(ҳаётий воқеа асосида)
— Опа, кимгадир дардингни айтгинг, холис бир одам билан учрашиб, армону андуҳларингни тўкиб солгинг келаркан баъзан. Сизни олдингизга шу учун келгандим..
Биз бир пиёла чой устида Жамшид (исми ўзгарган) билан узоқ суҳбатлашдик. Жамшид бошидан ўтган барча воқеаларни, бор ҳаётини ҳикоя қилиб берди. Мен эса бутун вужудим қулоққа айланиб, диқат билан тингладим ва унинг бошидан ўтганларни қоғозга туширдим.
Ўшанда энди олийгоҳни битириб келиб, заводда иш бошлаган эдим, — дея ҳикоясини бошлади у. — Онам менга келин излашга тушганди. Акам оламдан ўтган, келинойим икки боласи билан онасининг уйига кетиб қолган, синглим ҳам оилали, ота-онам ёлғиз менгагина умид билан қараб туришганини билардим. Ишим ҳам, жамоа ҳам ёмон эмас эди. Раҳбарият мени қўллаб, катта уста даражасига олиб чиқишди. Анчадан буён қўшни цехдаги бир қиз менга бошқача қараш қилиб юрганини сезиб юрардим. Янги йилни икки цех бирга байрам қилиб, кутиб олдик. Ўша қизнинг қадди-қомати, чиройли кўзлари, муомаласи мени сеҳрлаб олган эди. Уни суриштирдим. Биринчи турмуши бўлмаган, дейишди. Мендан ёши катта экан. Шу куни яқиндан танишдик. Танца тушдик. Ўша цехдаги бир ўртоғим байрам охирлаб қолганида, юр қизларни ўзини жўнатмай, кузатиб қўямиз деб, мени чақирди. Бу ўзимга ҳам ёқди. Кузатдик. Зулайҳо(исми ўзгарган)ни уйига етганимизда, киринглар, бир пиёла чой ичиб кетинглар деб, бизни роса қистади. Ўртоғим, унга таниш бўлган яна бир қиз ва мен ичкарига кирдик. Уйда ҳеч ким йўқ. Чой, орқасидан шоколад билан коньяк ҳам ичдик. Мусиқа қўйиб, шу ерда озроқ байрамни давом эттирдик. Ўртоғим, таниши бўлган аёлни кузатиб қўяман, сен шу ерда қолавер, деб мени қўярда-қўймай ташлаб кетди.
Нима, қўрқаяпсизми, еб қўймайман, қолаверинг… деди Зулайҳо менга дадил.
Бир ўзингиз яшайсизми?
Ҳа, ўзим…
Турмушга чиққанмисиз?
Ажрашганман. Ота-онам шу уйни олиб беришди.
Нега ажрашгансиз?
Бир-биримизни тушунмадик. Лекин битта ўғлим бор.
Ўғлингиз неча ёшда?
8 ёшда.
Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир деб, анча йўқ бўлиб кетган Зулайҳо ювиниш халатида ваннадан чиқиб келди. У пардозларини ювиб ташлаганда ҳам жуда чиройли эди. Балки сархушлигим ёки тун чироқлари аёлни янада мафтункор этганми, диванда ўтирганча унга маҳлиё бўлиб қолгандим. У бошим тепасига келиб, сочимни силаганда шунчалар энтикдимки…
Мен уни севиб қолдим. Ўша кундан кейин тез-тез учрашадиган бўлдик. Мулойим, ҳар бир сўзини оҳиста гапирадиган Зулайҳонинг ҳам бора-бора қилиқлари чиқа бошлади. У менга овозини баландлатадиган бўлди. Лекин нимагадир доим оёғим у томонга тортаверарди. Уйда эса онам келин излаш билан, ҳар хил қизларнинг суратини менга кўрсатиш билан оввора эди. Мен эса бўлмайди, бўлмайди, дердим ҳатто қизларнинг суратига қарамай ҳам.
Ёшим 30дан ошди. Онам ҳам анча мункиллаб қолган эди. Дадам мени бир куни шундай урушдики, бу йил уйланмасанг, сендек фарзандим йўқ, деди.
Қани уйланиб кўрингчи!
Зулайҳо жаҳл отига минган эди. Тўй куни бориб шармандангизни чиқараман. Уйлансангиз менга уйланасиз. Никоҳимизни расмийлаштирамиз, деб туриб олди.
