Image default
Ҳикоя

ЁМҒИР ЁҒМОҚДА

Бунақа ҳавода, бунақа чиройли ёмғирда автобусга чиққинг ҳам келмайди. Бор-е-е деб пиёда жўнаворасан. Бугун текисланган сочларинг бузилса бузилибди-да.
Йўлда кетаркансан, қачонлардир туйган аммо ўша пайт эътибор бермаган ҳисларни туясан. Бу ҳислар узуқ-юлуқ. Англаганинг – айни пайтда мавжудлигинг. Айни пайтда сен учун сендан бошқа ҳеч ким қизиқмас. Ҳозир ёнингда кимдир бўлишини ҳам истамайсан. Шунчаки борлигингни ҳис қиласан. Зарралигинг ва айни лаҳзада улканлигингни англайсан. Ҳаётингда бош қаҳрамон ҳам ўзинглигингни тушуниб борасан. Атроф ҳам, атрофдагилар ҳам аҳамиятсиз. Фақат сен ва ёмғир бор. Бошқа ҳеч нарса…
Бирдан Насиба опанинг “Бахт ўзи нимадир” қўшиғи янграйди. Бошланди… Чиндан ҳам бахт ўзи нима? Одамлар нега унинг ортидан қувадилар. Нега уни пулга сотиб олиб бўлмайди дейишади? Бўлади-ку. Касал учун дори-дармон пулга келади, болакай учун музқаймоқ пулга сотилади, талаба учун контракт пул билан тўланади, уйсиз ижара учун пул беради. Улар учун бахт шу бўлса пул билан ҳал бўляпти-ку.
Бахт ўзи нимадир… айни дақиқаларда ёмғир остида ўз оёғим билан юраётганим бахтдир. Шу оёқларимдаги тешилиб қолган этикни янгилаш имкони менда мавжудлиги бахтдир, балки. Кимдир учун менинг нафас олаётганим бахтдир. Нафасим бахти бўлган инсонларнинг борлиги бахтимдир. Кимларнингдир нафас олаётгани мен учун бахтдир, балки. Анави ерда автоҳалокат бўлибди. Ўша автобусга чиқмаганим бахтдир.
Армонларнинг азобларидан қанча тиришсанг ҳам қутулолмайсан. Баъзан эса кутмаган жойингдан бахт келиб қолади. Кўнглингда биргина хоҳиш “Бундан кейин бахтли яшайман”. Эсингдами қачонлардир шу гапни айтганинг. Ҳозир ҳам айтяпсан. Бундан кейин ҳам айтишинг аниқ. Чунки атрофингдаги майда бахтларни кўрмайсан. Бахтни олисдаги нурли нарсадек тасаввур қиласан. Одамларга боғлайсан. Нималардир ёзгинг келади. Ёзолмасан. Ойлар олдин опанг ёз деб берган дафтар ҳамон бўш ётибди…

Қўнғироқ бўлиб ҳаёлларинг тўзғиди. Бу туришда бахт ҳақидаги ўйларнинг охирига етиб боролмайсан. Ҳамма четлаб ўтаётган кўлмакларни ёш боладек эзиб, сачратиб бораётганинг бахтдир. Ёшлигингда шундай қилардинг. Онанг уришарди. Ҳозир сени ҳеч ким уришмайди. Фақат сени аҳмоқ деб ўйлашиб, ғалати қарашади. Ўрганиб кетгансан-ку… балки, сенинг шу аҳмоқлигинг бахтингдир. Доим нолиб юрадиган қовунчилигинг омадинг бўлса-чи! Балки Хитойда туғилмаганинг бахтдир)))
Оббо яна шу хаёлларми. Ана манзилинг. Етиб келдинг. Насиба опанинг оғзиям оғриб кетди, шекилли, қўшиғини тугатди. Уфф жин урсин яна шу саволми…”Бахт ўзи нимадир мен билолмадим…”

Гуласал ҚОДИРОВА.

МАВЗУГА ОИД

ҚАТЛАМА

admin

ДУМ

admin

«ҚИЗИМГА КУНДОШИМНИНГ ИСМИНИ ҚЎЙДИМ…»

admin

АРМОН БЎЛГАН ОРЗУ

admin