Совуқ ҳаво одамларнинг юзини қизартириб юборса-да, бозор ичида иссиқлик бор эди — “Чиройли йигит, патирлардан олинг”, “Савлатли отахон, майизларга бир қаранг, қувват бўлади”, “Ҳой, бачам, бахтингдан очайми, тахтингдан очайми?” шу каби чақириқлар одамнинг кайфиятини кўтарар эди.
Ҳамид ушбу чақириқларга ним табассум қилиб, оиласи учун рўзғорликка майда-чуйда олишда давом этди. Бироз юриб, кабоб сотадиган жойга яқин келганини ҳис қилди. Совуқда кабоб билан ароқ шунақанги яхши кетади-я, деди ич-ичидан. Шу пайт Ҳамид столга ўтирди, хизматчи йигитга икки сих кабоб ва 100 грамм ароқ буюртма қилди. Иштаҳаси очилиб, 100 грамм ароқ бир шишага айланди. Рўзғор учун олган картошкалари ерга тўкилиб ётарди. Ҳисоб-китоб қилиб, кўчага чиқди. Шу пайт ўртоғи Олимни кўриб қолди.
Иккаласи қучоқлашиб кўришишди. Бир неча дақиқадаёқ улар яна “бирга ўтириш”га келишиб олишди. “Радуга” кўчасидаги дўконларга кириб, Ҳамид ўйлаб ҳам ўтирмасдан ишлатиб юрган телефонини арзонга сотиб юборди. Олим ҳайрон бўлди, бироқ бир сўз демади. “Радуга”даги кафеларнинг бирига кириб, яна ароқхўрлик қила бошлашди. Шу зайлда гаплар баландлашди, кулгилар кўпайди, вақт эса сезилмай ўтиб кетди. Охирида иккаласи ҳам ўзини тўлиқ назорат қила олмайдиган ҳолатга келиб қолди.
Кўчага чиққанларида, ҳаво совуқ, осмонда ой кўриниб қолган эди.
Олим бир пайт:
— Бир дақиқа, — деди. У курткасини ечиб, дарахт шохига илди.
— Қараб тур, ҳозир келаман.
У четроққа кетди. Ҳамид ёлғиз қолди. Унинг кўзи беихтиёр курткага тушди. Бир қаради, яна қаради, сўнг аста яқинлашди. Чўнтагида қаппайиб турган телефон, пуллар ва қандайдир ҳужжатга кўзи тушиб, нафси ҳакалак отиб кетди. У ёқ-бу ёққа қаради-да, Олимнинг чўнтагидаги ҳамма нарсани олиб, туртила-суртила кўздан ғойиб бўлди.
Олим келиб, курткасининг бўш чўнтагини кўриб ҳайрон қолди. “Ҳамид!” деб чақира бошлади. Кайфи бир пастда тарқаб кетди.
Ҳамид телефонни тезда сотди. Пулни қўлига олди, лекин хурсандчилиги узоққа чўзилмади.
— Тўхтанг!
Оддий кийимдаги бир неча киши Ҳамиднинг орқасидан чақираётган эди. Ҳамид бурилиб қаради, ҳалиги йигитлар ҳужжатини кўрсатиб:
— Биз ИИБданмиз, — дейишди…
Олим билан Ҳамид суд залида учрашди. “Отамлашиш” учун эмас, судлашиш учун. Икки дўст нафс йўлида бир-бирига душман бўлиб қолди. Олимга етказилган моддий зарарни Ҳамид томонидан тўлиқ қоплаб берилиши белгиланди.
Маъмуржон Тўйчиев, жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.