Конларда хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва авария ҳолатларида инсон ҳаётини асраб қолиш қутқарувчилардан юксак касбий маҳорат, тезкорлик ва доимий шайликни талаб этади. Шу боис қутқарувчиларнинг амалий кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга.
ҲКҚҚ қисми штаби томонидан тасдиқланган йиллик иш режасига мувофиқ, 10-Алоҳида ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув взводи ҳамда хизмат кўрсатилаётган корхона — Ковулди кони билан ҳамкорликда амалий-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Мазкур машғулотдан кўзланган асосий мақсад — конларда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларида қутқарувчиларнинг тезкорлиги, касбий маҳорати ва ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Машғулот давомида шартли авария ҳолати асосида амалий ҳаракатлар бажарилди. Сценарийга кўра, конида қолиб кетган жабрланувчини топиш, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уни ер юзасига олиб чиқиш ҳамда тиббиёт ходимларига топшириш вазифалари амалга оширилди.
Белгиланган вазифаларни бажариш жараёнида қутқарувчилар ўзларининг тезкорлиги ва ҳамжиҳатлигини намоён этдилар. Ҳар бир ҳаракат изчиллик билан амалга оширилиб, шартли авария оқибатларини бартараф этишда ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, машғулот давомида қутқарувчиларнинг махсус нафас олиш аппаратларидан фойдаланиши, кон шароитида ҳаракатланиши, жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши ҳамда уни эвакуация қилишни ташкил этиши амалиётда синовдан ўтказилди.
Бундай машғулотлар фавқулодда вазиятларга доимий тайёргарликни таъминлаш, қутқарувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва энг муҳими, инсон ҳаётини асрашга қаратилган тезкор ҳаракатларни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, қутқарувчининг ҳар қандай вазиятда шай ва тайёр туриши — инсон ҳаётини асраш йўлидаги энг муҳим омиллардан биридир.




Зуҳриддин Ҳасанов ,
10-АҲКҚВ бўлинмаси командири.