Қизлигимда ойнага қарасам, ойнага қарайверма дадангларни олдида, эрга тегмоқчи бўлган қизлар ойнага қарайди, деб койиб берарди бувим. Бугунги кунда ўзим ойнага қарагим келмайди. Қарашга ботинолмайман. Қошим, кипригим, сочларим…
Ҳамма қатори мен ҳам орзу қилиб гўшангага келин бўлдим. Ичимда минг ҳаяжон, мингта ҳадик. Янги оилам мени қабул қила олармикан? Қайнона-қайнотам ўз қизларидек меҳр кўрсатадими? Тўйимизга уч кун ўтиб, тонг саҳардан танлаб-танлаб, ишониб турмуш қурган инсонимдан юзимга шапалоқ тортилди. Чўчиб кетдим. Онасининг айтиши бўйича, тонгда туриб молларга емини бермапман. Музлаб қолдим. Ахир бу юмушлар эркакларнинг вазифаси-ку, дедим бўғзимга аламим тиқилиб. Турмуш ўртоғим, бу уйда ҳамма ишни аёллар қилади, чидасанг шу, деди важоҳат билан. Жуда қўрқдим. Ишонсангиз ич-ичимдан хўрлигим келди. Болаларимиз туғилди. Турмуш ўртоғимдан ҳеч қандай меҳр кўрмай, кўзёшларимни симириб яшайвердим. Йиллар меҳрга зор юрагимни музлатиб бораверди. Уч ўғлим ҳам отасидек қўрс, аёлларни ҳурмат қилмайдиган, қасд қилувчи бўлиб улғайди. Уларни ҳеч ҳам тарбиялай олмадим. Айни ўғилларимни уйлаб, келин оладиган пайтимда соғлиғим ёмонлаша бошлади. Ҳолсиз бўлиб қолдим. Шифокорларга учрадим, яхшисиз, чарчагандирсиз, деб уйга жавоб бераверди.
Бир куни бир танишим жуда озиб кетганимдан хавотирланиб, юр, онкологияга бориб кўринайлик, деса бўладими. Ичимдан зил кетдим. Наҳотки, ўламанми дедим. Бордик, текширувлар натижасида аниқ бўлдики, аёллик аъзойимда саратон аниқланди. Тинимсиз йиғладим. Уйга келгим келмади. На эримни, на фарзандларимни кўришни истадим…
Мана, бугун 4-«химиям»ни олишга келдим. Эрим бошимда парвона, уч ўғлим ҳам. Афсуски, энди бу сохта меҳр менинг кўнглимга малҳам бўла олмайди. Мен бу касалликни меҳрсизлик касали бўлса керак дедим. Шунча йил ноҳақ азобланиб келдим, меҳга зор бўлдим. Эримдан ажрашмоқчи бўлиб, неча маротаба уйимга кетиб қолдим. Ота-онам яшайсан, деб қайтариб олиб келаверди. Ишонасизми, бугун ҳаммадан, оламдан қаттиқ хафаман. Бир аёлни Аллоҳим ожиза қилиб яратганига қарамай, нега уни калтаклашади, хўрлашади, азоблашади, камситишади? Қўлига гуллар ўрнига супурги, қалбига меҳр ўрнига қўрқиш ҳиссини совға қилишади?
Менинг бу дардим қаҳрдан, ичимдаги сўзларимни айта олмаганимдан, зардаларга, силтанишларга чидаб яшаганимдан келган дард. Ҳеч қайси касаллик ўз-ўзидан келиб қолмайди. Аёллар, кетиш керак жойдан кетинг. Ўзингизни, танангизни севинг! Шундагина ҳамма сизни севар экан. Ҳеч қачон калтакларга, силташларга ўзингизни раво кўрманг. Акс ҳолда менга ўхшаб, чорасиз қолиб кетасиз!
МАЛОҲАТ.