рақамлаштириш орқали имкониятлар кенгайди ҳамда экспозицияларни янгилаш ва яратиш ишлари амалга оширилди. Музей миллий ғурурни, фахрни уйғотадиган жой. Тарих фани ўзликни англатиш ва миллий ғурурни уйғотишдир. Бугунги анжуманда ҳам Амир Темур бобомизнинг меросини ўрганишдаги манбаларда учрайдиган хатолар, мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим масалалар кўтарилди. Буюк аждодимиз ҳақида тарқалган нотўғри маълумотларни тажрибали тарихчиларимиз билан ўрганиб, холисликни таъминлашимиз зарур. Айниқса, ҳозир буюк бобомизнинг меросини ўрганиш учун салмоқли ишлар қилинмоқда. Кинокартиналар ва анимацион фильмлар яратилмоқда, — дейди О. Ҳасанов.
Илмий-амалий анжуманда Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, жаҳон тарихида қудратли давлат барпо этган буюк давлат арбоби, Чоч ва Илоқда олиб борган илм-фан фаолияти, Амир Темур даврида маъданчилик ва заргарчиликнинг ривожланиши каби йўналишлар қамраб олинди.
Шунингдек, тадбирда Амир Темур зарб қилдирган олтин ва кумуш тангалар, мис чақалар, қурол-аслаҳа ва зеб-у зийнатлар, Амир Темур даврида кончилик, мисгарчилик, темирчилик, ҳунармандчиликнинг юқори босқичи каби йўналишлар бўйича ҳам қизиқарли маълумотлар берилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар 3-мис бойитиш фабрикаси ишлаб чиқариш жараёни билан ҳам танишишди.


