Мана, барча мактабларда 2024–2025 ўқув йили ҳам ўз якунига етди. Ушбу йил якунида шаҳримизда жами 2 476 нафар 11-синф, б3 014 нафар 9-синф ўқувчиси мактабни муваффақиятли тугатди. Улар орасида ўзининг юқори билим савияси, намунали хулқи, фаол иштироки ва ўқув жараёнидаги ютуқлари билан ажралиб турган иқтидорли ўқувчилар “олтин” ҳамда “кумуш” медаллар билан тақдирланишди.
Ушбу натижалар шаҳримизда ёш авлоднинг таълим-тарбияси, билим даражаси, ўқитувчи ва мактаб жамоаларининг меҳнат самарадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади. Ҳар бир медал ортида улкан меҳнат, изланиш, сабр-тоқат ва ота-оналарнинг доимий ёрдами турибди.
Олтин медал билан тақдирланган 17-умутаълим мактабининг 11-синф битурвчиси Иброҳимжон Шуҳратовни таҳририятимизга чақириб, суҳбатлашдик.
«Олтин медал»га лойиқ деб топилган ўқувчиларнинг аксарияти шаҳримизнинг 1-, 3-, 11-, 17- ва 18-мактабларида таҳсил олган битирувчилардир. 36 нафар ўқувчи «Олтин медал», 5 нафар ўқувчи эса «Кумуш медал» соҳиби бўлишди. «Олтин медал» совриндорларининг кўплиги таълим сифатининг юксалаётганидан, ўқитувчиларнинг меҳнати ва ота-оналарнинг доимий қўллаб-қувватлашидан далолат беради.
Хусусан, 1-ИДУМ ўқувчилари 3 та олтин медал; 3-мактаб – 6 та олтин медал; 5-мактаб – 2 та олтин медал; 10-мактаб – 1 та кумуш медал; 11-мактаб – 7 та олтин ва 3 та кумуш медал; 17-мактаб – 8 та олтин медал; 18-мактаб – 2 та олтин ва 1 та кумуш медал, қолаверса, шаҳримизда иккита хусусий мактаблардан: «Iknow school”– 1 та олтин медал, “Бухоро мактаби” – 7 та олтин медални қўлга киритишди.
Иброҳимжон 2007 йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган. Икки уканинг акаси. Ҳозирги кунда олий таълим муассасасига ўқишга кириш тайёрланмоқда.
-Иброҳимжон, миллионлаб битирувчилар орасида “Олтин медал”га сизни муносиб кўришганида қалбингизда қандай ҳислар ўтди?
-Бугунги технология замонида таълим олиш жуда осон. Биз ёшлар ҳар қандай билимни тез ўрганадиган ёшдамиз. Юқори синфга ўтганимдан кейин, яхши ўқиб, мактабни битирганимда албатта, «олтин медал» оламан деб ният қилардим. Мана, бугун битта мақсадимга эришдим. Инсон мақсад қилса тўхтамай ҳаракат қилиши керак. «Олтин медал»га муносиб кўришганида, ичимда фахланиш ҳиссини туйдим. Ўз-ўзимдан ғурурландим. Ота-онам, устозларим олдидаги ваъдамнинг устидан чиқа олдим деган ҒОЛИБЛИК ҳисси пайдо бўлди. Тўғри, балки бу натижа кимлар учундир оддийдир. Бироқ, бу мен учун келажагимнинг бошланиши.



- Оилада сизнинг тарбиянгиз балан ким шуғулланган? Бугунги кунда деярли барча ота-оналар ишлайди?
- Бир китобда ўқигандим: Тарбия ўргатилмайди-амалда кўрсатилади, деб. Аввало, ота-онам, қолаверса бувижонларим Дилором ая ва Раҳима аялар шуғулланишган. Дилором бувижоним бирон бир хато қилиб қўйган кезларимизда бизларга ҳар хил эртаклар ва ҳадислардан мисоллар келтириб, хатоларимизни тўғирлашга одатланган. Шунинг учунми мен билимдан кўра ИНСОНИЙЛИКни афзал кўраман. Кўча-кўйда ота-онангга раҳмат, деган сўзни эшитсам, бувижоним нақадар гўзал тарбия берган экан-а, деган қувонч ўтади қалбимдан.
-Бугунги кунда нималар билан бандсиз?
-Биринчи навбатда олий таълим муассасига ўқишга киришга тайёрланяпман. Қолаверса, ўзим қизиққан мобилография бўйича ўқув курсларида таҳсил оляпман. Ўзимда қизиқиш бўлгани учунми бу соҳада бугунги кунда даромадга ҳам эришдим. Шаҳримиз ҳаётидан олинган катта-кичик видеолавҳаларим кўпчиликнинг эътиборига тушди.
-Келажакдаги мақсадларингиз.
-Мақсадларим жуда кўп. Насиб бўлса, маркетинг йўналиши бўйича таҳсил олиб, юртимиз корига ярайдиган кадр бўлиб камол топиш. Қизиқишларимни даромадга айлантириш. Ота-онам, бувижонимнинг дуоларини олиб, ишончини оқлаш.
P/S. Ёш бўлишига қарамай, ўз мақсадига эга бўлган Иброҳимжоннинг ишларига омад тилаб қоламиз. Мақсад инсонни уйғотади. Юртимизда қалби уйғоқ ёшларимиз кўпаяверсин.
Мухлиса Тошпўлатова.