Биласиз, дўконлар атрофида одамлар гавжум бўлади. Кимдир харид билан овора, кимдир иш билан.
Ана шу муҳитда икки таниш — Нуриддин ва Мамарасул ўртасида бошланган оддий суҳбат кейинчалик оғир оқибатларга олиб келишини ҳеч ким ўйламаган эди. Мамарасул бир неча йилдан бери ҳайдовчилик гувоҳномаси олишни орзу қилар, лекин турли сабабларга кўра бу иш орқага сурилиб келарди. У имтиҳондан ўта олмаганини, ёрдам берадиган таниш топа олмаётганини Нуриддинга айтганида, у ўзини ишончли инсон қилиб кўрсатди. Гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари бордек, гувоҳномани осонгина олиб беришини ваъда қилди.
— Фақат хизмат ҳақи бор, — деди у ишонч билан. — 700 доллар.
Орзуга ишонган инсон кўп ўйлаб ўтирмайди. Мамарасул ҳам шундай қилди. У бор-йўғини йиғиб, келишилган пулни Нуриддинга топширди. Қўлидаги пулни санаб олган Нуриддин эса: “Бир-икки ойда тайёр бўлади”, деб ваъда берди.
Вақт ўтди. Бир ой, икки ой… лекин гувоҳнома ҳам, аниқ жавоб ҳам йўқ. Мамарасул ҳар сафар сўраганда, янги баҳона эшитарди: “Ишлар кечикди”, “танишлар банд”, “озгина сабр қил”. Аслида эса Нуриддин аллақачон пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб бўлган эди. Ишонч секин-аста шубҳага, шубҳа эса аламга айланди. Охири Мамарасул пулни қайтаришни талаб қила бошлади. Нуриддин эса яна алдашда давом этди. Ниҳоят, сабр косаси тўлган Мамарасул ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.
Суд залида Нуриддин эайбини тан олиб, боши эгилган ҳолда турар эди. У қилган ишидан пушаймонлигини, пулнинг бир қисмини қайтарганини, қолганини ҳам тўлашини ваъда қилди.
Суд барча ҳолатларни ўрганиб чиқиб, Нуриддинга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Энди у муайян жойларга бормаслик, ички ишлар органлари розилигисиз ҳудуддан чиқмаслиги шарт қилиб қўйилди.
Муҳаммад Каюмов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси.