Куни кеча “Нуроний” жамғармаси Олмалиқ шаҳар бўлими шаҳар “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик гуруҳи билан ҳамкорликда Нуронийлар масканида ”Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг “Аждодлар меросига муносиб авлод” ғояси остида “Миллий ўзлик ва маънавий қадриятлар-маънавий камолот пойдевори” мавзусида маънавий-маърифий, тарбиявий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда шаҳримиздаги 15-мактабнинг ўқувчи ёшлари иштирок этишди. Ёшлар нуронийлар томонидан тайёрланган азалий урф-одатларимиз ҳамда миллий қадриятларимиз акс этган кўргазма ва амалий ишлар билан танишдилар.
“Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раиси Мухиддин Абдуллаев ёшларни Нуронийлар маскани билан таништириб, шаҳримизда биз билан ҳамнафас яшаб келаётган Ўзбекистон Қаҳрамонлари, «Эл-юрт ҳурмати ордени» соҳиблари, Меҳнат фахрийлари, фан арбоблари билан таништирди. Уларнинг шаҳримиз ривожига, қолаверса, республикамиз ривожланиши йўлидаги меҳнат фаолиятлари ҳақида гапириб берди.
Нуроний онахонлар кўргазмадаги каштачилик, гиламдўзлик ҳунарлари билан ёшларни таништиришди ҳамда ёшларни ушбу ҳунарларни ўрганишга чақиришди. Шунингдек, энг қадимий, катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган урф-одатларимиздан бири бўлган уйга меҳмон келганда қўлга сув олиш удумини кўрсатиб бердилар ҳамда бу урфнинг тарбиявий ва гигиеник аҳамиятини айтиб ўтдилар.



