9 май санаси юртимизда умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана мардлик, сабр-тоқат, фидойилик ва миллий бирлик тимсоли бўлиб, Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган инсонларни ёд этиш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш, бугунги тинч ҳаётимизни қадрлашнинг ёрқин ифодасидир.
Шу муносабат билан «Аммофос-Максам» корхонасида «Инсон қадри азиз, хотираси муқаддас» шиори остида ташкил этилган «Уч авлод учрашуви» тадбири юксак маънавий-тарбиявий руҳда ўтказилди. Мазкур учрашувда юртимиз тараққиёти, хавфсизлиги ва тинчлигига муносиб ҳисса қўшган, бугун эса ёшларга ибрат бўлаётган бир қатор ҳурматли фахрийлар иштирок этдилар.
«Нуроний» жамғармаси Олмалиқ шаҳар бўлими раиси, полковник Мухиддин Абдуллаев, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги фахрийси, истеъфодаги полковник Шавкат Нишонов, истеъфодаги подполковник Валерий Мелъничук, Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актёри Теша Мўминов, Ўзбекистон хизмат кўрсатган журналист Қобилбек Каримбеков, «Аммофос-Максам» АЖ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи, жамият «Нуроний» жамғармаси раиси Мақсуд Маматовлар шулар жумласидандир.
Учрашувда фахрийлар ўз ҳаётий йўллари, эл-юрт йўлида қилган хизматлари, мураккаб синовларга тўла йиллари ҳақида самимий сўз юритиб, ёшларга ибратли фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Улар тинчлик ва эркинлик қанчалик қимматли неъмат эканлигини, бу неъматни асраб-авайлаш, уни мустаҳкамлаш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчи эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир давомида ёшлар фахрийлар билан очиқ мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан илҳом олдилар. Соҳа мутахассислари ва ўқитувчилар, маҳалла фаоллари ва мактаб ўқувчилари иштирок этган учрашувда ватанпарварлик, тарихий хотира, миллий қадриятлар мавзуларида интерактив суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, тадбир доирасида фахрийларни қадрлаш, уларга эсдалик совғалари топшириш, ёшлар томонидан тайёрланган саҳна чиқишлари ва бадиий композициялар ҳам намойиш этилди.



Саидакбархўжа Ўринбоев,
«Аммофос-Максам» АЖ Бошқарув раисининг ахборот-сиёсати бўйича маслаҳатчиси.