Ҳаётда икки хил инсон бўлади: биринчиси — шароитни кутадиганлар, иккинчиси — шароитни ўзи яратадиганлар. Кимдир яхши мактаб, яхши устоз, яхши муҳитни кутса, кимдир эса мавжуд имкониятдан максимум фойдаланиб, ўзини ўзи яратади. Бугунги суҳбатимиз қаҳрамони — айнан иккинчи тоифадан. У мактабда “ўртача” баҳога ўқийдиган ўқувчи бўлган. Лекин бир қарор, бир рақобат ва бир қараш уни бутунлай ўзгартирган. Унинг йўли осон бўлмаган: грантдан айрилган, бошидан бошлаган, ўзини қайта қурган. Лекин айнан шу жараён уни кучли қилган.
— Отабек, суҳбатимизни болалик ва мактаб йилларингиз ҳақида бошласак.
— Дилфуза опа, аввало таклиф учун раҳмат. Мен Отабек Нурмуҳаммад ўғли 2001 йил Олмалиқ шаҳрида туғилганман. Шаҳримиздаги 22-умумтаълим мактабида ўқиганман. 2008 йил ўқишга чиқиб, 2017 йил битирганман. 9-синфни тамомлаб, академик лицейга ўқишга кирдим. Мактабда 8-синфгача яхши ўқимаганман. Ўқишни хоҳлардим, лекин кўп нарсани тушунмасдим. 9-синфдан бошлаб қўшимча дарсларга қатнай бошладим. Математика фанидан “Бухоро мактаби”га борганман. У ерда устозим Жамшид Рамазанов бизга таълим-тарбия берган. Эсимда, қўшимча дарсларимизга Дилноза деган ўқувчи қиз келарди. Олимпиадаларга қатнашиб, Республикада юқори ўринни эгаллаган эди. Шу қиз келишидан олдин унча эътибор бермаганман, келгандан кейин ростдан ҳам кучли экан, деб тан олганман. Ўша пайт шу қиз устознинг тилидан тушмаяпти, демак, шунга рақобатчи бўлишим керак экан, деган тушунча пайдо бўлган. Уйга бориб олдинги мавзуларни такрорлай бошладим, «Логарифм» мавзусидан кейин ўзимда ўсиш кузатдим. Ўша мавзудан бошлаб қаттиқ ўқий бошладим.
Авваллари ДТМ саволлари 36 та бўлар эди, шундан сўнг 36 та тестдан 36 та еча бошлаганман. Яъни, одатда 16–17 та ечиб юрган бола бирдан 36 та еча бошлаган. Дўстларим ҳайрон қолишган: “Нима, шу қизни яхши кўриб қолдингми?” деб. Менда Дилнозанинг билимига бўлган ҳурматим чексиз бўлган холос.
— Лицейдан сўнг таълимни қаерда давом эттирдингиз?
— Мен Хитойда, аниқроғи Шанхайда жойлашган университетга ўқишга кирганман. Ўша пайтда университет дунё бўйича «Топ-50″таликка кирар, ҳатто 42-ўринда эди. Мен грант асосида Computer Science, яъни, IT йўналишида таҳсил олдим. У ерда 2 йил ўқидим ва шу вақт ичида жуда яхши натижаларга эришдим — ҳатто курсда топ-1 талаба бўлдим. Математика, физика ва IT фанларидан энг юқори кўрсаткичларга эга эдим. Хитой тилим ҳам жуда яхши даражага чиққан эди. Бизнинг университетда яна бир катта имконият бор эди — Stanford University’га ўқишни давом эттириш имконияти. Бу менинг орзуим эди, чунки у ер орқали Силикон водийсига чиқиш ва кейин Америкада фаолият юритиш имконияти бор эди. Ўзим мустақил топшириш қийин бўлгани учун, шу йўлни осонроқ деб ўйлаганман. Лекин бир муаммо бор эди. Мен баъзи фанларни, масалан “Chinese art class” каби дарсларни ўқимаганман. Чунки бу фанлар менга қизиқ эмас, ҳатто ўзимга бегона туюлар эди. Гўёки уларнинг маданиятини мажбурий равишда сингдиришмоқчидек кўринарди. Шу сабабли, бошқа барча фанлардан юқори натижа кўрсатган бўлсам ҳам, айнан шу фанларни ўқимаганим учун грантим бекор қилинди. Мен ўзимни тушунтириб бера олмадим — ахир асосий йўналишлар бўйича энг яхши натижалар менда эди. Контракт асосида ўқиш эса жуда қиммат эди — йилига тахминан 2000 доллар. Бу оиламиз учун катта маблағ бўлган. Кўп ўйлаб, охири ўқишни ташлашга қарор қилдим.
