Image default
Жиноят ва жазо

СОЯДА ҚОЛГАН ГУЛЛАР ЁХУД ЖИНОЯТЧИ АЁЛЛАР

Аёл — миллат кўрки. Бизнинг ғуруримиз, иффатимиз бўлган аёллар нафақат оилани, балки жамиятимизнинг устунидир. Чунки улар келажак умиди, фарзандлар улғайтиради, тарбия беради. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда баъзи бир аёл номига доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди. Тўғри, ҳозир аёлларимиз учун жуда кўп имкониятлар яратилмоқда, лекин шу имкониятларни суиистеъмол қилаётганлар ҳам, ўз ҳуқуқларини нотўғри тушуниб, жамиятимиз учун қинғир ишлари билан доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас.

Буни шаҳримиз ҳудудида аёллар томонидан Мирзо Улуғбек, “Олмалиқсой”, Ҳамза, “Ойдин”, Ибн Сино, А.Навоий, “Шошилоқ”, “Коинот”, “Мустақиллик”, “Кўрпасой” маҳаллаларида фирибгарлик, ўғрилик, корхона пулларини ўзлаштириш, тан жароҳати етказиш ва ўз уйида фоҳишахона ташкил этиш каби содир этилган жиноятлар мисолида кўришимиз мумкин.
Хўш, аёллар томонидан нохуш ҳолатларнинг содир этилишига сабаб нима? Бу саволга минглаб жавоблар, тахминлар ва хулосалар бериш мумкин. Лекин қандай ҳолат ва вазиятда бўлмасин, аёл ўз номига муносиб бўлишга мажбур. Чунки у эртанги кунимиз келажак авлодлари тарбиячисидир.
Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш даркор. Бугунги кунда шаҳримизда ҳимоя ордери олаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу ўзи қанақа ҳужжат, ордер кимларга берилади, жорий йилда қанча аёл ҳимоя ордери олишди ва нима учун? Ушбу саволларнинг барчасига қуйида жавоб топишингиз мумкин.
“Ҳимоя ордери” тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган жабрдийда хотин-қизларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан берилади. Турмуш ўртоғи, севган йигити, қайнота-қайнонаси, қайинсингиллари, қўни-қўшни, иш жойида бўлса, раҳбари ва бошқалар томонидан жисмоний ёки руҳий зўравонлик қурбонига айланган аёллар мазкур ордер асосида қонуний тарзда муҳофаза қилинади.
Афсуски, шаҳримизда ҳимоя ордери олаётган аёллар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-апрель ойида 180 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган(2021 йилда 42 нафар). Шундан бир нафари 18 ёшгача, 60 нафари 18-30 ёшгача ва қолганлари 30 ёшдан катта бўлган аёлларни ташкил этади. Ҳимоя ордери олганларнинг 73 нафарига жисмоний зўравонлик учун, 107 нафарига руҳий зўравонлик учун берилган.
122 нафар аёлга ўз турмуш ўртоқлари учун, 6 нафар келинга қайнонаси сабабли ва 7 нафар қайнонага келинлари сабабли ҳамда қолган 45 нафари бошқа сабабларга кўра ҳимоя ордерлари тақдим этилган.
Шу кунга қадар ҳимоя ордери берилиши натижасида 53 нафар аёл оиласи билан яраштирилди, 75 нафари билан низолар бартараф этилди. 52 нафар оила билан боғлиқ низолар бартараф этилмади. Шундан 48 таси маъмурий ёки жиноий жавобгарлик масаласини белгилаш билан биргаликда расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ҳисобланади.
Умуман олганда, жамиятда аёлларнинг ёмони бўлмайди. Ёмонлар борми, демак, уни қанақадир муаммоси бор ёхуд яшаётган шароити уни шу ҳолга солган, ёки аксинча, иродасининг ўта ожизлиги, шундоқ ҳам табиатан нозик ҳилқат сифатида яратилган аёлларнинг яна ҳам ожизлашувига сабаб бўлиб кимлардир жиноят кўчасига кирса, кимлардир ҳуқуқий ҳимояга муҳтожлик сезиб қолади. Бундай вазиятлар юзага келмаслиги энг аввало, оила муҳитига бориб тақалади. Шундай экан биз яхши миллат тарбияси учун аввало оилаларни мустаҳкам, аёлларни эса эъзозлашимиз даркор.

Г.Сабриева,
шаҳар ИИБ ЖХХ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник.

МАВЗУГА ОИД

Жиноятга жазо муқаррар

admin

ФИРИБГАР СОТУВЧИ

admin

НАФСГА ҚУЛЛИК ҲАЛОЛЛИКДАН ЧЕКИНТИРАР

admin

Ишсизлик – ўғриликка қадам(ми?)

admin