Мени учрашиб юрадиган аёлим борлигини синглим билиб қолибди. У ҳамма маълумотни тўплаб, ота-онамга етказган. Онам юрагини чангаллаб ётиб қолди. Отам жаҳл отида эди.
Ўзингдан 7-8 ёш катта, боласи бор жувон билан учрашиб, унга уйланиб ҳам олдингми? Лаънат бўлсин сендек ўғилга. Мени тириклайин гўрга тиқдинг. Минг лаънат! — онам ерни муштлаб-муштлаб урар, уввос солиб йиғлар, отамнинг юз-кўзидаги нафрати мени тамом қилиб кўйган эди. Синглим эса кўз ёш тўкиб ўтирарди.
Яна бир марта ўша лаънати билан учрашсанг, сендек ўғлим йўқ, оқ қиламан, — деди отам.
Отамнинг қатъий оҳангдаги бу сўзидан карахт бўлиб қолдим.
Кўчага чиқиб кетдим. Тўғриси, қаерга боришни билмай бир лаҳза туриб қолдим.
Зулайҳо билан ишхонада учрашдик. Бор гапни айтдим.
Чекинасизми, мени ташлаб кетасизми, — у уввос солди.
Ўзингни бос, ҳали ҳеч гап йўқ, — дедим.- Аммо уйланмасам бўлмайди, онамга қарайдиган керак.
Менга уйланинг!
Сени олиб беришмайди. Бошқа чорам йўқ…
Бугун уйга боринг, гаплашиб оламиз…
Боролайман, энди отам оқ қилади…
Бир мартагина боринг. Бафуржа гаплашамиз. Кейин келмасангиз ҳам майли…
Шу куни ишда қоламан деб, Зулайҳоникига бордим. У билан гаплашиб олдик. Уйлансангиз ҳам келиб турасиз, деди аввалига. Кейин эса, мен чидолмайман уйлансангиз, уйланмайсиз дея туриб олди. Хуллас, мен икки ўт орасида қолдим.
Ота-онамга, уйланмайман, деб туриб олдим ва уйдан чиқиб кетдим. Зулайҳо билан яшай бошладим. Чунки ундан “узилиб” кетолмадим.
“Сени иссиқ-совуқ қилиб қўйган”, деган таниш билишлар, катта-кичикларнинг гаплари ҳам қулоғимга кирмади. Мен учун дунёда Зулайҳо- дан бошқа аёл, хотин йўқ эди.
Онам ётиб қолди. Бу орада отам кўп бора орага одам солди, мен кўнмадим, уйга қайтмадим. Дадам мени оқ қилди.
“Мен Зулайҳодан воз кечаолмайман, бир кун келиб ота-онам мени тушунар”, дея ўзимни овутиб яшадим. Зулайҳо менга бир ўғил туғиб берди. Биримиз икки бўлмади. У ҳам ишлайди, мен ҳам. Унинг отаси олиб берган 2 хонали уйда 2 ўғил билан яшадик.
Ота-онам эса мени тушунишга ҳам улгурмай, оламдан ўтди. Амаки ва холаларим аввалига онамнинг, орадан икки ой ўтиб оламдан ўтган отамнинг ўлигига мени киритишмади. Қабристонга бориб, уларни сўнгги йўлга кузатдим. Ўша ерда ҳам минг маломатлар эшитиб, бошим эгилиб, тилим кесилиб, ҳеч кимга ҳеч нарса демай, қайтдим. Дея олмасдим ҳам. Нега менга тақдир бу қисматни раво кўрди деб, қабристондан ҳамма кетгач, ота-онам бошида узоқ йиғладим. Улардан узр сўрадим.
Мана қаранг, йиллар ўтди. Аслида хотинимнинг биринчи эри бошқа бир эркак билан уни тутиб олгани учун ҳам ажрашиб кетган экан. Буни мен кейинроқ билдим. Хотинимнинг ўғли муттаҳам бола чиқди. Наша чекадиган бўлиб қолди. Менинг ўғлим эса ўғри бўлиб ўсди. Уни ҳалигача ҳам йўлдан қайтара олмаяпман. Икки марта жавобгарликка ҳам тортилди. Ё ўқимади, ё бирор бир ишнинг бошидан тутмади… Хотиним билан ажрашиш арафасидаман. Унинг шаллақилигидан чарчадим. Унга ҳеч нарса етмайди… Бу орада хотинимнинг орзу-ҳаваслари деб, мен ҳам арзимаган бир ишга аралашиб, заводдан, ишдан ҳайдалдим.