Шундан сўнг ҳаётимни тубдан ўзгартирдим. Европа университетларига — Италия, Германия ва Польшага ҳужжат топширдим. Бир нечта таклифлар олдим ва охири Польшадаги ўқишни танладим. Бу қарор мен учун янги босқичнинг бошланиши бўлди. Хитойда ўқиганим эса ҳаётимда катта тажриба ва сабоқ сифатида қолган.
— IELTS Халқаро сертификати олишингиз жараёни ҳақида тўхталсангиз.
— Мустақил уйда тайёрланиб IELTS олганман. Грамматикани ўқишга жуда ҳаракат қилганман, лекин ҳеч омадим келмаган. Чамамда, 15 нафарга яқин устозга борганман, лекин қониқмаганман. Бу кўпроқ ўзимдаги муаммо бўлган, устозларда эмас. Устозлар билан ўргана олмаслигимни кўрганман. “Вақтимни бекор ўтказмай, дада, менга интернет улаб беринг, телефон беринг, вақт беринг — бўлди. Мен ўзим ўрганаман”, деганман. Шу пайтдан кейин инглиз тилини мустақил ўрганганман, ўрганиш тезроқ ва кучлироқ бўлган. Тилни кўпроқ мақолалар орқали ўрганганман. YouTube’дан Listening, яъни эшитиш қобилиятини ошириш учун фойдаланганман. Уйдагиларга бориб, тушунмасам ҳам гапирардим, ҳар хил сўзларни айтиб берардим. Тушунмас эди, лекин барибир ҳаракат қилардим тушунтириб беришга. Имкон қадар ўзбек тилида гапиришни камайтирганман. Бир йилда IELTS’дан 6.5, кейин эса 8 даража олдим.
— Демак, янги тилни мустақил ўрганса бўлади, буни қандай уддаладингиз?
— Бир нечта сайтни айтиш қийин — бу битта мавзу учун битта китоб сўрагандек гап. Янги билимни мустақил эгаллаш учун биринчи ўринда тўғри маълумотни Google’да қандай қидириш — бунинг ўзи ҳам битта қобилият ҳисобланади. Google’ни кўпчилик тўғри ишлатмайди. Ҳозирги кунда сунъий интеллект бор — ишлатса бўлади. Кўп нарсани топиб бермоқда. Илм олишда жараён анча осонлашган, фақат қидиришни билиш керак. Муаммо бизда эслаб қолишда эмас, мактаблар эслаб қолишга қаратилган. Аслида тўғри жойда тўғри нарсани топа олиш муҳим. Ҳамма устозлар ҳам мавзуларни ёд олмаган, шунчаки тушунган. Қайтариш орқали мустаҳкамлаб олади. Масалан, зўр профессорлар фанни ёд олмаган — тушуниб олган, бир марта қайтаради, бўлди, умр бўйи етади. Шунинг учун қидириб топиш кўникмаси керак. Устоз таълим бериш учун эмас, кўпроқ тўғрилаш ва тажриба бериш учун керак. Таълимни китобдан олса бўлади, лекин тажрибани устоз беради. Вақтни тежаш учун кўпроқ ўзимиз ўқиб, тажрибани устозлардан олишимиз керак.
