Ёшлик – такрорланмас онлар, гўзал лаҳзалар, тўрт фасли ҳам баҳор бўлган давр. Бу даврда тоғларни талқон қилгудек шижоат, дунёни ранг-баранг кўришдек қалб гўзаллиги ҳамроҳ бўлади.
Бугунги кун ёшларини кўриб, ҳавасинг келади одамнинг. Барча шароитлар мавжуд. Чет элда ўқиш дейсизми, турли хил давлат грантларидан тортиб, технология ҳам фақат ёшлар учун хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг эътибори ҳам ёшларга қаратилган.
30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан “Олмалиқ КМК” АЖ таркибидаги 3-Мис бойитиш фабрикасида кўтаринки руҳда тадбирлар ўтказилди. Унда ёш ходимларнинг салоҳияти, ташаббускорлиги ва эгаллаган билимлари эътироф этилди. Тадбирда ёш ишчи ва муҳандис-техник ходимлар ўртасида спортнинг “Эстафета” ҳамда “Киберспорт” турлари бўйича қизғин мусобақалар ташкил этилди.
“Эстафета” спорт мусобақасида “Майдалаш цехи” таъмирловчи-чилангари Эрали Шералиев, «Таъмирлаш механика цехи” электргазпайвандчиси Лочинбек Оролов, ММКС ва ФС компрессор қурилмалари машинисти Гулзода Хасанова, О ва ТСТС электромонтёри Севинч Шералиевалар рақибларидан устунлик қилиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритишди.
“Киберспорт” мусобақаси ғолиблиги эса Оқова ва технологик сув таъминоти цехи жамоасига насиб этди.
Қолаверса, тадбирда ёшларнинг билим салоҳиятини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган “Ёш китобхон – 2025” кўрик-танлови тадбирга ўзгача файз бағишлади. Китобхонлик танловида III ўрин – Янчиш ва флотациялаш цехи оператори Абдуллоҳ Эрматов, II ўрин – Мис молибден концентрацияларини саралаш ва фильтрлаш цехи флотатори Севинч Абдугофуровага ҳамда танловнинг фахрли I ўрнини Хўжалик участкаси омборчиси Маҳзуна Саидхонова қўлга киритди.
Тадбир давомида 3-МБФ да фаолият кўрсатаётган, ҳар жабҳада сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган бир қатор илғор ёшлар ҳам муносиб эътироф этилди. Ғолиб ва фаол ёшларга ОКМК АЖ ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.



М.АЛИМОВА,
3-Мис бойитиш фабрикаси касаба уюшмаси қўмитасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси.