Эрта тонг. Қуёш эринибгина тоғлар орасидан бош кўтаради. Сабо ва эл ўйинқароқлик ила булутларни қувади. Ойнаси очилган дераза олдига хазонларни супуриб ташлайди. Бобохўроз қуёш чиқишига кўмаклашгандай бор кучи билан қичқирди. Ўрнимдан турайин дейман-у, парёстиқ ўзига тортади. Шунда хонам эшиги очилиб синглим ёнимга югуриб келди-да, устимга миниб олди:
– Опа, туринг, сизни уйғотаман деб бобохўроз бўғилиб қолди.
– Вой бижилдоқ-ей!
Синглим боғчага бориб, дўстлар орттиргани таъсир қилган чоғи, тили ҳам анчайин “ўсиб” қолган эди.
–Бўпти, майли, ҳозир тураман, — деб ўрнимдан қўзғалдим. Кўрпа-тўшагимни йиғиштиргач, баъзи бир ишларни қилдим-у, қўлимга супургини олиб дарвозанинг олдига бордим. Раъно аллақачон қўлига пақир олиб мени кутиб турган экан.
–Опа, юринг сизга қарашаман, — дея дарвозадан отилиб чиқди-ю, анҳорга оҳиста эгилиб болаларча беғуборлик билан атрофга сув сепа бошлади.
–Вой, сен булбулча-ей, эҳтиёт бўлгин. Югуриб, йиқилиб тушма тағин.
Раъно хўп деб кулганида, тиши йўқ милклари кўриниб кетди.
Мен эгилиб супурар эканман, синглимнинг шўхлигини, ўйинқароқлигини кўриб дилим яйрайди. У худди уйимизда барчани хурсанд қилиб, кулдириб туриш учун осмондан туширилган фариштага ўхшарди.
Бир пайт пақирнинг ерга тарсиллаб тушгани эшитилди. Шундай ортимга қарасам, синглим ерда беҳуш ётибди. Челакда сув бўлган чоғи синглимнинг кўйлаклари лойга қоришиб кетганди. Пақирнинг тарақлаб кетгани ичкарига эшитилган бўлса керак. Ота-онам югуриб чиқишди. Онам синглимни қўлларига олар экан, бошларидан рўмоли сирпаниб тушди. Сочлари елкасига ёйилиб вой болам, дея ўтириб қолди. Дадам синглимни даст кўтарди-да, машинасининг орқа ўриндиғига ўтқазди. Мотор гувиллаб, машина пишқирганча касалхона томон учиб кетди. Мен эса ҳали-ҳануз ўша ҳолда қотиб турар эдим. Худди барча бўлиб ўтган нарсалар менга тушдай, саробдай туюларди. Фақатгина онамнинг:
–Нега қаққайиб турибсан, Нигора? Бўл, тез такси тут, касалхонага борамиз, — деган саросимали гапларидан кейингина ўзимга келдим.
Касалхона. Бу сўздан сўнг барчанинг кўз олдига улкан ва кўзга совуқ кўринадиган оппоқ бино келса керак. Баъзан бу ерда қувончга тўла чеҳралар кўринса, баъзан эса ғам-ғуссадан қадди букилган инсонлар учраб қоларди.
Мана, узун йўлакдан юриб борар эканмиз, димоққа дорининг аччиқ, қўланса ҳиди урилади. Синглимнинг палатасига етиб келдик. Оппоқ тўшакда ётган синглимнинг қўли-ю, бош томонларига осма уколлар ўрнатилган. Шифокор эса унинг кўз қовоқларини очиб кичкинагина фонарча тутиб қорачиқларини кузатарди. Қўлидаги фонарчани тушириб, биз томонга ўгирилди. Юзлари сўлғин, аммо жиддиятдан қошлари чимирилган эди. Сўнгра дадамга юзланиб, совуқ оҳангда деди:
–Кабинетимда гаплашайлик.
Докторнинг ортидан дадам изма-из бориб, гаплашгани унинг кабинетига кириб кетди. Бироз вақт ўтгандан сўнг эшик ғийқиллаб очилди-ю, дадам кўринди. Доктор унга тинмай нималарнидир тушунтирар, дадам эса бошини эгганича паришон аҳволда турар эдилар.
Доктор дадамнинг елкасига қоқиб қўйиб:
–Сабр қил, — деди-да, узун йўлак бўйлаб юриб, бошқа бир палатага кириб кетди. Дадамни биринчи бор ўта тушкун аҳволда кўришим эди. Улар деворга суянганча ерга ўтириб, бошларини чангаллаб олди. Елкалари тинмай силкинар эди. Ё Худойим, ўзи нималар бўляпти? Ярим соат олдин қиқирлаб юрган синглимни бирданига оппоқ тўшак ўз бағрига олган бўлса-я! Барчаси бир лаҳзада содир бўлди-ю, хаёлларим чалкашиб, ҳушимни йўқотаёздим.
