Чилонзор туманидаги “Бешқўрғон” ипподром савдо мажмуасида юз берган ёнғин яна бир бор огоҳлик ва эҳтиёткорлик қанчалик муҳим эканини кўрсатди. Мазкур ҳодиса фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида келиб чиққан бўлиб, катта моддий зарар келтирди. Шунга қарамай, ёнғин-қутқарув хизматлари ходимларининг профессионаллиги ва тезкор ҳаракатлари туфайли вазият қисқа вақт ичида назоратга олинди. Уларнинг фидокорона меҳнати натижасида савдо мажмуасининг 3000 квадрат метр майдони, ундаги моддий бойликлар, шунингдек, яқин ҳудудда жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва 5 қаватли автотураргоҳ ёнғиндан сақлаб қолинди. Бу эса ёнғиннинг янада кенг тарқалиб, янада катта талафотларга олиб келишининг олдини олди.
Мазкур воқеа барчамиз учун муҳим сабоқ бўлиши керак. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик, бепарволик ёки оддий эҳтиётсизлик катта фалокатларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар бир фуқаро ўз атроф-муҳитига масъулият билан ёндашиши, хавфсизлик чораларини доимо ёдда тутиши зарур.
Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун эҳтиёт бўлайлик. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш орқали нафақат ўзимизни, балки атрофдагиларни ҳам ҳимоя қилган бўламиз. Унутманг, эҳтиёткорлик — бу хавфсизликнинг энг муҳим кафолатидир.
Хуршид Элбоев,
шаҳар Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўлинмаси катта инспектори, майор.