МУЗЕЙ — ҚАДРИЯТЛАР БЕШИГИ
Тарихни ўзида мужассам этган,
Келажак режасин сарҳисоб этган.
Аждодлар меросин муқаддас билиб,
Ўтмишдан келажак режасин кутган.
Ўтмишни билмаган жамият, олам,
Ўзлигин унутган дарбадар одам.
Йўлидан адашган, девоналар ҳам
Мозийга бир боқиб, йўлини топган.
Музейдан жой олган турли ашёлар,
Йиғилар, тўпланар ҳамда сақланар.
Ўзлигингизни бир билмоқ бўлсангиз,
Ўтмишингизни ҳам музей ўргатар.
Ақлингиз чархланиб турсин десангиз,
Кўзим қувнаб, нурга тўлсин десангиз.
Келажагим порлоқ бўлсин десангиз,
Музейга кўп бора ташриф буюринг.
Музейлар — қадриятлар бешиги,
Музейлар — келажакнинг эшиги.
Ўтмиш билан келажакни боғловчи,
Соф маънавиятнинг асл кўприги.
У. Сайибов,
шаҳар “Ўлкашунослик” музейи бош муҳофизи.
МУЗЕЙДА САҚЛАНАЁТГАН ТАРИХ
Ўзбекистоннинг саноат марказларидан бири бўлган Олмалиқ шаҳри ўзининг қадимий тарихий илдизлари ва табиий бойликлари билан ажралиб туради. Минтақадаги саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ҳамда туристик объектларнинг фаолияти мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Айниқса, шаҳарда мавжуд табиий ва маданий мерос объектлари туризм соҳасининг ривожланишига замин яратиб, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ижобий имижини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу маскан нафақат замонавий металлургия ва кончилик маркази сифатида, балки ўтмишдан сўзловчи илмий-маънавий хазина — “Ўлкашунослик” музейи орқали ҳам диққатга сазовордир.
Олмалиқ шаҳар “Ўлкашунослик” музейи 1991 йил 10 июлда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда у 16 мингдан зиёд экспонатни ўзида жамлаган. Бу ашёлар археология, этнография, нумизматика, ҳужжатлар, фотосуратлар ва бошқа турли тарихий топилмалардан иборат. Музейдаги ҳар бир топилма Олмалиқ ўз тарихий илдизлари билан қадимий Тункат, Тўқкат (Туккат), Обрлиқ (Абрлиқ, Облиқ) ва Намудлиқ (Яҳудлиқ) каби тоғ-кончилик ва металлургияга ихтисослашган шаҳарларнинг бевосита меросхўри эканлигини исботлайди. Мазкур шаҳарларнинг иқтисодий ва технологик тараққиёт тамал тошлари бундан қарийб ўн беш аср илгари, Оҳангарон–Илоқ воҳаларида шаклланган. Ушбу ҳудудлар табиий бойликларга бой бўлгани ва меҳнаткаш аждодларимизнинг кончилик соҳасида илғор тажрибага эга бўлганликлари туфайли Илоқ шаҳарлари ўрта асрларда йирик иқтисодий ва маданий марказлар даражасига кўтарилган.
2023 йил 18 май куни “Музейлар куни” муносабати билан Олмалиқ кон-металлургия комбинати “Металлург” маданият саройида 2012–2023 йилларда Тункат шимолида олиб борилган кенг археологик тадқиқотлар ва Ўрта Оҳангарон ҳавзасида жойлашган Суйирлитепа ёдгорлигидан топилган 350 дона ашёлар кўргазмаси ташкил этилиб, ҳозирга қадар фаолият юритмоқда. Ушбу топилмалар ичида тахминан 2000 йилдан олдинги даврга оид буюмлардан тортиб, XII–XIII асрларга оид буюмлар ҳам ўрин олган. Кўргазмада 1200 йиллик даврни қамраб олган тарихий буюмлар мавжуд.