Опа, ёшим 50га ҳам келиб қолди. Ҳеч нарса орттирмадим. Ота-онам ўлимидан олдин уйимизни акамнинг ўғлини номига ўтказиб берибди. На ҳовли жойим, на тагимда машинам бор. Очкўз, енгилтак хотинимнинг талабларидан адойи тамом бўлдим.
Тўғриси, асло дардимни бировга достон қилмасдим. Биласизми олдингизга нега келдим, алам қилгани, 60 ёшга бораётган хотинимни икки кун олдин бегона бир эркак билан ушлаб олдим. Ўзи алланималарнидир сезиб юрардим, у билан уч йилдан бери учрашиб юрган экан. У ҳаммасини бўйнига олди. Бундан 10 йил аввал ҳам бир эркак билан бир-икки ишқий саргузашти бўлганини айтди. Менга тўрт томонинг қибла, дейди ифлос…
Жамшид муштларини тугиб, қўллари титраганча гапираркан:
Менга энг алам қилгани ота-онамни шу пасткаш, фоҳишага алмаштирганим, айни ишлаб, ота-онамни яхши егиздириб, яхши кийгиздириб, кўнглига қарайдиган вақтимда уларнинг розилигини ололмаганим… Оқ бўлганимча қолдим… — деди овозлари титраб.
У афсус-надоматда эканини, дардларини тўкиб, бироз енгил бўлганини, энди қайси йўлдан борса тўғри бўлишини сўради. Бу саволни кўпларга бераётганини айтди.
Эҳ, агар бундан 25 йил аввал ота-она маслаҳатига кўнганида эди, бугун сочлари оқарган, қадди эгилган бу эркакнинг бошига шунча ташвиш тушмаган бўлармиди. Мен нима ҳам дердим, энг аввало ота-она розилиги йўлида синглингизни, акангиздан қолган ёдгорлик жиянларингизни йўқланг, улар билан борди келдини йўлга қўйинг, дедим. Чунки Жамшид яқинлари билан хотини сабаб, узилиб кетган эди. Ўғлингиз тарбияси қаровсиз қолмаслиги керак…. Хуллас, шу каби йўл-йўриқлар билан у билан узоқ суҳбатлашдик. Ақлим ва тажрибам доирасида унга маслаҳат беришга ҳаракат қилдим. Кетар чоғида, Жамшиднинг кўзларида ёш йилтиллаганини кўрдим… Ҳа, эркак йиғламасин дунёда…
Журналист мулоҳазаси. Жамшиднинг ортидан қараб қоларканман, увол бўлган, хазон бўлган бир йигит умри кўз ўнгимдан кинотасмасидек ўтди. Бу бахтсизликларга тақдир, қисмат эмас, аслида унинг ўзи сабабчи эди!
Энг аввало, ота-она розилигини ололмади. “Топганингдан барака кўтарилдими, отангни норози қилганинг сабаб, одамлар орасида ҳурмат-иззатинг йўқми, онангнинг дилига озор берганингдан”, деган ҳикматли сўзлар бор. У жаннатга калит бўлувчи ота-она ризолигини ололмади, уларни норизо қилди. Устига устак, икки дунё саодатидан бебаҳра этадиган оқпадарга айланди. Учинчидан, аввалбошиданоқ зинога юз бурди. Нима бўлганда ҳам, йигитлик остонасидан эркаклик ҳаётига ўтар экан, илк босган қадами зино, яъни никоҳсиз танлов бўлди. У танлаган аёл асли зинокор, фоҳиша бўлгани учун ҳам, қолаверса, Жамшиднинг қатор гуноҳлари боис, фарзандларининг бири гиёҳванд, иккинчиси ўғри бўлиб ўсди.
Ахир бу дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан, бесабаб бўлмайди. Босаётган қадамимизнинг ҳар бири бир-бирига узвий боғлиқ. Аллоҳим ҳар бир бандасини тўғри йўлдан, тўғри танловдан адаштирмасин.
Ойсара ДАДАЕВА .