Ғарбий Америкадаги бир фермерникига келишган бир йигит иш сўраб келди. Фермер ундан қандай афзалликлари, ўзига хос сифатлари борлигини сўради. Йигит жавоб берди:
– Мен бўрон турганда ҳам бемалол ухлай оламан.
Бу гап кекса фермерни ўйга толдирди: нима демоқчи бу билан? Лекин йигитни барибир ишга олди, чунки у нимаси биландир фермер бобога маъқул тушди.
Орадан кунлар ўтди. Бир тун қаттиқ ва шиддатли бўроннинг гув-гувидан эр-хотин фермерлар уйғониб кетишди. Оббо, бир фалокат бўлмасайди деган хаёлда уйнинг у бурчидан бу бурчига югуриб, ичкари-ю ташқарини кўздан кечира бошлашди. Дераза ва эшиклар зичлаб ёпилган, илгаклари солиб қўйилганди. Уй-рўзғор ва далада ишлатиладиган буюмлар омборга олиб кирилган, трактор гаражда турарди. Отхона эшиги яхшилаб ёпилган, қулфланган эди. Ичкаридаги ҳайвонларнинг товуши умуман эшитилмасди.
Фермер бобо ишчисининг хонасига мўралади: йигит мириқиб ухлаб ётарди. Шу фурсат унинг хаёлида ишчисининг гаплари жаранглагандай, ўша гапларнинг маъно-моҳияти англашилгандай бўлди:
– Мен бўрон турганда ҳам бемалол ухлай оламан.
Ҳақиқатан ҳам, бу ҳаракатчан йигит сокин кунлардаёқ ҳаракатга тушган, бўронга тайёргарлик кўриб қўйганди. Ҳамма нарсани жой-жойига келтиргани сабаб бугун шиддатли, қасирғали бўрон бош кўтарганда у умуман бош кўтармасди.
Бундай талатўпли шамоллар барчамизнинг бошимизда бор. Имконимиз бўла туриб бажармаган ишларимиз бир куни қуёш ботганида манглайимизга ажинлар солади, юрагимизни ғижимлайди. Қуёши қайта чиқмайдиган бўлиб ботадиган кунимиз келгунча ҳамма нарсани миридан сиригача тўғирлаб, ҳозирлик кўра оламизми? Ўзимизни ўнглай, чоғлай биламизми? Буни уддаласакку, хўп-хўп, ёқса, бўрон кўтарилган кунда уйқусиз қоламиз. Аммо унда ғишт қолипдан кўчган бўлади…