— Бугунги Отабекнинг ютуқларида отангизнинг ҳиссаси…
— Дадам менга инвестиция сифатида қарар эди. “Болам, сен менинг бизнесимсан, сенга инвестиция қиламан”, дер эди. Шу тарафлама инсонда донишмандлик бўлади, мен шуни дадамда кўрганман. Бир айтар эди, икки айтар эди, учинчисида айтган гапи ҳаётимни ўзгартириб юборган. Масалан, “қонунлар ҳақида ўқиб чиқ” дерди. Ўқимасам, бир-икки айтар эди, кейин “болам, қонунлар қон билан ёзилган” дер эди. Яъни, кимнингдир қони тўкилган, шунинг учун улар ўз-ўзидан ёзилмаган. Ёш бўлганман, тушунмаганман, лекин кейин тушундим. “Кўпроқ ўтириб тафаккур қил”, дер эди. Ҳозиргидек ёдимда: ҳеч кимда компьютер йўқ пайтда мен учун дадам 500 долларга компьютер олиб келган. Уни бузиб қўйганман, арзонга сотиб юборганмиз. Ишонсангиз дадам дакки бермаган, кулиб “буз, фақат ўрган”, деган. Биласиз, бизнес биттада юриб кетмайди. Йиқилишларга тайёр туриш керак. “Хато” деган тушунчани олиб ташлаб, “ўрганиш” деган тушунчага эътибор бериш керак. Чунки хато қилмай хулоса бўлмайди.
— Сиз “таъсир муҳим” деб айтдингиз — аниқ қайси таъсирни яратишни орзу қиласиз ва бугунги стартапингиз шу мақсадга қандай хизмат қилмоқда?
— Мен учун таъсир — бу фақатгина катта фойдаланувчилар сони ёки даромад эмас. Мен одамларнинг ҳаётида ҳақиқий ўзгариш қилишни хоҳлайман. Масалан, мен яратган инглизча гапиришни текширувчи модуль кимгадир иш топишга ёрдам берса, кимдир ўзини ишончлироқ ҳис қилса — мана шу мен учун энг катта ютуқ. Мен шундай технологиялар қурмоқчиманки, улар одамни “маҳсулот”га айлантирмайди, аксинча уни ривожлантиради. Катта компанияларда баъзан фойдаланувчи диққатини ушлаб туриш ёки реклама учун маълумот тўплаш биринчи ўринга чиқади. Бу эса менинг қадриятларимга тўғри келмайди. Бизнинг стартапда эса бошқача ёндашув бор: биз технологияни инсонга хизмат қилдирмоқчимиз. Масалан, тил ўрганишни арзон, қулай ва шахсий қилиш орқали одамларга глобал имкониятлар эшигини очамиз. Бу эса кимнингдир ҳаётини бутунлай ўзгартириши мумкин.
— Ёшларга маслаҳатингиз…
— Биринчи ўринда «қувиб ўтиш» одатини тўхтатиш керак. Чунки бу ҳолатда болалар адашиб қолади: бирига қараса — у бошқа иш қиляпти, яна бирига қараса — яна бошқа иш. Кимдир миллион доллар топяпти, яна кимдир бошқача йўл билан муваффақиятга эришяпти — бола шу нарсалардан чалғийди. Аслида эса, ҳамма ўз йўли билан кетиши керак. Мен шахсан пойга қилишни хоҳламайман. Чунки пойгага кирсангиз, бир куни албатта ютқазасиз. Бу табиий. Ҳаётни пойгага айлантириш — ўзингизни хавфга қўйиш билан баробар. Масалан, машинада кимнидир қувиб ўтишга ҳаракат қилсангиз, авария бўлиш эҳтимоли бор. Йўлда кутилмаган ҳолатлар чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар ким ўз йўлида, ўз тезлигида юргани маъқул.
Инсонларнинг энг катта хатоларидан бири — бошқаларнинг ташқи кўриниши билан ўз ички дунёсини солиштиришдир. Кимдир ташқаридан бахтли кўринади, аммо биз ичимизда ғам билан яшаймиз. Ва шу ҳолатни таққослаб, ўзимизни ёмон ҳис қиламиз. Аслида эса, ҳар кимнинг ҳаёти, дарди ва йўли бошқача. Шунинг учун энг тўғри йўл — ўз йўлимизни топиш ва бошқаларга қараб эмас, ўз мақсадларимизга қараб яшашдир. Бошқаларнинг натижаси эмас, ўзимизнинг ҳаракатимиз муҳим. Чунки ҳақиқий ютуқ — бу ўзингизни енгиш ва ўз йўлингиздан адашмасликдир.
Суҳбатдош Дилфуза Рўзиева.