“Ўзкимёсаноат” АЖ ташаббуси билан шаҳримиздаги “Ammofos-Maxam” акциядорлик жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди. Унда корхона фаолияти, амалга оширилган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар атрофлича ёритилди. “Ammofos-Maxam” АЖ бугунги кунда мамлакатимиз кимё саноатининг етакчи корхоналаридан бири ҳисобланиб, Қизилқум фосфоритлари асосида юқори сифатли минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона фаолияти қишлоқ хўжалигини зарур ўғитлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2025 йил якунлари корхона учун самарали бўлди. Белгиланган режалар ортиғи билан бажарилиб, 223,3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу эса режага нисбатан 114,3 фоиз ўсишни таъминлади. Айниқса, аммофос маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг юқори улушни эгаллагани эътиборга лойиқ. Сотув кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани намоён қилмоқда. Ички бозорни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 1,6 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот реализация қилинган. Шу билан бирга, корхона маҳсулотлари Афғонистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
2026 йилнинг дастлабки чораги ҳам барқарор ўсиш билан бошланди. Ушбу даврда: 42,45 минг тонна аммофос ишлаб чиқарилган, маҳсулот қиймати 303,18 млрд сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 107,1 фоизга етган.
Пресс-тур давомида журналистлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Жумладан, экстракцион фосфор кислотаси ишлаб чиқариш цехининг қуввати йиллик ҳисобда P₂O₅ бўйича 136 400 тоннани ташкил этиши қайд этилди. Ушбу цехда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида замонавий ускуналар жорий қилиниб, ишлаб чиқариш самарадорлиги сезиларли даражада оширилган.
Заводда экологик барқарорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида: 87 919 туп дарахт ва бута, 12 000 дона гул экилиб, ҳудуд кўкаламзорлаштирилган. 2026 йил январь–март ойларида эса 4 та экологик тадбир амалга оширилди, ушбу ишларга 0,193 млрд сўм маблағ йўналтирилди, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар 0,35 тоннага камайтирилди, 2 032,32 тонна чиқинди қайта ишланди.
Корхонада ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Ходимларни соғломлаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Умуман олганда, “Ammofos-Maxam” АЖда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий ёндашувлар ва инновацион лойиҳалар корхонанинг барқарор ривожланишини таъминлаб, мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.