Image default
Таълим

БЕПУЛ ТАЪЛИМДАГИ ПУЛЛИК ТАЛАБЛАР

Ҳар йили ўқув йили сўнгида мактаб таъмири учун йиғиладиган пул катта муҳокамаларга сабаб бўлади. Ижтимоий тармоқлардан тортиб ОАВ воситалари бу масалада ўз чиқишларини қилишади. Куни кеча ҳам Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабдаги “йиғди-йиғди”ларга ота-оналар айбдор, деб айтилган гапи ва видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, бу масала айнан мактаб таъмири билан боғланиб, бир қанча баҳсларга сабаб бўлди. Оз фурсатда яна вазирликнинг мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий ҳокимликлар масъуллиги, ота-оналардан мажбурий пул йиғимларига йўл қўйилмаслиги ҳамда ноқонуний пул йиғиш ҳолатлари кузатилса +998712020909 ишонч рақами орқали хабар беришлари лозимлиги айтилган хабар деярли ҳамма жойда кенг тарқалди.

Хўш, бу жавоб ота-оналарни қониқтирдими? Аксинча, саволлар янада кўпайди. Биз ҳам бу масалада тегишли масъуллар ва мактаб раҳбарларидан керакли маълумотларни олиш билан бирга ота-оналарнинг мулоҳазаларини ҳам яқиндан ўргандик.
Шаҳар Молия бўлими томонидан 2022-2023 ўқув йили учун мактаблар таъмирига жами 670.0 млн сўм маблағ ажратилган. Хўш, бу пуллар айнан қайси мактаблар учун сарфланади? Қайси мактабларни жорий, қайсиларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган?
Бу каби саволларга Халқ таълими бўлими Махсус таъмирлаш эксплуатация хизмат бўлими бош муҳандиси Ғ.Хамировдан қуйидагича жавоб олдик:

  • Шаҳар ХТБ тасарруфидаги умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 2022 йилда инвестиция дастури бўйича таъмирланиши режалаштирилган мактаблар тўғрисида тўхталадиган бўлсак, жорий йили 10-мактаб учун 240 ўринли қўшимча ўқув биносини қуриш ишларини якунлаш, 14-мактабни мукаммал таъмирлаш, (9 млрд. 925 млн 750 минг 138 сўм маблағга “Ризо” МЧЖ қурилиш фирмасига бириктирилган), 17 млрд 100 млн сўм маблағ эвазига 16-мактабнинг асосий биносини мукаммал таъмирлаш ва қўшимча 660 ўринли янги ўқув биносини қуриш бўйича лойиҳа смета хужжатлари тайёрланиб, ҳозирги кунда Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжинеринг компанияси томонидан тендер танловига қўйилган. 19-сонли ИДУМнинг 3-босқич қурилиш ишларини ҳам якунига етказиш белгиланган.
    Шунингдек, 2022 йилга жорий таъмирланиши режалаштирилган 13-мактабнинг асосий марказий иссиқлик трассасидан кириб келувчи 1200 метр 76 (дм) қувурлари яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги сабабли, тўлиқ алмаштириш ва иссиқлик тизимини тўлиқ таъмирлаш, 2019 йилда Инвестиция дастури асосида 5 млрд. 380 млн сўм пул маблағ эвазига мукаммал таъмирланган 17-мактабнинг иссиқлик тизими ва том қисми смета ҳужжатларида кўрсатилмаганлиги туфайли таъмирланмай қолган, шу сабабли жорий йилда мактабнинг иссиқлик тизимини тўлиқ алмаштириш, 21-умумтаълим мактабининг том қисми (400 м2) яроқсиз аҳволга келганлиги сабабли жорий таъмирлаш, 22-умумтаълим мактаби оқава қувурлари яроқсиз бўлганлиги сабабли, 80 метр (100 дм) оқава қувурини алмаштириш, мактаб спорт зали ромларининг 100 м2 ойналарини алмаштириш ва фаоллар залини жорий таъмирлаш режалаштирилган. Молия бўлими томонидан ажратилган пуллар айнан шу мактаблар учун сарфланиши кўзда тутилган.
    Қўшимча сифатида 2022 йилга очиқ бюджет танловида ғолиб бўлган мактабларни, яъни, 5-мактабни жиҳозлар билан таъминлаш, мактаб спорт зали, гимнастика залини реконструкция қилиш ҳамда футбол майдонини мукаммал таъмирлаш, 8-мактаб филиали биноси ҳожатхонасини таъмирлаш, 9-мактабнинг информатика ва инглиз тили хоналарини моддий техника билан таъминлаш ҳамда 20-сонли ИДУМни моддий техник базасини ривожлантириш мақсадида интерактив доскалар билан таъминлаш ҳам режага киритилган.
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва Қарорларида умумтаълим мактабларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилганлиги айтилган бўлиб, шаҳримиз мисолида эса бу ҳолат бўйича қанча маблағ ажратилгани ва айнан нималарга сарф қилиниши бўйича юқорида қисқача маълумотларни келтириб ўтдик.
    Мактаблардаги синф хоналар таъмирига келадиган бўлсак, жавоби мавҳум саволлар кўп. Бу борада шаҳримиздаги айрим мактаб раҳбарлари билан мулоқотда бўлдик. Мактаб раҳбарларининг кўпчилиги ўқувчиларга қулай шароит яратиш мақсадида тинимсиз ҳаракатда эканликларига гувоҳ бўлдик.
    Улар томонидан таъмир масалалари бўйича билдирилган айрим фикрларга тўхталамиз:
    • Мактабларимизнинг деярли барчасида сиғимидан ортиқ ўқувчилар таҳсил олишади. Бу дегани айрим мактаблар 2 сменали бўлиб, баъзан педагоглар етишмовчилиги ҳам мактабда 2 сменали ўқитиш тизими жорий этилишига сабаб бўлади. Ўқув йили охирида мактаб фойеси, коридорлари, умумий фойдаланиш ҳожатхоналари, спорт зали ва кийиниш хоналари, айниқса, синф хоналари таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолади. Ўқувчилар 9 ой давомида таҳсил олаётган мактаблар ҳатто мукаммал таъмирдан чиққани ҳам қандай бўлса, ўша ҳолатда сақланади деб ўйлашнинг ўзи хато.
    • Таъмир бўйича мактабларга ҳомий бириктирилмаган. Деярли бутун республика даражасида ҳар йили мактаблар ота-оналар ҳомийлиги ёрдамида таъмирланиб келинади. Лекин айрим ота-оналар норозилиги сабаб бу масала катта муҳокамаларга сабаб бўлади. Таъмир учун пулни мактаб раҳбари ҳам, синф раҳбари ҳам йиғмаслиги керак аслида. Баъзи мактабларда Кузатув кенгаши жуда яхши иш олиб боради ва айнан маблағ масаласида ота-оналарнинг бирорта саволини жавобсиз қолдирмайди. Шундай ота-оналар борки, мактабларга ўзлари ҳомийликни таклиф қилишади. ХТБ томонидан бериладиган кўмак ҳам бутун синф хоналари у ёқда турсин, коридорлар ва спорт заллари таъмирига етса ҳам катта гап.
    • Қачонки, юқори тоифадаги масъуллар томонидан мактаб таъмирлари масаласи қатъий тартибга олиниб, бу бўйича аниқ қарорлар ишлаб чиқилмас экан, на ота-она, на ўқитувчи, на мактаб раҳбари йил сўнгидаги йиғди-йиғди ва турли гап-сўзлардан қутила олишмайди.
    Бу борада айрим ота-оналарнинг фикрларини ҳам келтириб ўтамиз:
  • Уйимизда 30-35 нафар бола бўлса, йилигамас, ҳар ойда таъмир қилдирамиз уйимизни.
  • Юқоридагилар таъмирламаганидан кейин ўқитувчи йиғади-да, ўзининг ёнидан қилмайди-ку…
  • «Пул йиғ» деб айтиш осон, баъзи оилаларда камида 2-3 нафардан фарзанд ўқийди.
  • Мактаб масжиддек жой. Масжидга эҳсон қиламиз-у, мактабга 1 йилда бир маротаба ҳомийлик қилсак ёмонми? Ахир ўзимизга керак бўлса, битта кўйлакни 200 минг сўмдан камига олмаймиз. Наҳот фарзандларимиз учун йилига 1 марта 30 минг сўм беролмасак?
  • Битта гапга, чойхонага бориб қанча пул сарфлаб келамиз? Бўёқларнинг нархлари қиммат, ўқитувчи ёнидан сарфласа ҳам етмайди.
  • Мактабдаги «йиғди-йиғди» пулларга фақат ота-оналар айбдор. Масалан, мен бермайман, ким нима деса-десин. Мактаб камлик қилгандай, боғчалар ҳам пул йиғади.
  • Уйда таъмир килинган жойни болалар расво килишсин-чи, аямасдан урамиз. Кетган пулимизга ачинамиз. Мактаб ҳар йили таъмир қилади, лекин расвосини чиқарадиган ўқувчилар йўқ эмас.
  • Ота-оналар ҳар хил гапни гапиришмасдан мактабларни бир бориб, кўриб келишса яхши бўларди.
  • Йиғилишга чақирсанг келмайдиган ота-она ижтимоий тармоқларда ўтирволиб ҳар хил гапни гапиришни билишади.
    Ҳам мактаб жамоасининг, ҳам ота-оналарнинг бу каби фикрларини давом эттирсак, саҳифамиз етмаслиги аниқ. Шу боис айни мавзу борасидаги якуний хулосани муштарийларимизнинг ўзига ҳавола этишга қарор қилдик.

Дилдора Абдурахмонова.

МАВЗУГА ОИД

5-УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИ — ТАНЛОВ ҒОЛИБИ!

admin

O‘ZBEK TILI – DAVLAT TILI

admin

МАГИСТРАТУРАГА ТУРКИЯГА

admin

ОЛМАЛИҚ — БРИТАНИЯ РЕЙСИ: БИЛЕТ НАРХИ ИЛМ

admin