Ҳозирги кунда инсониятнинг ҳар бир бажараётган иши, албатта, технологиялар билан чамбарчас боғлиқдир. Инсонларнинг фаолиятида ҳам ижтимоий тармоқлар, махсус платформалар ва албатта сунъий интелектнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бундай глобаллашув жараёни ҳуқуқ соҳасини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бугунги кунда, ривожланган мамлакатларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти жаҳон ахборот тизими билан узвий боғланган. Улар фуқаролар учун барча турдаги юридик хизматларни, ҳуқуқий қўлланма ва луғатларни оммага таништиришни иложи борича онлайн шаклда амалга ошириш самаралироқ усул эканлигини тан олмоқдалар. Шу сабаб, юртимизда ҳам бу турдаги онлайн хизматларни амалга ошириш ишлари жадаллик билан йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини амалга киритиш борасида жадал ислоҳотлар йўлга қўйилган. Бундан ташқари, мамлакатимиз технологик қобилиятини ошириш ҳамда давлат органлари, хорижий ташкилотлар билан самарали алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Президентимиз фармони билан 2024 йил 1 февралда Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди. Ушбу марказда 1 июндан 5 йиллик муддат давомида хорижий ташкилотлар билан бўладиган ҳуқуқий режим тизимини рақамли технологиялар ёрдамида бошқариш эксперимент тарзида жорий этилди.
Биз келажакда фаолиятимизни имкон қадар енгиллатиш мақсадида технологиялар кўмагига таянмоқдамиз. Энг оддий маиший хизматлардан тортиб иқтисод, солиқ, ҳуқуқ, умуман давлат бошқаруви ва маҳаллий бошқарув тизимлари тўлиқ автоматлаштирилган ягона базалар орқали шакллантирилмоқда. Буларнинг барчаси, албатта, фойдали лекин ўз навбатида салбий ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларга ҳам сабаб бўлади. Технологияларга қарамликнинг олдини олиш мақсадида уни ҳукумат томонидан маълум даражада назорат қилиб туриладиган тизимга солиш анча хавфсиз ва фойдалироқ бўлади деб ҳисоблайман ҳамда агарда бу борада Конституциямизга ҳам ривожланган мамлакатлар тажрибасидан илҳомланган ҳолда тегишли нормалар киритилиб, улар асосида қонун ва қонун ости хужжатлари қабул қилинса, технологик тизимимиз янада мустаҳкамланиши шубхасиздир.
Фарангиз АБДУСАТТОРОВА ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Халқаро ҳуқуқ” факультети, 1-босқич талабаси.