Нигора шаҳар шовқинидан йироқда жойлашган бир оддий дала ҳовлида турмуш ўртоғи билан ижарада хизмат қилар эди. Бу ҳовли ташқаридан қараганда жимжит, ҳеч ким безовта қилмайдиган жойдек туюларди. Нигора учун бу ҳовли тирикчилик манбаи эди. У бу ерда турмуш ўртоғи билан бирга ишлаб, молларга қарар, эвазига ойлик оларди. Кунлар бир хил ўтар, аммо ташвишлар ҳар куни янгиланар эди: фарзанд тарбияси, рўзғор ғами, эртанги кун ҳақидаги ўйлар…
Ўша куни ҳам бошқа кунлардан фарқ қилмасдек бошланган эди. Аммо тушга яқин, ҳовлига келган нотаниш аёл ҳаммасига нуқта қўйди. У аёл бу ҳовлининг бир хонасини 1 кунга ижарага беришини илтимос қилди. Аёл айтишича бир йигит ва қиз учун бир хонасини ажратиши керак эди. Бунинг эвазига Нигорага 200 АҚШ доллари пул таклиф қилди. Унинг илтимоси оддийдек эшитилди, аммо ортида бошқача мақсад яширин эди. Нигора аввал рад этди, чунки ишончни йўқотишдан қўрқарди. Лекин ҳаёт баъзан инсонни танлов олдида ожиз қолдирар экан…
Орадан вақт ўтиб, ўша аёл яна қайтди. Бу сафар у ёлғиз эмас эди. Нигоранинг қўлига пул қистирди. Нигора қалбида икки хил туйғу кураша бошлади: бир тарафда ҳалоллик, иккинчи тарафда эса тирикчилик зарурати. У ҳатто уй эгасига қўнғироқ қилди, аммо рад жавобини олди. Шунда ҳам у вазият босимига дош беролмади… Қолган воқеалар эса жуда тез содир бўлди. Хона кўрсатилди. Шу заҳоти эшик очилиб, ичкарига ҳуқуқ-тартибот ходимлари кириб келишди. Бир лаҳзада сокин ҳовли шовқин-суронга тўлиб кетди.
Нигора ўз айбини тан олди, пушаймонлигини яширмади. Унинг сўзларида ўзини оқлашдан кўра, қилган ишига афсусланиш кўпроқ эди. Суд унга оғир жазо тайинламади, аммо бу ҳодиса унинг ҳаётида унутилмас сабоқ бўлиб қолди. Энди у ҳар бир қадамини ўйлаб босиши, ҳар бир қарор ортида қандай натижа бўлишини англаб яшаши керак эди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.