Тун зулмати бостириб келар экан, офтобнинг юзига қора парда тортилди. Қуёш бор кучи билан нур сочар, парда ортидан нурлари синиб, йўқолиб борарди. Охири кучсизланиб тоғлар ортига бош олиб кетди. Бу зулмат қайғу-алам билан қоришиб бизнинг қалбларимизга ҳам кириб келди. Синглимсиз уйимиз ҳувиллаб қолди. Ҳар доимгидек пар кўрпа ўзига тортади. Кўзимдан икки томчи ёш оқиб парёстиққа сингади. Ён томондаги хонадан шамчироқ хира нур сочади. Ота-онам суҳбати элас-элас қулоғимга чалинади.
–Дўхтир нима дейди?!
–Юраги порог экан. Донор топилар, лекин операцияни кўтара олмаслиги мумкин дейишяпти.
–Энди нима қиламиз?! Вой шўрим! – Онамнинг пиқиллагани эшитилади.
–Сабр қилайлик. Аллоҳга таваккал. Ўзи асрасин. Ҳаммаси Аллоҳдан, онаси.
Ота-онамга ҳам қийин. Жуда қийин. Сакраб, ирғишлаб юрган қизлари бир кунда тўшакка михланиб қолса. Жуда оғир. Шу ўйлар оғушида мени мудроқ боса бошлади.
Тўрт опа-сингил бир-бирига ўрин бериб, бир-бирини қувлаб йиллар ўтди. Баҳорнинг илиқ кунларида синглимга жавоб тегди. Хасталикдан муштдек бўлиб қолган, юзлари сўлғин. Бағримга босганимда дори иси келарди. Алоҳида хона ажратиб синглимни ўша ерга кўчирдик. Онам билан навбатма-навбат унинг ёнида тунайдиган бўлдик. Бир куни тонг саҳарда кимдир юзларимни силаб, сочларимни тортқилаб ўйнарди. Кўзларимни очиб қарасам, синглим ўрнидан турибди.
–Юринг, опа, ташқарига чиқайлик, уйда сиқилиб кетдим.
Тушимми ё ўнгимми?! Синглим ўрнидан турибди. “Она, дада, деганимча ўрнимдан туриб ташқарига отилдим. Улар ҳам синглим ўз оёқлари билан юраётганини кўриб кўзларига ишонмас эдилар. Синглим худди аввалгидек хушчақчақ эди. Иккаламиз хумордан чиққунча мириқиб ўйнадик, сўнгра дадам бизни машинасида айланишга олиб чиқдилар. Музқаймоқ едик. Хиёбонга бордик. Кечки пайт хурсанд бўлиб уйга қайтдик. Наҳотки олдинги қувончимиз яна қайтиб келган бўлса, дея ич-ичимдан завқландим. Бироқ бу қувонч узоққа чўзилмади.
Гулзор оралаб қиқирлаб ўйнаб юрган сингилчам бирдан маъюсланиб ҳолдан кетиб йиқилди. Она, дея бақириб юбордим. Онам билан дадам югуриб келдилар. Синглим онамнинг қучоғида йиғламсирар, тинмай юзини онамнинг юзига ишқалар эди. Дадам эса унинг жажжи қўлларидан олиб кўзларига суртиб ўпар, йиғларди. Дадамнинг кафтидаги нозик қўлчалар жонсиз ҳолатда осилиб қолди. “Болам” дея онам фарёд чекди, бошларини муштлаб, юзларини юмдалай кетди. Дадам бўлса бошларини чангаллаганча йиғлаб юборди. Демак, синглим охирги бор ота-онам билан видолашиб олган экан-да. Ё Худо деганча ташқарига отилдим. Нега ундай қилдинг, битта-ю битта қувончимни юлиб олдинг. Нега?!
Кўча бўйлаб тинмай югурар эдим. Қайга кетаётганимни ва бу йўл мени қайларга олиб боришини ҳам билмас эдим.
Тонг саҳарга яқин уйимиздан тобут чиқди ва оломон қўлида қабристон томон йўл олди. Ўзимни қаерга қўйишни, бошимни қайга уришни билмас эдим.
Қабристон. Бу сўз шунчалар совуқки, ҳар бир эшитган инсоннинг эти жимирлайди. Қабристон эшиклари ланг очиқ. Худди янги майит кутаётгандай кўринади. Қордан ивиган йўлаклар бефайз. Ҳар жойда қабрлар маҳзун, оппоқ кўрпага ўралиб туради. Лекин уларнинг орасида бир қабр ҳаммасидан ҳам қадрли, қалбга илиқ туюлади. Ёнига бориб ерга чўккаладим. Оҳиста қабр устидаги оппоқ қорни силай бошладим. Унга бағримни бердим.
Синглим бир ўзи бу ваҳимали жойда ер бағирлаб ётибди. Қизиқ, қўрқмаяптимикан? Хабар олишга келолмаган кунларимизда биздан ранжимаганмикин? Ҳар тонг уйғонишга эринардим. Лекин мени ҳар тонг синглим уйғотади. У нурлар ичида сузиб келади-да, ҳар доимгидек устимга миниб олади. Унинг овозини эшитиб уйғониб кетаман:
–Опа, туринг. Сизни уйғотаман деб бобохўроз бўғилиб қолди…
Маржона Ёқубжонова,
Ангрен шаҳар ихтисослашган мактаб 11-синф ўқувчиси.