Устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланди
29 сентябрь куни шаҳримиздаги «Оқсарой» тантаналар мажмуасида 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирни Олмалиқ шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев табрик сўзи билан очиб бериб, таълим-тарбия соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган барча педагогларни самимий табриклади.
Шаҳар ҳокими ўз табригида жамиятда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёс эканини, уларнинг ёш авлодга билим ва эзгу фазилатларни сингдиришдаги улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Тантанали маросимда ёш авлод таълими ва тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари ва фахрий педагогларга шаҳар ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, байрам давомида шаҳар Маданият бўлими ижодий жамоаси томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Дилкаш қўшиқлар ва жозибали рақслар тадбирга бўлакча файз бағишлаб, йиғилганларга кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар улашди.








